Парламент назоратининг таъсирчан механизми
Версия для печати
  • 07 Апрель 2017

Парламент назоратининг таъсирчан механизми

аҳоли билан учрашувларда ўз амалий ифодасини топмоқда

Шу кунларда жойларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг аҳоли билан бўлиб ўтаётган -мулоқотларида мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Халқ вакиллари томонидан олиб борилаётган парламент ва депутатлик назоратининг мазкур таъсирчан механизми инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда ўз самарасини бераётир. Бу, шунингдек, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга -хизмат қилиши керак”, деган ҳаётий тамойилнинг изчил рўёбга чиқарилишида алоҳида аҳамият касб этаяпти. 

Хусусан, парламент аъзоларининг Гулистон туманидаги ана шундай мулоқоти ва ўрганишлари натижасида ҳал қилиниши лозим бўлган кўплаб муаммолар аниқланиб, улар ечими юзасидан тегишли чоралар белгиланди. Масалан, ўрганишнинг дастлабки кунларида бир неча фуқароларга соғлиқни сақлаш соҳасига оид мурожаати бўйича амалий кўмак берилгани эътиборга молик. Чунончи, “Ишонч” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Муқимжон ва Анзират Нурматовларнинг уч нафар ногирон фарзандини шифохонага жойлаштириш масаласи кўриб чиқилиб, бу оилага тегишли миқдорда ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. 

Айни чоғда депутатлар соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг тумандаги ижроси билан ҳам батафсил танишмоқда. Ўрганишлар жараёнида аён бўлганидек, аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тармоғидаги ўзгаришлар, яъни қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштириш натижалари аҳоли томонидан мамнунлик билан кутиб олинаётир. Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг халқ депутатлари туман Кенгашида, қишлоқ врачлик пунктлари мудирларининг маҳалла фуқаролар йиғинларида эришилган ютуқлар ва янгиликлар юзасидан ҳисобот бериб боришлари йўлга қўйилгани тиббий хизмат сифатини янада яхшилашда муҳим ўрин тутиши эътироф этилмоқда. 

— Мулоқотларда ҳудуддаги тиббиёт муассасаларидаги мавжуд камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш борасидаги таклиф ва мулоҳазалар ҳам ўртага ташланди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Комилжон Эрназаров. —  Мисол учун, туман тиббиёт бирлашмаси шифохонаси биноси реконструкция қилингач, замонавий ҳолатга келтирилгани, аммо моддий-техника базасида айрим камчиликлар борлиги аниқланди. Жумладан, шифохонада катта ёшдаги беморлар овқатланиши учун етарли шарт-шароит яратилмаган. “Сойибобод” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги қишлоқ врачлик пунктида эса қатор дори воситалари етишмовчилиги кузатилди. Қолаверса, айрим таълим муассасаларида ташкил этилган тиббий хизмат шохобчаларида ҳам ана шундай ҳолатга дуч келинди. Мазкур камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди.

Парламент аъзолари тумандаги ўрганиш ва мулоқотлари давомида аҳолини қийнаб келаётган бошқа масалаларга ҳам эътибор қаратишмоқда. Чунончи, “Чортоқ” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Бирлашган кўчасини таъмирлаш бўйича тушган мурожаат жорий йилнинг иккинчи ярмига мўлжалланган туман дастурига киритилди. 

Депутатлар ва сенаторларнинг Бекобод туманида ўтказаётган мулоқотлари чоғида асосий эътибор туманда иқтисодий инфратузилма ва тадбиркорлик фаолиятини -ривожлантириш, молия-кредит ташкилотлари фаолиятини янада яхшилаш, савдо, маиший хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий соҳа тармоқлари иши самарадорлигини ошириш каби долзарб масалаларга қаратилмоқда. 

Парламент аъзолари тумандаги таълим муассасалари фаолиятини ҳам ўрганди. Хусусан, маиший хизмат ва ахборот технологиялари коллежида ўқувчи ва ўқитувчилар билан ўтказилган мулоқот, айниқса, қизғин кечди. Таъкидлаб ўтилганидек, кейинги пайтларда манфаатдор ташкилотлар саъй-ҳаракатлари билан коллежда давомат сезиларли даражада яхшиланди, машғулотлар сифати ошди. Суҳбатлар давомида битирувчиларнинг бир қисми ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирган. Уларни банк кредитлари билан таъминлаш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Мулоқот чоғида коллеж ўқувчиларини тадбиркорликка ўргатиш масаласига янада кўпроқ эътибор бериш лозимлиги, бунинг учун мазкур йўналиш бўйича машғулотлар сони ва сифатини ошириш кераклиги ҳақида таклифлар айтилди. 

Парламент аъзоларининг қайд этишича, туманда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишда жиддий камчиликлар мавжуд. Боғча ёшидаги ўғил-қизларнинг 16 фоизи мактабгача таълим муассасаларига жалб қилинган. Бу, айниқса, олис ҳудудлардаги ота-оналарнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётир. Тумандаги 1-мактабгача таълим муассасасида бўлиб ўтган мулоқот чоғида депутат ва сенаторлар бу масалага мутасаддилар эътиборини қаратди. 

Ўз навбатида, аҳоли томорқаси имкониятларидан самарали фойдаланиш масаласи хонадонларда ўтказилган суҳбатларнинг бош мавзуси бўлди. Бу борада туманда тўпланган илғор тажрибалар оммалаштирилди. 

Парламент аъзоларининг жойларда аҳоли билан мулоқотлари давом этмоқда.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn