Ғалаба иштиёқи
  • 07 Май 2014

Ғалаба иштиёқи

ёшларни “Баркамол авлод” спорт ўйинларига пухта ҳозирлик кўришга ундамоқда

Бу йил Наманганда бўлиб ўтадиган “Баркамол авлод” спорт ўйинларининг республика босқичида Тошкент шаҳри шарафини 83 нафар спортчи ҳимоя қилади. Ўз истеъдоди ва маҳорати билан бошқа тенгдошларини ортда қолдирган бу ўғил-қизлар спортнинг ўн тўрт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.
— Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган уч босқичли тизим — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада ўйинлари ёш авлод ўртасида спортнинг янада оммалашувига хизмат қилмоқда, — дейди Тошкент шаҳар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси мутахассиси Комилжон Мусаев. — Буни пойтахтимиз миқёсида ўтказилган саралаш беллашувларида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган 62 минг 184 нафар ўқувчи иштирок этгани ҳам кўрсатиб турибди. Қолаверса, “Баркамол авлод — 2014” дастуридан  оғир атлетика, бокс, дзюдо, таэквондо WTF, эркин ва юнон-рум кураши каби ёзги Олимпиада ўйинларига киритилган спорт турларининг жой олгани ушбу мусобақага бўлган қизиқишни янада оширди.
Шаҳримиз номидан қатнашадиган ўғил-қизларимизнинг мазкур беллашувларга муносиб ҳозирлик кўришлари учун Республика олимпия захиралари коллежи, “Пахтакор” футбол клуби, Тошкент алоқа касб-ҳунар коллежи спорт заллари ҳамда бошқа бир қатор спорт мажмуаларида зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Тайёргарлик жараёнлари малакали мураббий ва мутахассислар томонидан кузатиб борилмоқда.
— Мусобақага Республика олимпия захиралари коллежида тайёргарлик кўраяпмиз, — дейди эркин кураш бўйича мураббий Қўлдош Асрақулов. —  Ҳозир якуний босқичда иштирок этадиган тўрт нафар курашчини аниқлаб олганмиз. Улар мамлакат ва халқаро миқёсда юқори натижаларга эришиб келаётган умидли ёш полвонлар ҳисобланади. Масалан, шогирдларимиздан Ҳожиакбар Ўткиров, Сирожиддин Ҳасанов шу йил ёшлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати ҳамда Латвияда ташкил этилган халқаро турнирда ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олди. Уларнинг юқори натижаларга эришишига ишонамиз.
“Баркамол авлод — 2014” шахмат беллашувларида Тошкент ахборот технологиялари коллежи ва Тошкент давлат техника университети қошидаги 3-академик лицей ўқувчилари Олег Артёменко ҳамда Елена Вербова пойтахт шарафини ҳимоя қилади. Улар айни кунларда тажрибали мураббий Ўткиржон Талабоев қўли остида машғулотларда иштирок этишмоқда.
Термиз шаҳрида ўтказилган “Баркамол авлод — 2011” спорт ўйинларининг баскетбол беллашувларида Тошкент шаҳрининг ўсмирлар жамоаси олтин медалга сазовор бўлган эди. Бу йил ҳам улар ўз натижаларини такрорлашга қатъий аҳд қилишган. Шу боис тайёргарлик режа асосида олиб борилмоқда. Улар финал босқичида Самарқанд, Навоий ва Хоразм вилоятлари вакиллари билан ўзаро баҳслашадилар. Пойтахтлик ёшлар Самарқандда ташкил этилган саралаш беллашувларида рақибларини мағлубиятга учратишган эди.
— Ушбу мусобақага юнон-рум кураши ҳам киритилгани айни муддао бўлди, — дейди Республика олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Мирзабек Раҳматов. — Мазкур уч босқичли тизим Олимпиада ўйинлари тамойиллари асосида ўтказилиши ҳақида эшитгач, беллашувларда қатнашишни жуда-жуда истагандим. Орзуим рўёбга чиқишига оз фурсат қолди. Мақсадим — юнон-рум кураши бўйича “Баркамол авлод”нинг илк чемпионларидан бири бўлиш. Яхши тайёргарлик кўриб, албатта, ана шу натижага эришаман.
Наманганда ўтказиладиган нуфузли спорт анжуманида иштирок этадиган пойтахтлик ўғил-қизлар ўз олдиларига ана шундай улкан мақсадни қўйишган.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn