Китоб ўқийдиган спортчи ҳаётда ҳам, беллашувда ҳам ақл билан иш тутади
  • 01 Ноябрь 2017

Китоб ўқийдиган спортчи ҳаётда ҳам, беллашувда ҳам ақл билан иш тутади

 

Миллий курашимиз тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Айтишларича, ўша -вақтларда “Алпомиш”, “Гўрўғли” достонларидаги каби чинакам афсонавий қаҳрамонлар вояга етган экан. Нима бўлганда ҳам, аждодларимиз руҳияти, орзу-умидлари, она-Ватанга муҳаббати, мардимайдонлиги асрлар чегарасидан ўтиб келаётган ана шу ўлмас асарларда мужассам.

— Мен юртимиз тарихига қизиқаман, — дейди жорий йилда Эронда ўзбек миллий -кураши бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионати ғолиби Мадиёр Эркинов. — Буюк боболаримиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган бадиий асарлар жону дилим. Биласизми, аввало, китоб менга ғолиблик кайфиятини бағишлайди, десам, муболаға бўлмайди. Чунки мутолаа кишини фикрлашга ўргатади. Амир Темур бобомизнинг “ўазабни тий, ақлни устун кўр”, деган ўгитлари мазмунини қалбан биринчи бор мағлуб бўлган чоғимда ҳис этганман. Шундан сўнг, ичимда бир сиру синоат содир бўлган. Гиламда бошқалар илғай олмайдиган нарсаларни элас-элас кўра бошладим. Курашда ҳам кўпгина спорт турларида бўлгани каби куч эмас, зеҳн ҳал қилувчи аҳамиятга эга экан.

— Воҳамизда Мадиёрга ўхшаган иқтидорлар кўп, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, Ўзбекистон кураш федерацияси вилоят бўлинмаси ижрочи директори Савриддин Умаров. — Масалан, ёшлар ўртасида Ҳиндистонда ташкил этилган жаҳон чемпионати ғолиби Шаҳрам Аҳадов 2016 йилда “Йилнинг энг яхши курашчиси” деб топилди. 

Мардлик, бағрикенглик, олижаноблик ва ҳалоллик тимсоли бўлган кураш миллий спорт тури хусусида тўхталсак, у айни дамда янги босқичга кўтарилмоқда. Бунга Президентимизнинг шу йил 2 октябрдаги “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Қарорга мувофиқ, соҳанинг моддий-техника базаси мустаҳкамланади. Курашни оммалаштириш ва ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ниятида вилоят марказларида “Кураш” миллий спорт тури марказлари, ҳар бир туман (шаҳар)да эса замонавий спорт клублари ва секциялари ташкил қилинади. Кураш бўйича Осиё ўйинлари, Осиё ва жаҳон чемпионатлари, қолаверса, Ўзбекистон биринчилиги ғолибларини олий ўқув юртларига имтиёзли қабул қилиш тартиби ҳам жорий этилади. Яратилаётган қулайлик ва имтиёзлар эса, ўз навбатида, зиммамиздаги масъулиятни янада оширади.

Давлатимиз раҳбарининг курашни янада ривожлантиришга оид қарорини халқаро мутахассислар эътироф этиб, уни тарихий ҳужжат сифатида баҳолашмоқда. Жорий йил 20 сентябрда Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Олимпия кенгаши Бош ассамблеясида кураш ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилгани расман эълон қилингани ҳам буни -тасдиқлайди.

— Вилоятимиз курашчиларининг республика мусобақаларидаги иштироки ҳақида сўз -юритадиган бўлсак, ҳар йили 500 нафардан зиёд полвонларимиз Ўзбекистон чемпионатлари ва кубоги мусобақаларида ўз кучларини синаб кўришмоқда, — дея сўзини давом эттирди С. Умаров. — Шу йилнинг ўтган даврида тақвимда кўзда тутилган 11 турнирдан 9 таси ўтказилди. Уларда вилоятимиздан 500 га яқин курашчилар қатнашди. Жами 122 нафар вакилимиз совринли ўринларни эгаллади. Халқаро миқёсдаги кураш мусобақаларида ҳам спортчиларимиз яхши натижаларга эришмоқдалар. 

Маълумот сифатида айтиш мумкинки, ҳозир вилоятда 10 минг нафардан зиёд ўғил-қизлар кураш билан мунтазам шуғулланмоқда. Мактаб, маҳалла, коллежлардаги жами 86 та залда машғулотлар ўтказилаяпти. Президентимиз қарори асосида яратиладиган улкан шарт-шароитлар туфайли Ўзбекистон номини жаҳон миқёсида шарафлашга ҳисса қўшадиган курашчилар сафи янада кенгайиши, шубҳасиз. 

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn