Фаолият танқидий ўрганилди
  • 12 Апрель 2017

Фаолият танқидий ўрганилди

Парламент аъзоларининг жорий йил бошидан аҳоли билан мунтазам ўтказаётган мулоқотлари ўз самарасини бермоқда. Ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар чуқур таҳлил этилиб, жойида бартараф қилинаётир. Албатта, бу парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Чунончи, халқ депутатлари Тўрақўрғон тумани Кенгаши сессиясида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати атрофлича муҳокама қилингани бунинг амалий ифодасидир.

Ўрганиш даврида депутатлар ҳамда сенаторлар шаҳар ва қишлоқлардаги 702 хонадонга кириб, фуқаролар ҳамда тадбиркорлар билан мулоқот қилдилар, уларнинг эҳтиёжлари, таклиф ва мулоҳазалари билан танишдилар. Аҳоли томонидан 485 та масала кўтарилди. Уларнинг аксарияти уй-жой, коммунал, тиббий хизмат кўрсатиш, таълим, иш билан таъминлаш, савдо ҳамда маиший хизмат соҳалари, тижорат банкларидан кредит олиш масалалари  билан боғлиқ. Хусусан,  мурожаатларнинг 215 таси  ўз жойида, 220 таси тегишли ташкилот ва муассасаларни жалб этган ҳолда ҳал қилинди. Қолган 50 та масала эса тегишли вазирлик ҳамда идораларга юборилди.

Сессияда ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар мавжудлигига эътибор қаратилди. Жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш учун ер ажратиш борасидаги мурожаатларга сусткашлик билан ёндашилаяпти. Ўтган йили атиги 29 та субъектга мазкур йўналишда туман ҳокимиятининг қарори чиқарилгани бунинг исботидир. Ваҳолонки, яна ўнлаб мурожаатлар ижросини кутиб турибди. Давлат хизмати кўрсатишга ихтисослаштирилган “ягона дарча” маркази фаолиятини кучайтириш зарур. “Сайрам саноат инвест”  масъулияти чекланган жамиятининг ичимлик суви тармоғига уланиш бўйича ушбу муассасага  мурожаати муддатидан кечикиб бажарилган. Боиси, ижрочи — “Ичимлик сув тармоқлари” шуъба корхонаси тадбиркорлик субъектига техник шартларни 16 кун кечикиб тақдим этган. Ҳудудда оилавий тадбиркорликни  ривожлантириш масаласига етарлича эътибор берилмагани натижасида туман бўйича 6 та хонадон ушбу фаолият билан шуғулланаяпти, холос.

Фуқаролар билан мулоқотлар чоғида тижорат банклари фаолиятига жиддий эътирозлар билдирилди. Хусусан, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик, иссиқхона хўжаликлари ташкил этиш истагидаги шахсларга имтиёзли кредит ажратиш борасида муаммолар мавжуд.

Чусткўприк маҳалласида яшовчи Х. Аҳмаджоновнинг Миллий банк туман филиалига иссиқхона қуришда молиявий ёрдам сўраб бундан икки ой аввал қилган мурожаати депутатлар кўмаги билан ечимини топди. Таълим соҳасини ўрганган депутатлар Сарой қишлоғидаги 8-мактабгача таълим муассасаси филиалида шарт-шароит етарли эмаслигига гувоҳ бўлдилар. Пировардида мазкур боғчанинг шароитларини яхшилаш юзасидан мутасадди маҳаллий ҳокимият идоралари билан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.  

Парламент аъзолари халқ билан мулоқот ва жойлардаги аҳволни ўрганиш чоғида аниқланган бундай камчилик ҳамда муаммолар тумандаги ташкилот ва идоралар раҳбарларининг аҳоли мурожаатларига эътибори етарли эмаслиги туфайли юзага келаётганлигини таъкидладилар. Шундан келиб чиқиб, бир қатор мутасаддиларнинг мазкур масала юзасидан ҳисоботлари эшитилди.

* * *

Халқ депутатлари Қўнғирот тумани Кенгашининг сессиясида Қорақалпоғистон Республикасидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, мутасадди раҳбарлар, тумандаги бир қатор хўжалик юритувчи субъектлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда тадбиркорлар қатнашди.

Сессияда парламент аъзолари томонидан ҳудуддаги  тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, аҳоли билан бевосита мулоқотлар чоғида кўтарилган масалалар танқидий руҳда батафсил кўриб чиқилди.

Ўрганишлар давомида парламент вакиллари 965 та хонадонда  мулоқотлар олиб боришди. Аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар эшитилди. Учрашувларда салкам уч минг нафар фуқаро қамраб олинди. Шунингдек, 68 та масала ижобий ҳал қилинди.  

Парламент вакиллари томонидан соғлиқни сақлаш соҳаси ҳолатига алоҳида эътибор қаратилиб, айрим ҚВПларнинг моддий-техника базаси талабга жавоб бермаслиги, аҳолини дори воситалари билан таъминлаш даражаси пастлиги таъкидланиб, фуқаролар сиҳат-саломатлигини мустаҳкамлашга оид зарур чора-тадбирлар белгиланиши ва ҳаётга самарали татбиқ этилиши кераклиги айтиб ўтилди.  

Кейинги йилларда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар ҳам кўнгилдагидек эмаслиги, тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва уларга тегишли кўмак бериш борасида туманнинг ички ресурс ҳамда имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани қайд этилди. Айни чоғда қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида прокуратура, ички ишлар ҳамда бошқа мутасадди идоралар фаолиятини янада кучайтириш лозимлигига урғу берилди. 

Ўрганиш натижалари бошқа соҳаларда ҳам ҳали ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида мутасадди идоралар фаолияти талаб даражасида эмас. Бунда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда юзакичиликка йўл қўйилмоқда.

Йиғилишда халқ депутатлари туман Кенгаши, унинг доимий комиссиялари фаолиятига танқидий баҳо берилди. Хусусан, сессия йиғилишлари тизимли ўтказилмаётгани, унда масалалар юзаки муҳокама қилинаётгани, маҳаллий Кенгаш ва унинг депутатлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, бунда депутатлик назоратини кучайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланди. 

Сессияларда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn