Янги сайланган Президентларнинг биринчи учрашуви
  • 04 Март 2017

Янги сайланган Президентларнинг биринчи учрашуви

2017 йил 6-7 март кунлари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатидаги биринчи хорижий сафарини амалга оширади. 

Яна шуниси ҳам эътиборли ва ҳатто рамзий маънога эгадирки, давлатимиз раҳбари ўтган ойда янги сайланган Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг биринчи олий мартабали меҳмони бўлади.

Мамлакатимиз етакчиси февраль ойида йўллаган табрикномасида Гурбангули Бердимуҳамедовни сайловда эришган ишончли ғалабаси билан қутлар экан, бўлажак ташриф икки томонлама муносабатларда том маънодаги тарихий воқеа бўлажагига ишонч билдирди. Қолаверса, кейинги ярим йил давомида давлатларимиз ўртасидаги турли даражалардаги алоқаларнинг жадал тус олгани ҳамда конструктив ҳамкорликнинг шу пайтга қадар қўйилган мустаҳкам замини ҳам бундан далолат беради.

Ҳеч кимга сир эмаски, маънавий қадриятлар, тил, дин, тарих, урф-одат ва анъаналар муштараклигига асосланган дўстлик ҳамда яхши қўшничиликнинг мустаҳкам ришталари асрлар давомида Ўзбекистон ва Туркманистоннинг қардош халқларини бир-бирига боғлаб келган. Икки халқ ҳамиша бир-бирининг адабиётига, маданияти ҳамда санъатига ҳурмат билан муносабатда бўлган, буюк аждодларнинг бой мероси эса, ҳеч муболағасиз, бизларнинг умумий бойлигимиз ҳисобланади.

Мустақиллик йилларида йўлга қўйилган самимий муносабатлар ўзбек халқи учун оғир бўлган кунларда — Биринчи Президентимиз Ислом Каримов вафот этган дамларда яна бир бор ўз тасдиғини топди. Миллий йўлбошчимиз билан видолашув маросимида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашди. Ўшанда дўст мамлакат раҳбари икки давлат ўртасидаги изчил ҳамкорликнинг ривожланишига катта ҳисса қўшган буюк давлат арбоби, доно сиёсатчини Туркманистон халқи чуқур ҳурмат қилишини баён этган эди.

Ана шундай эҳтиромнинг рамзи сифатида Туркманобод шаҳрида мамлакатимизнинг биринчи раҳбари номи билан аталадиган марказий кўчадаги Ислом Каримов номли хиёбонда Ўзбекистон Биринчи Президентининг хотира мажмуи барпо этилмоқда. Туркманистон раҳбари ўтган йил 4 ноябрь куни Ашхободда мамлакатимиз ҳукумати делегациясини қабул қилган чоғдаёқ бу ҳақда баёнот берган эди.

Самимий қардошлар ҳамда яқин қўшнилар сифатида ўзбеклар ҳамда туркманлар яхши ва ёмон кунларда ҳам ҳамиша бир-бирига елкадош бўлиб келган. Масалан, 

2016 йил 17 сентябрь куни мамлакатимиз Бош вазирининг ўринбосари бошчилигидаги делегация туркман халқининг қувончига шерик бўлиб, Ашхободда янги аэропортнинг очилиш маросимида иштирок этди.

Туркманистон Президентининг республикамиз ҳукумати аъзолари билан бўлган яна бир учрашуви икки томонлама муносабатларнинг ўсувчанлигидан далолат беради. Гурбангули Бердимуҳамедов ўтган йилнинг 26-27 ноябрь кунлари Ашхободда бўлиб ўтган БМТнинг Барқарор Транспорт бўйича биринчи Глобал конференцияси доирасида Ўзбекистон делегациясини қабул қилди. Самимий суҳбат чоғида икки томонлама алоқалар, шу жумладан, транспорт-коммуникация соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Шу ўринда яна бир жиҳатни айтиб ўтиш жоиз: мамлакатларимиз кўп томонлама музокаралар доирасида ҳам бир-бири учун ишончли таянчдир. Ўзбекистон Туркманистон раҳбарининг Халқаро нейтралитет кунини таъсис этиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлагани бу фикрнинг яққол тасдиғи ҳисобланади. Бунинг натижасида жорий йил 2 февраль куни БМТ Бош Ассамблеясининг 71-сессиясида 12 декабрни Халқаро нейтралитет куни деб эълон қилиш тўғрисидаги Резолюция мамлакатимиз ҳаммуаллифлигида қабул қилинди.

1996 йил 16 январдаги Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги Шартномада кўзда тутилганидек, бир-бирини қўллаб-қувватлаш икки томонлама муносабатлардаги асосий жиҳатлардан бири ҳисобланади. Мазкур Шартномани бугунги кунга қадар имзоланган қарийб 190 та битимдан иборат салмоқли ҳужжатлар тўпламининг “тожи” дейиш мумкин.

Ўз-ўзидан аёнки, юқорида қайд этилган шартномаларнинг аксарияти Тошкент ҳам, Ашхобод ҳам устувор даражада эътибор қаратадиган савдо-иқтисодий ҳамкорликка алоқадордир. Бу йўналишдаги ҳамкорлик кўлами ҳамда унга бериладиган аҳамият даражаси катта эканлигини тасдиқлаш учун биргина мисолни келтиришнинг ўзи кифоя: сўнгги олти ой мобайнида Ўзбекистон — Туркманистон савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг иккита мажлиси бўлиб ўтди. Сўнгги мажлис якунлари бўйича томонлар иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, сув-хўжалик объектларидан биргаликда фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда нефть маҳсулотлари етказиб бериш, ўзаро миллий кўргазмаларни ташкил қилиш юзасидан келишувларга эришдилар.

Мазкур ҳукуматлараро комиссиянинг номланишидан ҳам аёнки, томонлар маданий-гуманитар ҳамкорлик масалаларини мунтазам равишда муҳокама этишади. Чунки ўзаро муносабатларнинг бу йўналиши ҳам халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишида улкан аҳамиятга эга. Бунинг самаралари эса кафтдагидек равшан: Ўзбекистон ва Туркманистон вакиллари ҳар икки мамлакатда ўтказиладиган турли концертлар, фестиваль ҳамда танловларда мунтазам қатнашмоқда. Шу билан бирга, ҳар йили ўзбек ва туркман санъат дарғаларининг иқтидори ҳамда юқори маҳоратини очиб берадиган тадбирлар уюштирилади. Ўтган йил 26 — 28 сентябрь кунлари Ашхободда бўлиб ўтган “Ўзбек киноси кунлари” доирасида мамлакатимиз кино санъати усталари томонидан суратга олинган 8 та бадиий фильм намойиш қилинди.

2016 йилнинг 7 — 11 ноябрь кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Туркманистон маданияти кунлари” тадбири доирасида республикамиз аҳли қардош туркман халқининг бой анъана ва урф-одатлари билан яқиндан танишди. Тошкент ҳамда Бухоро шаҳарларида дўст мамлакат санъаткорлари иштирокида кўргазмалар, ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, концертлар ҳамда фильмлар намойиши бўлиб ўтди.

Жорий йил 4-5 февраль кунлари Ўзбекистоннинг Бухоро ва Хоразм вилоятлари делегацияларининг Туркманистоннинг Лебап ҳамда Тошҳовуз вилоятларига ташрифлари ҳам тегишли минтақалар маъмуриятлари раҳбарлари, ишбилармон ва жамоатчилик доираларининг вакиллари иштирокидаги музокараларга бой бўлди. Ташриф қатнашчилари қардош мамлакат ҳамда халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган бундай муносабатларнинг юқори даражасидан алоҳида қониқиш билдирдилар. Шунингдек, минтақалараро даражадаги тўғридан-тўғри ҳамда яқин шериклик алоқаларини, энг аввало, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни ривожлантириш муҳим эканлиги қайд этилди. Ташрифлар чоғида Ўзбекистон делегацияси учун Туркманистоннинг республикамизга чегарадош бўлган вилоятларидаги саноат корхоналари ҳамда маданий муассасалари билан танишув тадбирлари ташкиллаштирилди.

Мамлакатларимизда истиқомат қиладиган ўзбек ва туркман этник гуруҳларининг вакиллари икки томонлама ҳамкорлик тараққиётида салмоқли ўрин тутади. Маълумки, Ўзбекистонда яшайдиган миллат ҳамда элатларнинг ҳар томонлама ривожланишига республикамизда алоҳида эътибор қаратилади. Шуни таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида қарийб 189 минг нафар туркман қардошларимиз истиқомат қилади. Бу миллат фарзандлари туркман тили ўқитиладиган 47 та мактабда таҳсил олишаяпти.

Бундан ташқари, юртимизда Туркман миллий маданий марказлари ҳам муваффақиятли фаолият кўрсатаётир. Улар Ўзбекистон фаровонлиги ва миллатлараро ҳамжиҳатликнинг мустаҳкамланишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқда.

Ўзбекистон — Туркманистон ўртасидаги муносабатларнинг ана шундай дўстона ҳамда яқин қардошлик моҳиятига эга эканлиги, қолаверса, бўлажак ташриф кун тартибининг учрашув ва музокараларга жуда бойлиги ҳам давлатимиз раҳбарининг олдинда турган давлат ташрифи халқларимиз тарихида том маънодаги унутилмас воқеа бўлиб қолишидан дарак беради. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ҳамда Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида аллақачон йўлга қўйилган ишончли ҳамда конструктив мулоқот туфайли энди икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги, стратегик шериклик даражасига олиб чиқилиши учун кенг имкониятлар эшиги очилаяпти.

Г. НУРЖОНОВА.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn