Тижорат сирининг ҳуқуқий кафолати
  • 30 Апрель 2014

Тижорат сирининг ҳуқуқий кафолати

Ўзбекистонда бозор муносабатлари шароитида иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳозлаш қизғин жараёнга айланди. Иқтисодиётимиз фан ва техниканинг энг илғор ютуқларига, ишлаб чиқаришни самарали бошқаришга, инновацион ғояларни шакллантираётган таълим тизимига таянади, десак, муболаға бўлмайди. Бу, ўз навбатида, нафақат назарий фанлар ривожлантирилишини қўллаб-қувватлашни, кенг инвестиция жалб қилишни, инновацияларни амалиётга татбиқ қилишни кучайтиришни, балки, энг аввало, уларнинг технологик, ахборот ҳамда тижорат хавфсизлигини таъминлашни талаб қилади.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятида тижорат сирларидан таркиб топган ахборот ресурслари бошқа моддий ва интеллектуал активлар қатори муҳим аҳамият касб этади. Уларнинг мулкдорлари ўз ваколатлари доирасида тижорат сирларини қайта ишлаш, ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланишнинг тартиб-таомилларини мустақил белгилайди. Тегишли ҳуқуқнинг эгаси сифатида улар ўзларининг ахборот ресурсларига қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ эгалик қилишлари ҳамда улардан фойдаланишлари мумкин.

Шундай қилиб, ҳар бир хўжалик юритувчи субъект “тижорат сири” деб номланган ўзининг конфиденциал ахборот ресурсини шакллантиради. Аммо улар ҳар доим ҳам ушбу тушунчанинг мазмун-моҳияти ҳамда инсофсиз рақобатдан қандай ҳимояланишни чуқур тушунавермайди. Қандай ахборотлар тижорат сири ҳисобланиши, уларнинг корхонага зарар етказмасдан шериклари, рақобатчилари ва давлат органларига қанчалик очиқ бўлиши кераклиги амалдаги қонунчиликда етарли даражада ёритиб берилмаган. Шу ўринда алоҳида қайд этиш керакки, бундай ҳолатларда тижорат билан шуғулланадиган ҳар бир корхонанинг илмий-техникавий, технологик, ишлаб чиқариш, молиявий-иқтисодий амалиётлар, шунингдек, ўз ҳужжатлари тўғрисидаги ахборотини сир сақлашдаги ҳуқуқи амалга оширилади.

Ўзбекистон Рсепубликасининг Конституцияси ва қонунлари асосида барча мулкдорлар ўз ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар билан таъминланган. Ўз навбатида, интеллектуал мулк объектларининг мутлақ эгалари ва тижорат сири эгалари турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўзда тутилган ҳуқуқ ҳамда ваколатлардан фойдаланади.

Қонунчиликнинг махфий ахборот, тижорат сири ва бошқа турдаги сирлар ҳақидаги нормалари республикамизнинг 40 та қонунида мавжуд. Шу билан бир қаторда, давлатимиз раҳбарининг 35 та Фармон ва қарорлари ҳамда ҳукуматнинг тегишли қарорларида ҳам мазкур тушунчага дахлдор қоидалар ўз ифодасини топган. Аммо тижорат сирини ҳимоя қилишга оид турли ҳуқуқий ёндашувлар ва бошқа масалалар қонунчиликда бир хил акс этмаган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан “Тижорат сири тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларда махфий ахборот тоифасига кирадиган маълумотлар рўйхати тасдиқланган ҳамда ҳимоя қилиниши лозим бўлган “тижорат сири” ҳам ўрин олган.

Ҳозирги кунда қонун лойиҳаси нормалари атрофлича муҳокама қилинмоқда. Ушбу ҳужжатни янада такомиллаштиришда депутатлар билан бир қаторда соҳа мутахассислари ва экспертлари, ҳуқуқшунослар, фуқаролик жамиятининг манфаатдор ташкилот ва институтлари вакиллари фаол қатнашмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси бўйича парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзолари ҳам ўз нуқтаи назарларини билдиришди.

Бунда жамият манфаатларига тааллуқли тижорат сири режимини ўрнатиш жараёнини ҳуқуқий тартибга солиш масаласи алоҳида эътиборга олинмоқда.

Фикримизча, “тижорат сири” тушунчаси дейилганда, ишчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, иш жойининг махсус шароитлари ва ихтисослашуви, меҳнат муҳофазаси, хусусан, ишлаб чиқариш жароҳатлари ҳамда касб касалликлари кўрсаткичлари, ишчиларнинг сони ва таркиби, бўш иш жойлари ҳақидаги ахборотлар тушунилмаслиги керак. Иш берувчиларнинг иш ҳақи ва ижтимоий тўловлар ҳақидаги маълумотлари ҳам “тижорат сири” бўлмаслиги керак. Бундай ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш давлат ҳокимияти органларининг самарали чора-тадбирлари орқали ёки иш берувчи ҳамда ходимлар ўртасида ижтимоий шериклик асосида амалга оширилиши мумкин.

Айни пайтда тижорат сири режими атроф-муҳит ифлосланиши, ёнғин хавфсизлиги ҳолати, санитария-эпидемиологик ва радиациявий вазият, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига доир ва бошқа маълумотларга тааллуқли бўлмаслиги мақсадга мувофиқ.

Шуни қайд этиш керакки, “Тижорат сири тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқларни тўлдириши лозим. Бу тижорат сирини белгилашдаги турли ёндашувларнинг олдини олади, тижорат сири эгасининг ҳуқуқларини мустаҳкамлайди, махсус режим тижорат сирларини белгилаш масалаларини ҳуқуқий жиҳатдан бир хил тушунишни таъминлайди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тижорат сири эгаларининг ҳуқуқларини ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш орқали ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар тизимини шакллантиришга хизмат қилади. Умуман, шу асосда хўжалик юритувчи субъектларнинг самарали фаолияти, ахборот технологиялари, ишлаб чиқариш ноу-хаулари ҳамда инновацияларнинг жадал ривожланиши учун қулай шароит яратилади. Буларнинг барчаси пировардида барқарор иқтисодий ўсишга олиб келади.

Феруза ОМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn