Инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг мустаҳкам кафолати
  • 05 Апрель 2017

Инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг мустаҳкам кафолати

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари изчиллик билан давом эттирилмоқда. Жорий йил 1 апрелдан кучга кирган “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ана шу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришга қаратилган. Мухбиримиз соҳа мутахассисларининг мазкур ҳужжат мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Қаҳрамон ЎЛЖАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист:

— Истиқлол йилларида юртимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, уни фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қила оладиган мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, ўтган даврда жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал қонунчилиги ислоҳ қилиниб, суд тизими ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чиқарилди. Умумий юрисдикция судлари ихтисослаштирилди. Натижада жиноят ва фуқаролик ишларини малакали асосда кўриб чиқиш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида тайёрланган ушбу Қонун суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини оширишга йўналтирилган.

Мазкур ҳужжат юртдошларимизнинг одил судловга бўлган ишончини оширади, жамият ҳаётида қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Буларнинг барчаси пировардида бизни ҳуқуқий демократик жамият барпо этишдек улуғвор мақсадларимиз сари яқинлаштиради.

Гўзал ЗИГАНШИНА, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси:

— Республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлар инсонпарварлик ғояларини ўзида мужассам этганлиги билан ажралиб туради. Буни ушбу янги Қонун мисолида ҳам кўриш мумкин. Унга кўра, бир қатор қонун ҳужжатлари — Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Жиноят-ижроия кодекслари, “Судлар тўғрисида”ги ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилдики, бунинг туб замирида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш мақсади ўз ифодасини топган. 

Янги Қонун билан қамоққа олиш тарзидаги жиноий жазо бекор қилинди. Шунингдек, жиноий жазолар тизимига озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тури — “мажбурий жамоат ишлари” киритилди. Айни чоғда жиноятда гумон қилинаётган шахсларни қамоқда сақлаш муддати 

72 соатдан 48 соатгача, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қолаверса, дастлабки тергов муддатлари 12 ойдан 7 ойгача қисқартирилди. Ўз навбатида, фуқаролик ишлари бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 

3 йилдан 1 йилга камайтирилди. Шуларнинг ўзиёқ мазкур ҳужжат нечоғли -инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилганлигини кўрсатиб турибди.

Жавдат УБАЙДУЛЛАЕВ, жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг раиси:

— Мазкур Қонун билан судлар нуфузи янада оширилганлигини айтиб ўтиш зарур. Масалан, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйишга ва мурдани эксгумация қилишга санкциялар бериш ҳуқуқи прокуратурадан судларга ўтказилди, суд иши -юритувида “Хабеас корпус” институтини қўллаш имкони янада кенгайтирилди ва жиноят процессида суд назорати роли ҳамда аҳамияти кучайтирилди. 

Шу ўринда судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни рад этишда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Бунда суд томонидан қўшимча тергов ўтказиш учун жиноят ишини қайтариш институти бутунлай бекор қилиниб, суд текшируви чоғида камчиликларни тўлдириш механизми мустаҳкамланди. 

Вилоят даражасидаги жиноий ҳамда фуқаролик ишларини судлар томонидан назорат тартибида кўриб чиқиш институти бекор қилиниши муҳим янгиликлардан бири бўлди.

Умуман, мазкур Қонун суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги поғонага кўтариш орқали инсон ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоялашга хизмат қилади.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ 

ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn