Мамлакатни янада демократлаштиришнинг муҳим омили
  • 01 Май 2014

Мамлакатни янада демократлаштиришнинг муҳим омили

Пойтахтимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат тузилмалари, фуқаролик жамияти институтлари, илмий тадқиқот ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ҳамда экспертлар иштирокида “Кўппартиявийлик тизимини ва партиялараро рақобатни мустаҳкамлаш — парламентаризмни ривожлантиришнинг муҳим шарти” мавзуида халқаро семинар бўлиб ўтди.

 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси, Конрад Аденауэр номидаги жамғарма (ГФР), “Миллий демократик институти” нодавлат нотижорат ташкилоти (АҚШ)нинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Семинарда алоҳида таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида ҳаётга татбиқ қилинган кенг қамровли стратегия натижасида миллий давлатчилик ҳамда сиёсий тизимни шакллантириш, давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизимини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим мақсадларидан бирига айланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда у асосда қабул қилинган “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонун, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур мақсадларни амалга оширишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди.

Семинарда Президент Ислом Каримов томонидан 2010 йилда илгари сурилган ҳамда бугунги кунда жадал рўёбга чиқарилаётган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси Ўзбекистонни замонавий босқичда ривожлантиришнинг миллий стратегияси эканлиги айтиб ўтилди.

Тадбирда алоҳида таъкидланганидек, Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Уларда давлат ҳокимиятининг ижро органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда сиёсий партияларнинг роли ва масъулиятини, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини оширишга қаратилгандир.

Анжуманда хорижий иштирокчилар Ўзбекистонда мустақил тараққиётнинг қисқа даврига қарамасдан самарали парламентаризм, жамиятни демократлаштириш, халқ ҳокимиятчилигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича бой тажриба орттирилгани, соҳадаги ислоҳотлар тақдим этаётган натижалар бошқа кўп давлатлар учун андоза бўлиши мумкинлигини таъкидладилар. Мамлакатимизда кечаётган бугунги демократик янгиланишлар жараёни қонун устуворлиги, таъсирчан ҳокимият, кучли фуқаролик жамиятига таянган ва ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш ҳисобланган асосий стратегик мақсадга босқичма-босқич эришиш йўлидаги навбатдаги катта қадамдир.

Семинар фаол мулоқот руҳида ўтиб, маърузачилар партиялараро тизимни демократлаштириш бўйича миллий тажриба, шунингдек, Германия, Бельгия, Корея Республикаси, АҚШ, Канада сингари мамлакатлардаги кўппартиявийлик тизими ва демократия ривожланиши хусусида батафсил маълумот бердилар. Шунингдек, анжуман қатнашчилари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар дунёнинг кўп давлатларига демократия принциплари асосида мамлакатни самарали ислоҳ қилиш, модернизациялаш намунаси сифатида хизмат қилиши мумкин, деган якдил фикр билдирилди.

 

Сўз — халқаро семинар иштирокчиларига

Маттиас РЁССЛЕР,

Саксония ери парламенти раиси (Германия):

— Ўзбекистонда ўтган қисқа давр мобайнида сиёсий партияларнинг жамиятдаги ролини ошириш борасида қатор ислоҳотлар рўёбга чиқарилди. Натижада кўппартиявийлик тизими тараққиёти учун қулай шароитлар яратилди. Бугунги кунда сиёсий партиялар сиёсат майдонида ўз позицияси, устувор йўналишлари, электоратига эга эканлиги, уларнинг давлат равнақига дахлдорлиги, ҳокимият вакиллик органлари фаолиятида мунтазам иштирок этаётгани бунга мисолдир. Шубҳасиз, булар чуқур ўйланган демократик ислоҳотлар, сиёсий-ҳуқуқий тадбирлар самараларидир.

 

Пьер-Эммануэль ТОМАНН,

Европа халқаро муносабатлар

институтининг геосиёсий тадқиқотлар бўйича директори (Бельгия):

— Ўзбекистон парламентининг фаолияти халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланмоқда. Семинар доирасидаги муҳокамалар ҳам шуни кўрсатдики, мамлакатингизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини кафолатлайдиган аниқ ҳуқуқий механизм яратилган. Яқинда Конституцияга киритилган ўзгартишлар мамлакатни демократлаштириш, хусусан, парламент ваколатларини кенгайтириш, ижро ҳокимиятининг масъулиятини ва ҳисобдорлик даражасини ошириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

 

Шон РОБЕРТС,

Жорж Вашингтон университетининг

Эллиот номидаги халқаро

муносабатлар мактаби профессори (АҚШ):

— Президент Ислом Каримов томонидан ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш ҳамда мазкур демократик институтни конституциявий мустаҳкамлаб қўйиш бўйича илгари сурилган ташаббус таҳсинга сазовор бўлиб, уни чуқур ўрганиш лозим. Биз Ўзбекистон замонавий парламент тизимини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, у халқаро демократик стандартларнинг барча асосий жиҳатларини ўзида намоён қилади. Халқаро ҳамжамият Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлардан, хусусан, парламент фаолиятини кучайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлардан кенг хабардор бўлиши керак.

 

Грехем СТИЛ,

Янги Шотландия мажлислар

палатаси аъзоси (Канада):

— Ўзбекистонда парламент тизимини, сиёсий партиялар ва улар ўртасидаги рақобатни ривожлантириш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шароит яратилмоқда. Партиялараро рақобат, ҳокимиятнинг қонунчилик ва ижроия тармоқларини янада демократлаштириш учун кенг ҳуқуқий майдон яратилган. Партияларга ўз сайловолди платформаси ҳамда дастурларида акс этган асосий ғояларни амалга ошириш учун Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилган имкониятлар тақдим қилинган. Мен бу тизим нафақат ривожланган демократик давлатлар тизимидан қолишмайди, балки улардан афзал жиҳатларга ҳам эга, деб ўйлайман.

Саиджон МАХСУМОВ, «Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn