«Баркамол авлод — 2017» машъаласи Жиззахга йўл олди
  • 25 Май 2017

«Баркамол авлод — 2017» машъаласи Жиззахга йўл олди

Мамлакатимизда йўлга қўйилган уч босқичли ноёб тизим — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари иқтидорларни кашф этиб, улар маҳоратига сайқал берадиган, таъбир жоиз бўлса, мамлакат, Осиё, жаҳон ҳамда Олимпиаданинг бўлажак чемпионларига қанот бағишлайдиган парвоз майдонидир.

Мазкур беллашувлар ҳақида сўз кетганда, “Кичик Олимпиада” ибораси бежиз қўлланилмайди. Сабаби, бу тизимнинг ҳар бир босқичи, унинг доирасида ўтказиладиган маросимлар халқаро Олимпиада тамойилларига мос келади. Эртамиз эгалари ана шундай тадбирларда бевосита иштирок этиш орқали нуфузли мусобақалар тўғрисида илк тасаввурга эга бўлиб, ҳаяжонли онларни дилдан ҳис қиладилар. Қолаверса, қалбларида шу азиз Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғулари янада мустаҳкамланади.

Ёшлик ҳамда шижоат байрамининг муҳим бўлагига айланиб қолган маросимлардан бири, бу — машъала ёқиш ва уни финал босқичи бўладиган манзилга тантанали равишда етказиш тадбиридир.

Кеча Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Ўзбекистон Фанлар академияси “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтида “Баркамол авлод — 2017” спорт ўйинлари машъаласини қуёш нурларидан аланга олдириш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Республика техник ва амалий спорт турлари маркази, вазирлик ҳамда идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари, спортчилар қатнашди.

...Майдонга тантанали мусиқа садолари остида юртимизнинг таниқли спортчилари, “Баркамол авлод — 2017” мусобақалари республика босқичининг бир гуруҳ иштирокчилари кириб келади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.

Машъалани кемамодель бўйича уч карра жаҳон чемпиони, Ўзбекистон -Республикасида хизмат кўрсатган спортчи Шавкат Исматиллаев ёқди.

— Шундай унутилмас онларнинг ҳам иштирокчиси, ҳам машъалани аланга олдириш шарафига муяссар бўлганимдан беҳад бахтиёрман, — дейди у. — Нафақат ушбу майдонга йиғилган йигит-қизларнинг, балки ҳадемай бошланадиган мусобақалар қатнашчилари, умуман, мамлакатимиздаги барча ёшларнинг нияти бир — яхши ўқиб, спорт билан -астойдил шуғулланиб, Ўзбекистонимиз номини халқаро майдонларда янада улуғлашга муносиб ҳисса қўшиш. “Баркамол авлод” ўйинлари, шубҳасиз, бунда муҳим кўприк вазифасини ўтайди.

Машъала Жиззах вилояти сари йўл олди.

“Баркамол авлод — 2017” спорт ўйинлари машъаласи олиб ўтилган йўлларда чинакам байрам шукуҳи ҳукмрон, десак, муболаға бўлмайди. Унга пешвоз чиққан юртдошларимиз юз-кўзида қувонч, ҳавас ва ҳаяжон ифодаси мужассам. Шаҳару қишлоқларимиз бўйлаб ўтказилган маросимларда таниқли шоир ҳамда ёзувчилар, машҳур спортчилар, санъаткорлар, кенг жамоатчилик ва ёшлар қатнашди.

* * *

“Баркамол авлод — 2017” спорт ўйинлари машъаласи Жиззах шаҳрига етиб келди.

Машъала Жиззах вилояти чегарасида жамоатчилик вакиллари, ёшлар томонидан карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда юртимизда эртамиз эгаларини ҳар томонлама соғлом ҳамда баркамол этиб тарбиялашда жисмоний тарбия ва спорт муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

 

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ 

олган суратлар. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn