Гимнастикачиларимиз муваффақияти
  • 27 Май 2014

Гимнастикачиларимиз муваффақияти

Пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича ташкил этилган Жаҳон кубоги босқичи ва “Happy Caravan” халқаро турнири якунланди.

Халқаро гимнастика федерацияси шафелигида Ўзбекистон Гимнастика федерацияси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур нуфузли мусобақаларда Ўзбекистон, Хитой, Жанубий Корея, АҚШ, Япония, Чехия, Жанубий Африка Республикаси, Малайзия, Мексика, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь Республикаси, Вьетнам, Исроил, Ҳиндистон, Италия, Латвия, Россия, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон каби давлатлардан 100 нафардан зиёд спортчи совринли ўринлар учун кураш олиб борди.

...Бугун юртимиз кўркига кўрк қўшиб турган муҳташам спорт мажмуалари, стадионлар, теннис кортлари, сузиш ҳавзалари, гимнастика марказлари соғлом авлодни тарбиялаб, иқтидор эгаларини кашф этиш ва уларнинг нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этишни таъминлашга хизмат қилаётгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Мамлакатимизда бадиий гимнастикага катта эътибор замирида эса, шубҳасиз, қизларни ҳам жисмонан, ҳам эстетик жиҳатдан тарбиялаш, уларнинг соғлом бўлиб камол топишларига эришишдек эзгу мақсад мужассам. Булар, ўз навбатида, аҳоли орасида ушбу спорт турига бўлган қизиқишни кучайтириб, бўлажак гимнастика юлдузларини юзага чиқариш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Айнан шу жиҳатлар пойтахтимизда ўтган бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи ва “Happy Caravan” халқаро турнири мисолида яна бир бор ўз ифодасини топди.
Миллатлараро ҳамжиҳатлик, соғлом турмуш тарзию нафисликнинг ўзига хос тимсолига айланган мазкур нуфузли тадбирларда ҳар бир қатнашчи бор маҳоратини ишга солди. Беллашувларда терма жамоамиз аъзолари ҳам совриндорлар қаторидан ўрин олгани барчамизни хушнуд этди.

Хусусан, “Happy Caravan” халқаро турнири гуруҳлар ўртасидаги алоҳида гимнастика предметлари ёрдамида машқ бажариш бўйича ўтказилган финал мусобақасида булава ва ҳалқа ёрдамида машқ бажарган Комила Рустамова, Фарангиз Аҳмедова, Сабрина Рамазонова, Гўзал Райманова, Ирина Салех ва Карина Тоғаевадан иборат гуруҳ олтин ва кумуш медални қўлга киритди. Асал Аҳмедова, Саида Давидова, Нигина Қудратуллаева, Юлия Нуштаева ва Елена Грубовадан иборат яна бир гуруҳимиз иккита бронза медалига сазовор бўлди.

Яккаликлар ўртасидаги баҳсларда ҳамюртимиз Анора Давлатова булавада, Нилуфар Шомуродова тўп билан машқ бажаришда бронза медали билан тақдирланди.
Бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Елизавета Назаренкова булавада машқ бажаришда бронза медалини қўлга киритди.
Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида гимнастикачи қизлар ва мамлакатимиз санъат усталари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn