Ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асоси
  • 31 Март 2017

Ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асоси

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётдан розилигини, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлаш, осойишта умр кечиришини кафолатлашга оид саъй-ҳаракатларнинг изчил амалга оширилиши кўп жиҳатдан ички ишлар тизими фаолиятига бевосита боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини, давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш  мақсадида 2016 йилнинг 16 сентябрида имзоланган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун мазкур тизим фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамлади.         

Айни пайтда хавфсизлик, тинчлик-тотувликни асраш, бунда ички ишлар идоралари масъулиятини кучайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда юксак малакали, профессионал кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, шахсий таркибнинг нафақат касб маҳорати, балки маънавий-маърифий, ҳуқуқий билимини ошириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар соҳадаги ишлар самарадорлигини кучайтирмоқда. Ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий усулларидан фойдаланган ҳолда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг ўзига хос тизими яратилгани юртимиздаги хотиржамликни кафолатлашда асосий омил бўлаётир.

Жорий йилнинг 17 мартида кучга кирган ушбу Қонун ички ишлар органлари мақоми, фаолиятининг шакл ва усулларини ҳар томонлама тартибга солиш баробарида, уни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

Бинобарин, Қонунда ички ишлар органлари асосий вазифалари, фаолият йўналишлари ва принциплари мустаҳкамлаб қўйилди. Ички ишлар органларининг фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини, жамоат тартибини ва жамоат хавфсизлигини, юридик ҳамда жисмоний шахслар мол-мулки ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ вазифалари ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланди. 

Қонуннинг бугунги кунда долзарблиги, янгилиги ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, авваламбор, унда ички ишлар органларининг ваколат ва мажбуриятлари, шунингдек, ушбу идораларда хизмат ўташ тартиби ва шартлари, ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси яхлит ҳужжатда мужассам этилганини таъкидлаш лозим. Мазкур соҳани ҳуқуқий тартибга солишнинг хорижий ва миллий тажрибаси инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган Қонун Ўзбекистон Республикасида илк бор ички ишлар органлари ва ходимларининг давлат миқёсида ҳуқуқий мақомини қонун даражасида мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий зарурати ва аҳамиятини эътироф этишда ҳам муҳим ўрин тутади.   

Ушбу ҳужжатнинг асосий йўналиши — ички ишлар органлари фаолиятини амалга ошириш жараёнида фуқаролар ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилган, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга чек қўйишдан иборат. Шу билан бирга, шахсларни ҳам ноқонуний ижтимоий хавфли хуружлардан, ҳам ходимлар томонидан ички ишлар органларига юклатилган вазифаларни бажариш чоғидаги ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилишни таъминлайди. 

Қонунда ички ишлар органлари фаолиятининг асосий принципларининг ҳар бири алоҳида очиб берилган, қўллаш учун рухсат этилган махсус воситаларнинг муайян рўйхати, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя қилиш кафолатлари назарда тутилган. 

Маълумки, сўнгги йилларда ёшлар ўртасида ички ишлар органлари тизимида хизматни ўташ ҳамда ишга киришга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Шуни инобатга олган ҳолда айтиш жоизки, Қонунда ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш ва хизматдан бўшатиш билан боғлиқ хизмат муносабатларининг тартибга солингани, бу борада очиқлик ва ошкоралик тамойиллари белгилаб қўйилгани ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилган бир қатор нормалар мустаҳкамлангани ҳам диққатга сазовор. Бу эса, ўз навбатида, ушбу тизимда хизмат қилишга бел боғлаган мард, жасур ва ватанпарвар ёшлар сафини янада кенгайтириш, айни пайтда ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажаришларини таъминлашда долзарб аҳамият касб этади. 

Умуман, Қонунда ички ишлар органлари фаолиятининг энг муҳим тамойиллари сифатида қонунийлик, ҳуқуқни ҳурмат қилиш ва унга риоя этиш, фуқароларнинг эркинлиги ва қонуний манфаатлари, очиқлик ва шаффофлик каби умуминсоний қадриятлар ўз ифодасини топган. Эътиборлиси, мазкур ҳужжат соҳага доир қонун ҳужжатларини яхлитлаштириш орқали амалдаги тизимнинг фаолият самарадорлигини янада ошириш, жамоат тартибини сақлаш ва тинчлик-осойишталикнинг барқарорлигини таъминлаш, пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга ҳамда мамлакатимиз тараққиётини жадаллаштиришга хизмат қилади.

Умиджон СУЛАЙМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик 

масалалари қўмитаси аъзоси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn