Спортчи қизларга — Президент совғалари
  • 08 Май 2014

Спортчи қизларга — Президент совғалари

Шу кунларда юртимизнинг барча жойларида умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, махсус мактаб-интернатлар ҳамда Меҳрибонлик уйларида таълим-тарбия олаётган, спорт билан мунтазам шуғулланаётган 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган қизларга миллий ва замонавий услублар асосида тайёрланган спорт кийимларини тантанали топширишга бағишланган маросимлар бўлиб ўтмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ушбу хайрли тадбирлар мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш йўлида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатларнинг яна бир ёрқин тасдиғидир.

БУХОРО
Вобкент туманилик Гулнигор Камолова спортга меҳр қўйган қизлардан. Турон яккакураши билан шуғулланади. Ўзбекистон чемпиони. Мамлакат терма жамоаси аъзоси. Тенгдошлари унга чин дилдан ҳавас қилишади. Юртимиздаги кўплаб қизлар қаторида Гулнигор ҳам спорт кийимларини совға сифатида қабул қилиб олди.

— Жудаям хурсандмиз, — дейди чемпион қиз. — Бу либос дизайни, сифати билан менга ёқди. Шундай юксак эътиборга, албатта, яхши ўқиб, спорт билан янада астойдил шуғулланиб, янгидан-янги муваффақиятларимиз билан жавоб қайтарамиз.

Муҳташам “Вобкент” спорт мажмуида ташкил этилган тадбир чинакам байрам тусини олди. Спортчи қизларнинг чиқишлари, она-Ватан, тинчликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар йиғилганлар кайфиятига кайфият қўшди.

Худди шундай маросимлар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам ташкил этилиб, 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган жами 6343 нафар спортчи қизга спорт кийимлари тарқатилди.

НАМАНГАН
Бугунги кунда Наманган вилоятида 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган 59 минг 166 нафар қиз спорт билан шуғулланмоқда. Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ҳам улар сафи тобора кенгайиб бораяпти. Эзгу анъанага мувофиқ, бу йил вилоят бўйича 16 минг нафардан ортиқ қизларга спорт кийимлари туҳфа қилинди.

Наманган туманининг Тошбулоқ шаҳарчасида шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда сўз олганлар юртимизда Президентимиз раҳнамолигида спорт, жумладан, хотин-қизлар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди. Яратиб берилаётган шароитлардан унумли фойдаланаётган ёшларимиз республика миқёсидаги мусобақаларда тажриба орттиргач, қитъа, жаҳон чемпионатлари ҳамда халқаро турнирларда муносиб иштирок этиб, Ватанимиз довруғини оширишга ўз ҳиссаларини қўшишаётгани эътироф этилди.

Тадбир қатнашчилари спорт кийимларини совға сифатида қабул қилиб олган тумандаги 1394 нафар қизга ҳам ўқишда ва спортда омад ёр бўлишини тилашди.

СУРХОНДАРЁ
Шу йилнинг 28 январь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимизда қизларни спортга жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланиб, хусусан, улар учун миллий менталитетимизга хос кийимлар ишлаб чиқарилаётгани, аёл мураббий ва ўқитувчиларни тайёрлашга кенг ўрин берилаётгани қайд этилди.

Дарҳақиқат, бундай саъй-ҳаракатлар ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга хизмат қилмоқда. Биргина Сурхондарё вилоятида 2003 — 2013 йилларда 116 та замонавий болалар спорти иншооти ҳамда 14 та мусиқа ва санъат мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди. Айни пайтда спорт мажмуаларида 43 мингдан ортиқ ўғил-қизлар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг ўн мингдан ортиғи қиз болалардир.

Вилоятдаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, Меҳрибонлик уйларида таълим-тарбия олаётган, мунтазам спорт билан шуғулланаётган ўқувчи қизларга спорт либосларини топшириш маросимлари байрамона руҳда ўтказилмоқда. Хусусан, Термиз шаҳридаги “Сурхон” спорт мажмуида ташкил этилган тадбирда 1000 нафардан зиёд қизларга спорт кийимлари берилди.

— Спортнинг енгил атлетика тури билан шуғулланаман, — дейди Термиз Олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Ситора Назарова. — Вилоят миқёсидаги мусобақаларда доим иштирок этиб, бир неча бор ғолибликка ҳам эришганман. Эндиги мақсадим — уч босқичли тизимнинг ўрта бўғини — “Баркамол авлод” ўйинларида қатнашиб, совриндор бўлиш. Бу ниятимга ҳам, албатта, етаман. Бугун бизга спорт либослари совға қилинди. Бундан жудаям хурсанд бўлдик. Президентимизга катта раҳмат!

Сурхондарё вилояти бўйича жами 24 минг 488 нафар қизга спорт кийимларини совға сифатида топшириш режалаштирилган.

СИРДАРЁ
Cирдарё вилоятида ҳам умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, махсус мактаб-интернатлар ҳамда Меҳрибонлик уйларида таълим-тарбия олаётган, спорт билан мунтазам шуғулланаётган ўқувчи қизларга спорт кийимларини топшириш маросимлари кўтаринки руҳда ўтказилди.

Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуида бўлиб ўтган ана шундай тадбирда вилоятда аҳолини спортга кенг жалб этиш, айниқса, хотин-қизлар ва болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

— Бир неча йилдан буён бадиий гимнастика билан шуғулланаман, — дейди Гулистон шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шоҳина Ҳасанбоева. — Мазкур спорт тури бўйича шаҳримизда ҳар жиҳатдан қулай ва замонавий шароитлар яратилган. Хусусан, “Алпомиш” спорт мажмуида ташкил этилган бадиий гимнастика тўгарагига мен каби ўнлаб қизлар қатнайди. Ҳаммамизнинг ниятимиз улкан. Давлатимиз раҳбари томонидан биз, ёшларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликка ўқиш ва спортдаги ютуқларимиз билан жавоб берамиз. 

Ўзига хос байрамга айланиб кетган тантанали маросимларда вилоят бўйича жами 2398 нафар ўқувчи қизга спорт кийимлари улашилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn