Парламент аъзолари ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганмоқда
  • 06 Апрель 2017

Парламент аъзолари ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганмоқда

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари жойларда аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларни ўйлантираётган масалаларни атрофлича ўрганмоқдалар. Мавжуд муаммоларнинг кўлами ва ижтимоий илдизи таҳлил қилиниб, аксариятига жойида ечим топилаётгани фуқаролар томонидан мамнуният билан эътироф этилаяпти.

Чунончи, парламент аъзоларининг Нурота тумани аҳолиси хонадонлари ҳамда мактаб, мактабгача таълим муассасалари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларидаги очиқ суҳбатлари қизғин ҳамда жонли ўтди.  

— Мазкур мулоқотларда ҳудудларни ривожлантиришнинг долзарб вазифаларини атрофлича ўрганиш, аҳолини ташвишлантираётган муаммо ва камчиликларни бартараф этишда маҳаллий ҳокимият идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда одамларда давр шиддатига мос фаолликни уйғотиш мақсад қилиб белгиланган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зафар Султонов. — Шу жиҳатдан йил бошида Хатирчи ва Навбаҳор туманлари аҳолиси билан ўтказилган учрашув ҳамда мулоқотларга нисбатан таққослайдиган бўлсак, фуқароларимиз фаоллиги анча ошганлигини кузатиш мумкин.

Депутатлар тумандаги 7, 22, 32-умумий ўрта таълим мактаблари педагогик жамоалари билан учрашиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Ҳудудларни ободонлаштириш, мавжуд томорқалардан самарали фойдаланиш тарғиботида зиёлиларнинг олдида турган вазифалар хусусида ҳам атрофлича суҳбатлашилди.

Шунингдек, “Деҳибаланд” маҳалла фуқаролар йиғинида санитария назорати идоралари талаби билан фаолияти вақтинча тўхтатилган 90 ўринли 9-мактабгача таълим муассасасидаги камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан мутасадди идораларга таклиф берилди.

Парламент аъзоларининг нуроталиклар билан мулоқотида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори воситалари таъминоти каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Чунончи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 93 ёшли Норбой Қозоқов хонадонида бўлиб, отахоннинг саломатлиги ҳамда уруш фахрийлари учун берилган имтиёзлардан қандай фойдаланаётгани билан қизиқдилар.

— Шукр, мана шундай фаровон кунларни кўраяпмиз, — дейди отахон. — Мустақиллик йилларида биз, кексаларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан жудаям мамнунмиз. Шу сабабли доимо дуодамиз. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.  

Парламент аъзолари тумандаги аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламлари билан учрашиб, уларни кўпдан буён қийнаб келаётган бир қатор масалалар ечимида кўмаклашдилар. Шу кунга қадар тумандаги 200 дан ортиқ хонадонларда учрашувлар ўтказилди.

Хоразм вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари маҳаллий давлат идоралари билан биргаликда, Гурлан туманидаги қатор ташкилот, муассаса ва аҳоли хонадонларида бўлиб, одамлар фикри, талаб ва эҳтиёжларини ўргандилар, юзма-юз мулоқот қилдилар. Туман фаоллари, фуқаролар йиғинлари раислари, тадбиркорлар, фермерлар ва аҳолининг турли қатламлари билан бўлган учрашувларда ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда аҳоли манфаатларини ҳимоялаш каби масалаларга кенг ўрин берилди. 

Парламент аъзолари тумандаги ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан ҳам танишдилар. Маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура ва ички ишлар органлари, тумандаги давлат бошқаруви идоралари ўз зиммаларидаги вазифаларни қай даражада бажараётганига, фуқаролар мурожаатлари қандай ҳал этилаётганига жиддий эътибор қаратилди.

Ўрганишлар давомида халқ вакиллари томонидан тумандаги 158 та хонадонда, 13 та фуқаролар йиғини ва 10 та ижтимоий соҳа объектида мулоқот ташкил этилди. Суҳбат давомида 155 та муаммоли масала кўриб чиқилди. Уй-жой, коммунал, транспорт ва йўл қурилиши, таълим, маданият ва спорт, соғлиқни сақлаш, банк-кредит, экология, бандлик, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш ҳолатига тааллуқли масалаларнинг 6 таси жойида ҳал қилинди, бошқа масалалар юзасидан тегишли идораларга сўровлар берилди. 

— Депутат ва сенаторлар туманимиздаги қишлоқ врачлик пунктлари аҳволини ўрганди, тиббий хизмат соҳасидаги ислоҳотлар, тиббиёт муассасаларининг иш самарадорлигини ошириш бўйича фикр алмашди, — дейди “Ҳизрэли” қишлоқ  врачлик  пункти ҳамшираси Роҳатой Сафарбоева. — Юртимиздаги соғлиқни сақлаш соҳасида бўлаётган янгиланишлар ҳақида ҳам  атрофлича тушунчага эга бўлдик. Яқин кунларда туманимиздаги 2 та ҚВП оптималлаштирилиб, поликлиникага айлантириладиган бўлди. Бу қишлоқ аҳолисига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати янада яхшиланишига хизмат қилади.

Парламент аъзоларининг жойларда аҳоли билан мулоқотлари давом этмоқда. 

Темур  ЭШБОЕВ,

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn