Пойтахтимиз — нуфузли мусобақалар мезбони
  • 27 Май 2014

Пойтахтимиз — нуфузли мусобақалар мезбони

Тошкентда бир йўла икки нуфузли халқаро мусобақа — таэквондо (WTF) бўйича XXI ва таэквондо “Пумсе” бўйича III Осиё чемпионатлари бошланди. Осиё таэквондо иттифоқи, Ўзбекистон таэквондо (WTF) ассоциацияси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур қитъа биринчиликларида ўттиздан зиёд давлатдан 400 нафарга яқин спортчи ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.

25 май куни “Ўзбекистон” спорт мажмуасида таэквондо (WTF) бўйича XXI ва таэквондо “Пумсе” бўйича III Осиё чемпионатларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида спортга давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилиб, бу борада зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Кенг имкониятлар боис спортнинг Олимпиада дастуридан ўрин олган таэквондо (WTF) тури жадал ривожланаяпти. Бунда 1992 йилда Ўзбекистон таэквондо (WTF) ассоциациясининг ташкил этилгани, у 1993 йилда Жаҳон таэквондо федерациясига аъзо бўлгани алоҳида аҳамият касб этаётир. Амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, ҳозир юртимизда йигирма мингдан ортиқ ўғил-қиз таэквондо билан мунтазам шуғулланмоқда. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида таэквондо бўлими фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда малакали мутахассис ва мураббийлар тайёрланаяпти. Мамлакатимиздаги олимпия захиралари коллежлари, ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактабларида таэквондо (WTF) бўлимлари, спорт секциялари ва тўгараклари маҳоратли спортчиларни тарбиялашга хизмат қилаётир.

Ана шундай юксак эътибор туфайли ўзбекистонлик таэквондочилар кўплаб нуфузли халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда. Жумладан, Рашид Аҳмедов ўсмирлар, Эдуард Хегай ва Акмал Эргашев катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида кумуш, Евгений Ли ҳамда Ирина Дергач бронза медалларига сазовор бўлган. Осиё ўйинлари ва қитъа чемпионатларида ҳамюртларимиз умумий ҳисобда йигирмата медаль жамғаришган. Фахрланарли жиҳати, таэквондо (WTF) бўйича Ўзбекистон терма жамоаси дунёнинг энг кучли ўн жамоасидан бири сифатида эътироф этилган.

— Ўзбекистонда спортга бўлган юксак эътибор, халқаро талабларга тўла жавоб берадиган замонавий спорт мажмуаларининг мавжудлиги юртингизда ҳар қандай йирик мусобақани юқори савияда ўтказиш имконини беради, — дейди Осиё таэквондо иттифоқи раҳбари Ли Кю Сок. — 2010 йилда Тошкент шаҳрида таэквондонинг “Пумсе” йўналиши бўйича бешинчи жаҳон чемпионати зўр муваффақият билан ташкил этилган эди. Ишончим комил, Осиё чемпионатлари ҳам ана шундай кўтаринки руҳда ўтади.

Қайд этиш жоиз, таэквондо (WTF) ёзги Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган бўлиб, мазкур спорт тури бўйича мусобақалар 2000 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Ўзбекистонлик таэквондочилар 2008 йилда Афина, 2012 йилда Лондон шаҳри мезбонлик қилган ҳар тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт анжуманида муносиб иштирок этишган.

Вакилларимиз эндиликда асосий эътиборни 2016 йилда Бразилияда бўладиган навбатдаги ёзги Олимпиада ўйинларига муносиб тайёргарлик кўришга қаратишган. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро (Бразилия)да бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон таэквондо (WTF) ассоциацияси минтақавий федерациялар фаолиятини кучайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, машғулот ва мусобақаларни замонавий талаблар даражасида ташкил этиш, халқаро майдонда юксак натижалар кўрсатишга қодир спортчиларни саралаб бориш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.

Пойтахтимизда ўтказилаётган XXI Осиё чемпионатида спортчилар совринли ўринлар билан бирга, навбатдаги ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмалари рейтинг очколари учун ҳам баҳс олиб боришмоқда. Мусобақа регламентига кўра, ўз вазн тоифасида 1 — 6 ўринларни қўлга киритган таэквондочилар ана шундай имкониятга эга бўладилар.
XXI Осиё чемпионатида Ватанимиз шарафини 12 нафар спортчи ҳимоя қилаяпти. Таэквондо “Пумсе” бўйича қитъа биринчилигида 16 нафар ҳамюртимиз ўз имкониятини синаб кўрмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn