Карлес Пуйоль: Ўзбекистон — бағрикенг, меҳмондўст, спортни ардоқлайдиган мамлакат
  • 09 Ноябрь 2017

Карлес Пуйоль: Ўзбекистон — бағрикенг, меҳмондўст, спортни ардоқлайдиган мамлакат

9 ноябрь куни юртимизга дунё футболи юлдузи, Европа ва жаҳон чемпиони, испаниялик Карлес Пуйоль ташриф буюрди.

Ўзбекистон Футбол федерациясидан маълум қилишларича, машҳур спортчининг ушбу сафари Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) президенти Жанни Инфантино томонидан уюштирилган бўлиб, бу орқали ФИФА мамлакатимизда футболни янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш ва  “миллионлар ўйини”нинг оммавийлигини оширишга ҳисса қўшишни мақсад қилган.

Карлес Пуйоль ташрифи доирасида республикамиз футбол академиялари тарбияланувчилари учун маҳорат дарслари ўтказди. Шунингдек, Ўзбекистон олий лигаси 28-туридан ўрин олган “Пахтакор” ва “Олмалиқ” жамоалари ўртасидаги ўйинни бевосита “Пахтакор” стадионидан туриб томоша қилди.

Испания терма жамоаси ва “Барселона” клубининг собиқ сардори иштирокида матбуот анжумани ҳам уюштирилди.

— Ўзбекистонга илк бор 2008 йилда келганман, — дейди Пуйоль. — Ўша пайтдаги ёрқин таассуротларни ҳамон эслайман. Яна бир бор ушбу ажойиб, бағрикенг, меҳмондўст, спортни ардоқлайдиган мамлакатга ташриф буюрганимдан беҳад хурсандман.

...Гарчи Ўзбекистон терма жамоаси 2018 йилда Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга кирита олмаган бўлса-да, футболни ривожлантириш мақсадида юртингизда амалга оширилаётган бугунги саъй-ҳаракатлардан келиб чиқиб, келгуси мундиалга борасизлар, деб умид қиламан. Чунки мамлакатингизда ёшларга, иқтидорли футболчиларга қаратилаётган эътибор ҳавас қиладиган даражада.

Айни пайтда ФИФАнинг “FIFA legend” лойиҳасида фаолият юритаяпман. Ўзбекистонга ташрифим, ёш футболчиларга маҳорат сабоқлари ўтказилиши ва шу орқали “миллионлар ўйини”нинг оммавийлигини оширишга улуш қўшиш лойиҳамиз доирасидаги тадбирлар сирасига киради.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn