Депутатлар тиббий хизмат сифатини ўрганаяпти
  • 04 Март 2017

Депутатлар тиббий хизмат сифатини ўрганаяпти

Президентимиз шу йилнинг 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ҳамда соҳанинг ривожланиш истиқболларига бағишлаб ўтказилган мажлисларда мавжуд камчиликлар ечимига доир етарлича чоралар кўрилмаётганлигидан келиб чиққан ҳолда, мазкур тизим фаолиятига оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, парламент ва депутатлар назоратининг мутлақо янги механизмини жорий қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Айтиш керакки, ижро ҳокимияти томонидан уларнинг вақтида, сифатли ижро этилишини доимий назорат қилиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ҳамда халқимизнинг тиббий маданиятини ошириш, соҳа қонунчилигини такомиллаштириш ва амалиётга татбиқ этиш борасидаги ишларни изчил ташкил қилишга бевосита кўмаклашиш, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси ҳамда унга сўзсиз амал қилиниши борасидаги пар-ламент ва депутатлар назоратининг таъсирчан механизмларини такомиллаштириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия тузилиб, Низоми тасдиқланди. Комиссия ўз фаолиятини доимий равишда амалга оширади.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятига кўмаклашиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилди. 

Ҳудудий ишчи гуруҳлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги назорат-таҳлил фаолиятини амалга оширишда уларга амалий ҳамда услубий ёрдам кўрсатиш баробарида, аниқланган муаммо ва камчиликларни, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунларнинг ижро этилишини, шунингдек, уларнинг ушбу соҳага оид қарорлари бажарилишини текшириш юзасидан қабул қилинган қарорларини, қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникалар раҳбар-ларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотлари юзасидан фуқароларнинг ўзини ўзи бош-қариш органлари қарорларини таҳлил қилиб, натижасига оид маълумотларни доимий равишда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги комиссияга тақдим этиши белгиланган.

Шу боис Олий Мажлис аъзолари март ойидаги иш режасига мувофиқ, Навоий вилояти аҳолиси билан мулоқот ва учрашувларни вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг аҳволи, дори-дармон ҳамда муолажа воситалари билан узлуксиз таъминлаш ҳолати каби масалалар, бу борада фуқароларнинг талаб ва таклифларини ўрганишдан бошлашди. 

Чунончи, Конимех туманида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш таҳлил қилинди. Туман тиббиёт бирлашмаси таркибида кўп тармоқли поликлиника ҳамда марказий шифохона, шунингдек, Шўркўл ҳудудий поликлиникаси билан бирга, олтита қишлоқ врачлик пункти фаолият кўрсатмоқда. Мазкур муассасаларнинг тиббий хизмат кўрсатиш доираси 5 километрдан 260 километргача бўлган ҳудудни ташкил этади.

— Келгусида ҳудудий поликлиникамиз замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланиши ва бу ерга тажрибали шифокорлар жалб қилиниши ҳақидаги фикр бизни беҳад қувонтирди, — дейди тумандаги “Тўққизтепа” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Райҳон Кузембаева. 

Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида “Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш, шунингдек, бу соҳада депутатлар ва жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги масала муҳокама этилиб, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишда ҳеч қандай масофа монелик қилмаслиги лозимлиги таъкидланди.

— Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига тегишли ҳудуд аҳолисига тиббий хизмат кўрсатаётган ҚВП ҳамда поликлиникалар раҳбарлари ахборотларини ҳар ўн беш кунда эшитиб бориш ва қарорлар қабул қилиш тавсия этилди, — дейди Олий -Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Қувватов. — Албатта, бу жамоатчилик назоратини таъминлашда ўз самарасини беради. 

Шунингдек, парламент аъзолари иш режасига мувофиқ, вилоятнинг Навбаҳор тумани аҳолиси билан учрашувлар ўтказилиб, уларни ташвишга солаётган муаммо ҳамда камчиликлар ўрганилмоқда.

Темур  ЭШБОЕВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn