Кичик майдонлардан юксак марралар сари
  • 20 Июнь 2017

Кичик майдонлардан юксак марралар сари

Мутахассисларнинг фикрича, умумий жисмоний тайёргарлик машғулотлари инсоннинг чидамлилик, чаққонлик каби сифатларини ривожлантиради. Муайян спорт тури билан шуғулланганда эса ана шундай фазилатлар қамрови янада кенгаяди. Масалан, спорт гимнастикаси ва бадиий гимнастика қоматни гўзал қилади, назокат ила ҳаракатланишга, мувозанатни юқори аниқликда сақлашга ўргатади, мусиқа ҳамда рақсга бўлган қизиқишни оширади.

Шунинг учун ҳам қизларга, асосан, мазкур спорт турлари тавсия этилади. Ёки сузишни олайлик. У асаб тизими фаолиятини яхшилайди, таянч-ҳаракат аъзоларига ижобий таъсир ўтказади, танани чиниқтиради, бронх-ўпка касалликлари келиб чиқишининг олдини олади. Теннис, бадминтон, стол тенниси эса чаққонлик, қисқа фурсатда тўғри қарор қабул қилиш -лаёқатини юксалтиради. Футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи сингари ўйинлар ҳамжиҳатликни ўргатади, ақл-идрокни ривожлантиради...

Шу боис ҳам мамлакатимизда жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни тарбиялаш мақсадида спортни оммалаштиришга алоҳида аҳамият қаратилаяпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада янги босқични бошлаб берди.

Биз спорт ҳақида сўз юритганда, албатта, футболни ҳам назарда тутамиз. Зеро, юртимизда “миллионлар ўйини” энг оммавий спорт турлари сирасига киради. Уни ривожлантириш учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси — ФИФАнинг ғоя ҳамда мақсадларига тўла уйғун бўлиб, бу жиҳатлар мазкур ташкилот томонидан ҳам кўп марта эътироф этилган.

ФИФА ва БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) келишувига кўра, 19 июнь “Жаҳон болалар футболи куни” деб номланган. Мазкур сана муносабати билан кеча дунё бўйича ўтказилган турли тадбирлар, мусобақалар орқали жаҳон ҳамжамияти эътибори яна бир карра ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга қаратилди. Юртимизда ҳам ушбу кун анъанавий тарзда кенг нишонланди. Болалар учун катта ғамхўрлик тадбирлари уюштирилди. Бироқ бизда эртамиз эгаларига кўрсатиладиган меҳр ва эътибор фақат бирор-бир санадагина эмас, балки доимий давом этади. Футбол бўйича мактаб-интернатлар фаолиятини ривожлантириш, болалар ҳамда ўсмирлар мактабларида ўқув-машқ жараёнини яхшилаш, стадионлар қуриш, мавжудларини талаб даражасида таъмирлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ана шундай ғамхўрликнинг бир кўриниши, холос.

Фикримизни Андижон вилояти мисолида давом эттирамиз. Мустақиллик йилларида ушбу ҳудудда 201 спорт иншооти барпо қилинган бўлиб, уларнинг 86 фоизи қишлоқ жойларда қад ростлади. Вилоятдаги 16 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қошида футбол бўлимлари ташкил қилинган. 3 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатда эса ёшларга “миллионлар ўйини”нинг нафақат амалий, балки назарий жиҳатлари ҳам қунт билан ўргатилаяпти.

2010 йилда Андижон шаҳрида футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу таълим маскани қисқа фурсатда жуда кўп истеъдодларни тарбиялаб, ўз нуфузига эга бўлди. Айни пайтда бу ерда 148 нафар бола таҳсил олмоқда. Улар учун барча шароит яратилган. Хусусан, тўртта футбол майдони, спорт зали, ёпиқ сув ҳавзаси, тренажёр зали, сауна, ўқув ва дам олиш хоналари ёшлар ихтиёрига берилган.

Мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланаётган болалар қатор ютуқларни қўлга киритмоқда. Мисол учун, мактаб жамоаси ўтган йили Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган мусобақада, Россия Федерациясида ташкил этилган “Кубань кубоги” анъанавий халқаро турнирида муваффақиятли қатнашди. Бухоро ва Наманган шаҳарлари мезбонлик қилган республика биринчилигида эса ғолибликка эришди.

— Мактаб-интернатимизда замонавий футбол талаблари асосида сабоқ олаяпмиз, — дейди ўқувчи Анвар Назиров. — Ўртоқлик учрашувлари, нуфузли турнирларда салоҳиятимизни синаб кўрамиз. Натижаларимизга қараб ўз устимизда янада кўпроқ ишлаймиз, маҳоратимизни оширишга интиламиз.

Ёшларимиздаги мана шундай қатъият, шижоат, ватанпарварлик туйғуларини кўриб, чин дилдан қувонасан киши. Ҳозирги вақтда Андижон вилояти бўйича 7730 нафардан ортиқ болалар ва ўсмирлар спортнинг футбол тури билан мунтазам шуғулланаётир. Уларнинг сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётгани диққатга сазовор. Бу спортни оммалаштириш, соғлом авлодни тарбиялаш мақсадида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларни халқимиз теран англаб етаётганининг яна бир амалий тасдиғидир.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

СУРАТДА: Андижон шаҳридаги футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари машғулот пайтида.

Хурсандбек АРАББОЕВ

олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn