Бўлажак баҳсларга ҳозирлик қизғин
  • 17 Май 2014

Бўлажак баҳсларга ҳозирлик қизғин

“Баркамол авлод” мусобақалари юртимизда шаклланган уч босқичли тизимнинг ўрта бўғини сифатида ёшларнинг спорт борасидаги маҳоратини оширишда ўзига хос ўрин тутади. Биласиз, бу йил ана шу беллашувларнинг республика босқичига Наманган вилояти мезбонлик қилади. Айни кунларда Сурхондарё вилояти терма жамоаси аъзолари ҳам бўлажак баҳсларга катта иштиёқ билан тайёргарлик кўришмоқда.

Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасидан билдиришларича, якуний босқичда воҳа шарафини эркин ва юнон-рум кураши, енгил атлетика, теннис, стол тенниси, шахмат, сузиш, бадиий гимнастика, бокс, оғир атлетика, таэквандо ВТФ ҳамда дзюдо спорт турлари бўйича 51 нафар ўсмир ҳимоя қилади. Уларнинг мусобақаларга пухта ҳозирланишлари учун замонавий шарт-шароитларга эга мажмуалар, жумладан, Термиз олимпия захиралари коллежи спорт зали, “Сурхон” спорт мажмуаси, “Дельфин” сузиш ҳавзаси, “Алпомиш” кураш мажмуасида машғулотлар ташкил этилган. Тайёргарлик жараёнлари малакали мураббий ва мутахассислар томонидан кузатиб борилмоқда.
— Вилоятимиздаги  5 та академик лицей ва 116 та касб-ҳунар коллежида фарзандларимизнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун барча имконият мавжуд, — дейди Сурхондарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Поён Бакиров. — Натижада ёшларимизнинг спортга, хусусан, уч босқичли мусобақаларда қатнашишга бўлган қизиқиши йил сайин ортиб бораётир. Ушбу беллашувларда маҳорати сайқалланган йигит-қизларимиз кейинчалик халқаро майдонларда ҳам катта ютуқларга эришишмоқда. “Баркамол авлод —  2014”да яна янги номлар кашф қилинишига ишонамиз.
— Бу галги “Баркамол авлод” дастуридан Олимпиада ўйинларига киритилган спорт тури — бокснинг жой олгани айни муддао бўлди, —  дейди мураббий Алишер Алимов. — Бу, шубҳасиз, мамлакатимизда мазкур спорт турининг янада оммалашишига хизмат қилади. Ҳозир саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган уч нафар шогирдимиз билан белгиланган режа асосида машғулотлар олиб бораяпмиз. Уларнинг иштиёқи баланд. Насиб этса, Наманганда юқори натижаларни қўлга киритамиз. 
“Баркамол авлод — 2014” финал босқичида вилоят шарафини ҳимоя қиладиган спортчи-ўқувчиларнинг 17 нафарини қизлар ташкил этади. Улардан бири истеъдодли енгил атлетикачи Ситора Назаровадир.
— Оиламизда соғлом турмуш тарзига алоҳида эътибор берилади, — дейди айни пайтда Термиз олимпия захиралари коллежида таҳсил олаётган Ситора. — Шу боис мен ҳам ёшлигимдан енгил атлетика билан шуғулланаман. Ҳозирги кунга қадар туман ҳамда вилоят миқёсидаги мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлдим. Ниятим, “Баркамол авлод — 2014”нинг олтин медалини қўлга киритиш. Бунинг учун бор куч ва маҳоратимни ишга соламан.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn