Муросасиз баҳслар якуни
  • 15 Октябрь 2017

Муросасиз баҳслар якуни

Пойтахтимиздаги Республика олимпия захиралари теннис мактаби кортларида бир ҳафта давом этган “Таshkent Challenger” халқаро турнири якунланди.

Мусобақанинг финал учрашувида испаниялик Гильермо Гарсия-Лопес Польша вакили Камил Майхржак билан баҳс олиб борди.

Ярим финал учрашувида ҳамюртимиз Денис Истоминни мағлуб этган тажрибали Гарсия-Лопес ҳал қилувчи беллашувда ҳам рақибини 6:1, 7:6 ҳисобида енгиб, турнир ғолибига айланди.

Шунингдек, жуфтлик баҳсларининг бош соврин эгалари маълум бўлди. Чилилик Ханс Подлипник-Кастильо ва беларуслик Андрей Василевский тандеми финалда ҳиндис-тонлик теннисчилар — Юки Бхамбри ҳамда Дивиж Шаранни икки сетда 6:4, 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Рустамнинг аҳди қатъий

“Рио — 2016” Олимпиадасининг бронза медаль соҳиби Рустам Тўлаганов профессионал боксга ўтди. Юртдошимиз шу кунларда АҚШда ўзининг дастлабки жангига мексикалик мураббийлар бошчилигида тайёргарлик кўрмоқда.

Р. Тўлаганов 28 октябрда Чикаго шаҳрида “Top Rank” промоутерлик компанияси ташкилотчилиги остида уюштириладиган мусобақа кечасида рингга кўтарилади. Ҳозирча унинг рақиби маълум эмас.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, яна бир истеъдодли боксчимиз, Олимпиада чемпиони Фазлиддин ўоибназаров ҳам “Top Rank” компанияси аъзоси ҳисобланади.

Йўлланма учун курашади

Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 2018 йилги Осиё чемпионати финал босқичи йўлланмаси учун саралаш турнирида иштирок этади.

Марказий ва Жанубий Осиё минтақасининг ўтиш беллашувлари 15 — 17 октябрь кунлари Эроннинг Табриз шаҳрида бўлади.

Баҳодир Аҳмедов бош мураббийлигидаги футзалчиларимиз “А” гуруҳида Қирғизистон, Туркманистон ҳамда Непал терма жамоаларига қарши баҳс юритади. “B” гуруҳида мезбонлар Афғонистон ва Тожикистон вакиллари билан куч синашади.

Гуруҳларда 1 ҳамда 2-ўринларни эгаллаган жамоалар 2018 йилнинг 6 — 18 февраль кунлари Хитой Тайпейида ўтказиладиган қитъа чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Суннатилла ИСЛОМОВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn