Футболни ривожлантиришда замонавий ёндашув зарур
  • 24 Ноябрь 2017

Футболни ривожлантиришда замонавий ёндашув зарур

Футбол дунёдаги энг оммабоп спорт тури сифатида таърифланади. Қатор мамлакатларда у спорт ҳаракатидан саноат даражасигача кўтарилган.

“Миллионлар ўйини”, дейилиши ҳам бежиз эмас. Чунки футболни деярли ҳамма яхши кўради. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам унга ошно тутинганлар, уни севиб томоша қиладиганлар кўпчиликни ташкил этади. Масалан, айни пайтда юз минглаб болажонлар мазкур спорт тури билан мунтазам шуғулланишмоқда. Улар келажакда юксак марраларни эгаллашни, жаҳон миқёсида машҳур бўлишни орзу қилишади.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз бўйлаб стадионлар қуриш ва мавжудларини реконструкциялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Маҳаллалар ҳамда умумтаълим мактаблари ҳудудида минглаб замонавий кичик футбол майдонлари барпо этилди, ўсмирлар ўртасида эса турли мусобақалар ўтказиб келинаётир.

Бугунги кунда олий лигамиздаги “Бунёдкор”, “Пахтакор”, “Насаф”, “Машъал” каби футбол клублари қошидаги академияларда истеъдод эгалари тарбияланаяпти. Бу масканлар битирувчилари орасида халқимиз меҳрини қозонган ва айни пайтда хориж жамоаларида тўп сураётганлар борлиги кишини қувонтиради. Чунончи, Одил Аҳмедов, Фозил Мусаев, Сардор Рашидов, Элдор Шомуродов сингари спортчиларимиз фахримизга айланган. Миллий чемпионатимизда ҳам ана шу академияларни тамомлаб, ўз салоҳиятини намоён қилаётганлар бисёр.

Дарҳақиқат, бугун ўзбек футболида катта ўзгаришлар рўй бераяпти. Футбол федерациямизнинг янги раҳбарияти, аввало, болалар ҳамда ўсмирлар футболини янада ривожлантириш учун зарур чоралар кўрмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси билан ҳамкорликда қабул қилинган “Болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш тўғрисида”ги қарор ёшларни тарбиялаш, клублар салоҳиятини ошириш ҳамда иқтидорли ўйинчиларни излаб топиш сифатини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бу жараёнда бевосита чет эл тажрибасидан фойдаланиш ҳам айни муддао саналади. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Германия тажрибасини чуқур ўрганиш анча қўл келиши мумкин. Мазкур давлат миллий терма жамоаси дунёдаги энг кучлилардан бири ҳисобланади. У тўрт карра жаҳон ва уч бор Европа чемпионлигини, шунингдек, Конфедерациялар Кубоги ғолиблигини қўлга киритган. Кейинги йилларда немис ёшлари терма жамоаси ҳам жаҳон ҳамда Европа биринчиликларининг ўнта кубогига сазовор бўлгани, йигирмата соврин ютиб олгани, айниқса, диққатга сазовор.

Бугунги кунда Германияда 26 мингга яқин футбол клублари мавжуд. Мамлакатнинг барча ҳудудида болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари (БЎСМ) фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу масканларда 11 ёшдан 15 ёшгача бўлган 150 минг нафар бола таълим олади. Бундан ташқари, ёш футболчиларни тайёрлаш учун 366 та машғулот маркази (улардан 74 таси элита) ҳамда 387 та футбол майдони ташкил этилган.

Сўнгги пайтларда Германиянинг ушбу йўналишда муваффақият қозонишининг асосий омили 2002 йилда қабул қилинган “Talentfoеrderung” истеъдодли футболчиларни ривожлантириш федерал Дастури ҳисобланади. Ушбу ҳужжат футбол мактаблари ва клубларга 300 та мезондан иборат қатъий талабларни қўяди. Уларни бажара олмаган жамоалар йирик мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Бу ҳам бизнес

Футбол — Германияда тадбиркорликнинг истиқболли йўналишларидан бири. Германия Бундеслигаси маълумотларига кўра, 2015/2016 йилларда футболдан олинган жами даромад 3,5 миллиард АҚШ долларидан ошди. Бунда асосий фойда манбалари фақатгина учрашувлардан эмас, балки трансляция, бренд маҳсулотларни сотиш ҳамда реклама ҳуқуқидан келиб тушган. Хусусий сектор футболнинг барча йўналишини, хусусан, БЎСМга ҳомийлик кўрсатишдан тортиб, бренд маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реклама қилишни мунтазам равишда кузатиб боради. Демак, футбол мустақил тарзда давлатнинг қўшимча ҳаракатларисиз ривожланиши ҳам мумкин.

Ўзига хос танлов жараёни

Бугун ёш футболчиларни мамлакат бўйлаб мингдан ортиқ профессионал скаутлар кузатиб боради. Уларнинг ҳар бири 20 — 30 клубнинг ўйинчилари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишга масъулдирлар. Ҳар йили бир вақтнинг ўзида 14 минг ўсмир ана шундай мутахассислар нигоҳида бўлади. Скаутларнинг тавсиясига биноан, футболда энди атак-чечак қилиб юрган болаларнинг энг яхшилари минтақавий академияларга, у ердан эса клубларга юборилади. Кузатувчилар ўйинчиларни нафақат беллашувлар давомида, балки машғулотлардаги интилиши ҳамда тест жараёнлари орқали ҳам танлайди. Мактабга тайёргарликдан ташқари, мамлакат мажбурий таълим дастурига Германия футбол федерациясининг 20 та махсус машғулоти киритилган. Шунингдек, мазкур жараёнда спорт институтлари ва ихтисослаштирилган корхоналар ходимлари томонидан икки марта тест ўтказилади.

Кенг қамровли таълим

Академияларда ёш футболчилар билан мунтазам равишда ижтимоий педагогика, шахсий ўсиш, соғлом турмуш тарзи ҳамда бошқа йўналишлар бўйича мутахассислар ишлайди. Бундан ташқари, болаларга оммавий ахборот воситалари ходимлари билан муомала қилиш ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш бўйича ҳам курслар ўтилади. Пировардида 16 ёшга етган футболчи моҳирона интервью бера олади.

Қисқаси, немис футболининг ўқитиш тизими ўз ҳаётини катта футбол билан боғлашга қодир бўлган БЎСМ тарбияланувчилари келажагига масъул этиб белгиланган.

Шу жиҳатдан ҳам Германия тажрибасини ўрганиш фойдадан холи эмас. Экспертлар фикрича, у футбол соҳасида мутахассисларни тайёрлаш сифати ҳамда қайта тайёрлашни яхшилашда асқатади. Шунингдек, иқтидорли ёш футболчиларни танлаб олиш ва футбол мактабларининг фаолиятини қатъий мезонларда баҳолашда қўл келади.

Демак, Германия футбол федерацияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, немис экспертларининг Ўзбекистонга ташрифларини мунтазам амалга ошириш, шунингдек, республикамизда тегишли идоралар билан бирга футболни ривожлантириш бўйича махсус стратегия ишлаб чиқиш ҳамда унда мамлакатимизда ихтисослаштирилган олий ўқув юртларининг тажриба алмашишини ташкил қилиш ўта зарурдир. Республикамиз футбол жамоалари ва мактабларига ҳомийлик кўрсатишга тайёр компаниялар ҳамда шахсларни имтиёзлар бериш орқали рағбатлантириш ҳам муҳимдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги 

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

материаллари асосида 

Омонулла ФАЙЗИЕВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn