Тадбиркорлар учун имкониятлар янада кенгаймоқда
  • 07 Февраль 2017

Тадбиркорлар учун имкониятлар янада кенгаймоқда

Бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг сезиларли қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келаётгани соҳа ривожидан далолат беради.

Бу улар учун яратилаётган кенг имкониятлар, хусусан, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асослар такомиллаштирилиб борилаётгани, турли тўсиқлар бартараф этилаётгани, жорий қилинаётган қулайлик ва шароитлар билан изоҳланади, албатта.

Ишбилармонларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, табиийки, ўз бизнесини ташкил этиш ниятидагилар сонининг ортишига сабаб бўлади. Уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва фаолиятини кенгайтириш мақсадидаги тадбиркорларга кенг имконият яратишни замоннинг ўзи талаб этмоқда.  

Давлатимиз раҳбари томонидан яқинда имзоланган “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш, тадбиркорлик тузилмаларига давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш ва сифатини ошириш, қисқача айтганда, ишбилармонларнинг имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Қарорнинг муҳим янгилиги шундаки, эндиликда туман ва шаҳарларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатиш марказлари туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарувига ўтказилмоқда. Бу, ўз навбатида, “ягона дарча” марказларини бошқаришнинг самарали тизимини жорий этиш ва уларнинг бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш имконини беради. 

Яна бир эътиборли жиҳати, айни пайтда юзага келаётган муаммолар туб моҳиятини аниқлашнинг мақбул йўли ҳисобланган халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш ва шу орқали давлат хизматларининг сифати, очиқлиги ва шаффофлигини оширишга қаратилган зарур чораларни кўриш мақсадида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика ва ҳудудий комиссиялар ташкил этилиши ишбилармонлар олдида турган тўсиқларни ўз вақтида ҳал қилишда айни муддаодир. 

Мазкур ҳужжат билан “Лицензия” ахборот тизимлари комплекси ишга туширилади. Бу тадбиркорларга рухсатнома ва лицензиялар олиш тўғрисида электрон шаклда ариза бериш имкониятини яратгани ҳолда, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларининг автоматлаштирилиши ортиқча қоғозбозликларни бартараф этади. 

Қарор ижросини таъминлаш, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, амалдаги қонунларга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш масалалари парламент депутатларига ҳам масъулиятли вазифаларни юклайди. Зеро, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, асосийси, аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омилидир. 

Мазкур қарорда кўзда тутилган чоралар, энг аввало, бизнес вакилларига давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида сансалорликлар, бюрократик тўсиқ ва расмиятчиликларнинг олдини олиш ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, уларнинг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Раҳматилла КАРИМОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn