Қизиқарли ўйин дуранг билан якунланди
  • 06 Май 2014

Қизиқарли ўйин дуранг билан якунланди

Футбол бўйича Ўзбекистон ХХIII миллий чемпионати олий лигаси еттинчи тур учрашувлари бўлиб ўтди.

Айтиш жоизки, ушбу турда ҳам “миллионлар ўйини” ишқибозлари бир қатор қизиқарли беллашувлар гувоҳига айланишди. Жумладан, чемпионатда етакчилик қилаётган Тошкентнинг “Пахтакор” ҳамда “Локомотив” клублари ўртасидаги баҳс анча муросасиз кечди. Бу натижадан ҳам билиниб турибди. Яъни ҳар икки жамоа вакиллари дарвозаларга иккитадан тўп киритишди. Шу тариқа кетма-кет олти ўйинда ғалабага эришган “пахтакор”чилар ХХIII миллий чемпионатдаги дастлабки дурангни қайд этишди.
Турнинг яна бир эътиборга молик воқеаси Андижоннинг “Андижон” жамоаси биринчи ютуғини нишонлагани бўлди. Ўз майдонида “Бухоро”ни қабул қилган Азамат Абдураимов шогирдлари 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Аввалги ҳафтада Фарғонада “Нефтчи” билан дуранг (0:0) ўйнаган Муборакнинг “Машъал” клуби футболчилари бу сафар мезбон сифатида Олмалиқнинг “Олмалиқ” жамоаси билан куч синашишди ва яна муроса кўчасини танлашди — 0:0.
Жиззахда “Сўғдиёна” клуби меҳмони бўлган “Насаф” (Қарши) 1:2 ҳисобида зафар қучди. Учрашувда қаршиликлар сардори Артур Геворкян дублга эришди. Мезбонларнинг жавоб тўпи эса ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Суҳроб Бердиев томонидан киритилди.
Турнинг қолган ўйинларида қайд этилган натижалар билан танишинг: “Бунёдкор” — “Навбаҳор” 3:0, “Металлург” — “Нефтчи” 2:1, “Қизилқум” — “Динамо” 2:0.
Еттинчи турдан сўнг турнир жадвали қуйидагича кўриниш олди:
 №   Жамоа             Ў    Ю    Д   М   Т-Н     О
1    “Пахтакор”         7    6    1    0    10-4   19
2    “Локомотив”      7    4    3    0    13-5    15
3    “Бунёдкор”        7    4    3    0    12-4    15
4    “Насаф”            7     4    2    1    9-4     14
5    “Олмалиқ”         7    3    3    1    9-6      12
6    “Навбаҳор”        7    3    1    3    8-9      10
7    “Бухоро”           7    3    1    3    5-9      10
8    “Динамо”          7    3    0    4    9-10     9
9    “Қизилқум”       7    2    2    3    4-4       8
10    “Металлург”    7    2    1    4    7-9      7
11    “Машъал”        7    1    4    2    2-4      7
12    “Андижон”     7    1    1    5    4-10     4
13    “Нефтчи”       7    0    3    4    4-8      3
14    “Сўғдиёна”     7    0    1    6    8-18     1

Олий лиганинг навбатдаги тур учрашувлари 15, 16 ва 17 май кунларига белгиланган. Унда қуйидаги жуфтликлар ўзаро беллашади: “Бухоро” — “Пахтакор”, “Нефтчи” — “Олмалиқ”, “Динамо” — “Машъал”, “Навбаҳор” — “Андижон”, “Металлург” — “Сўғдиёна”, “Локомотив” —“Қизилқум”, “Насаф” — “Бунёдкор”.

Фазлидин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ёшлар фестивали Ғалаба иштиёқи »