Ахборот-кутубхона муассасалари ва қонунчилик
  • 30 Апрель 2014

Ахборот-кутубхона муассасалари ва қонунчилик

Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорликда “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси: ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш масалалари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, тегишли вазирлик ҳамда идоралар мутасаддилари, барча вилоятларнинг ахборот-кутубхона муассасалари раҳбар-ходимлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда вояга етаётган ёш авлоднинг интеллектуал эҳтиёжларини қондиришга, маданий-маърифий қадриятларни сақлашга қаратилган мутлақо янги, замонавий кўринишдаги ахборот-кутубхона тизимини яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказларини ривожлантиришнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 февралдаги қарори мамлакатимизда ягона ахборот-кутубхона тизимини шакллантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида ахборот-кутубхона ресурсларини ривожлантириш ҳамда аҳолига сифатли ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни ташкил этиш, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланиши ҳамда малакали кадрлар билан таъминланишида муҳим омил бўлмоқда.

— Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг ижросини таъминлаш масалаларини муҳокама қилиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ҳафиза Каримова. — Жойларда бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда, хусусан, мазкур Қонуннинг ижросини таъминлаш мақсадида ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ривожлантириш юзасидан аниқ дастурлар қабул қилинган.

Чунончи, ахборот-кутубхона фаолиятида қонун нормаларини амалга ошириш доирасида адабиёт фондлари кўпайишини таъминлаш, ахборот-кутубхона ресурсларидан аҳолининг эркин фойдаланишини кенгайтириш бўйича режали ҳамда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш асосида ахборот-кутубхона муассасаларининг самарали фаолиятини таъминлаш бўйича бир қатор ташкилий-техник чора-тадбирлар изчил қўлланилмоқда.

Давра суҳбатида ахборот-коммуникация технологиялари асосида замонавий ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказларини ташкил этиш ҳамда улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, фойдаланувчиларга масофадан туриб ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишни ташкил қилиш, ахборот-кутубхона ресурсларини рақамлаштириш, соҳада кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга қаратилган ишлар хусусида фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда республикамиз миқёсида 12 мингта ахборот-кутубхона муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Уларда сақланаётган адабиётларнинг электрон каталоглари яратилиб, тўлиқ матнли электрон кўринишга ўтказилаяпти. Ахборот-кутубхона муассасаларини замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминлаш, уларни интернет ва «ZiyoNET» тармоғига улаш ишлари жадал олиб борилаяпти. Шунингдек, китобхонлар Миллий кутубхонанинг расмий веб-сайти орқали 500 мингдан ортиқ библиографик ёзув ва электрон кўринишдаги ахборот ресурсларидан масофадан туриб фойдалана олиш имкониятига эга бўлди.

Давра суҳбатида ахборот-кутубхона соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, соҳага оид қонунлар ижросини тўлиқ таъминлаш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn