Пухта ҳозирлик, ғалабага иштиёқ
  • 21 Май 2014

Пухта ҳозирлик, ғалабага иштиёқ

Қашқадарёлик ёшлар ҳам “Баркамол авлод” спорт мусобақаларининг финал босқичига қизғин тайёргарлик кўришмоқда. Айтиш жоизки, ушбу вилоятда йилдан-йилга спорт инфратузилмаси такомиллаштирилиб, барча шарт-шароит тобора яхшиланиб бораётгани туфайли минглаб ўғил-қизлар Олимпиада дастуридан ўрин олган спорт турларини пухта ўрганиш, нуфузли беллашувларга муносиб тайёрланиш имкониятига эга бўлишаяпти.

Жумладан, бугунги кунда Қарши шаҳрининг ўзида учта стадион, замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган спорт-соғломлаштириш марказлари ва мажмуалари фаолият кўрсатмоқда. Қарши олимпия захиралари спорт коллежи, Ахборот технологиялари коллежи, болалар спорти мажмуалари ҳамда олий ўқув юртларидаги спорт иншоотларининг моддий-техника базаси ҳавас қилгулик даражада. Ҳозирги вақтда айнан шу масканларда “Баркамол авлод — 2014”нинг ҳал қилувчи босқичи олдидан ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилаётир.
— Бу галги мусобақалар дастурига бокс, оғир атлетика, дзюдо ва таэквандо (WTF) қўшилиб, ғолиблар номи жами 16 та спорт тури бўйича аниқланади, — дейди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бош услубчиси Шуҳрат Абдураҳмонов. — Ана шулар бўйича ташкил этилган саралаш беллашувларида муваффақиятли иштирок этган 79 нафар ўсмир ва қиздан терма жамоа шакллантирилди. Бу ёшлар ўз маҳоратларини нафақат машқ жараёнида, балки турли мусобақаларда ҳам ошириб боришаяпти. Айтайлик, сузиш бўйича Тошкент шаҳрида  ўтказилган республика кубогида вилоятдаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 15 нафар ўқувчиси қатнашди. Улар Наманганда бўладиган беллашувларда вилоят шарафини ҳимоя қилишади. Умуман, “Баркамол авлод — 2014” спорт ўйинларининг финал босқичида вакилларимизнинг оғир атлетика, эркин кураш, шахмат, қўл тўпи, футбол, бадиий гимнастика, таэквандо (WTF) бўйича имкониятлари юқори баҳоланмоқда. Жамоаларимиз таркибида олтин медалларга даъвогарлик қиладиган иқтидорларимиз бор.
Дарҳақиқат, Ш. Абдураҳмонов айтганидек, бошқа спорт турларида ҳам муваффақиятга эришаётган ёшлар вилоят терма жамоасига жалб қилинган. Жумладан, қўл тўпини олайлик. Ўтган йили 1997/1998 ва 1999/2000 йилларда туғилган қизлардан иборат икки жамоа халқаро турнирда қатнашиб, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллашди.
— Ушбу мусобақа “Баркамол авлод” ўйинларига тайёргарлик доирасида биз учун жуда фойдали бўлди, — дейди Ғузор қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дилдора Бўриева. — Беллашувлар давомида рақибларимизнинг ўйин услубидаги муҳим жиҳатларни кузатдик, таҳлил қилдик, ўзимизнинг услубларимиз билан таққослаб кўрдик. Умуман, халқаро турнирдан кўп нарса ўргандик.
Юртимизда спортни оммалаштиришдан кўзланган асосий мақсад, аввало, жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашдан иборатдир. Бунинг аҳамиятини Президентимиз жуда кўп ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб берганлар. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида давлатимиз раҳбари, жумладан, шундай деган эдилар: “Бизнинг мана шу қисқа — йигирма икки йиллик янги тарихимизда мустақилликка эришиш, миллий давлатчилигимиз, эртанги кунимизни қуришда, юртимизни турли бало-қазолардан асрашда, Ўзбекистонимизнинг ривожланган демократик давлатлар қаторига кириши, жаҳон майдонида муносиб обрў топишида энг асосий омиллар нима деб сўраса, мен, бошқа мезонларни инкор этмаган ҳолда, бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтган бўлардим: бу йўлдаги энг муҳим омил — бу ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмасдан, бошини баланд кўтариб яшайдиган, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга, халқимиз интилаётган келажаги буюк давлатни барпо этишга қодир бўлган баркамол авлодимиз, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан”.
Мана шу сўзларнинг ўзиёқ юртимизда келажагимиз бўлмиш ёшлардан умидимиз катта эканлигини англатади.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn