Қонун устуворлигини таъминлашнинг самарали механизми
  • 07 Февраль 2017

Қонун устуворлигини таъминлашнинг самарали механизми

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг юртимиз истиқболи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга концептуал таклифлари ва маърузаларида кенг кўламли ислоҳотлар чин маънода ҳамда бекаму кўст халқ манфаатларига хизмат қилиши зарурлигига алоҳида урғу берилган.

Айни мақсадда қисқа вақт ичида қатор қонун ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалиётга йўналтирилди. Давлатимиз раҳбарининг “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори барча соҳада қонунийликни ва қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ҳамда -эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлардан биридир.

Юридик хизматнинг жамиятни янгилаш, мамлакатни модернизация  қилишдаги ўрни ва аҳамияти муҳим эканини таъкидлаш жоиз. Бинобарин, ҳуқуқий демократик қадриятлар қарор топган жамиятда  юридик хизмат ёрдамида давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларда қонун нормаларини татбиқ этиш сифат ва самарадорлигини ошириш,  ҳар қандай қонунбузилишлар ҳамда жиноятларнинг — айниқса, иқтисодиёт соҳасида — олдини олиш, мансабдор шахслар ва барча тоифадаги мутахассисларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда  ишчи-ходимларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизими шакллантирилади.

Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қарорнинг заруратини қуйидаги омиллар билан изоҳлашимиз мумкин.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда “Ҳаммамиз яхши тушунамизки, қонунларни қабул қилиш — бу ишнинг бир қисми, холос.  Асосий масала — қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлашдан иборатдир. Афсуски, мазкур йўналишдаги ишлар талаб даражасида эмас. Бунинг оқибатида охирги уч йилда давлат органларининг 157 та қарори ўз кучини йўқотган қонунлар асосида чиқарилган”, дея норма ижодкорлиги ва қонунларнинг ишлаш механизмидаги камчиликлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Бундан кўринадики, давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматлар фаолиятини жонлантириш, уларнинг ўрни ва мақомини ошириш мазкур камчиликларни узил-кесил бартараф этиш имконини беради. Шу маънода, юқорида келтирилган қарор бугунги кун талабларига ҳамоҳанглик ва уйғунлик касб этади.   Чунки “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳасида муҳим мезонга айланган айни дамда давлат ва фуқаро, давлат ва юридик шахс, давлат органи ва фуқаро, иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларда янгича ёндашув вужудга келиши табиий, албатта.

Қарорга мувофиқ, юридик хизматни ташкил этиш ва амалга оширишга масъул шахсларга қўшимча имтиёз ҳамда кафолатлар берилиши, шунингдек, адлия органларининг юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориши билан боғлиқ масъулияти ҳам кучайтирилганини қайд этиш керак. Айниқса, юрисконсультларни лавозимига тайинлаш ва озод этиш масалаларининг мажбурий тартибда адлия органлари билан келишилиши шартлиги ва масъулиятсизликка йўл қўйган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда юридик хизмат ходимларига нисбатан интизомий иш юритишни қўзғатиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқи адлия идораларига берилиши соҳада ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Қарор асосида соҳани тажрибали ва етук кадрлар билан тўлдириш ҳамда улар малакасини ҳар уч йилда камида бир марта ошириши учун зарур молиявий ҳамда ташкилий механизмлар белгилаб қўйилди.

Умуман, юридик хизматларнинг нуфузини янада юксалтириш йўлидаги  бу дадил қадам мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар талаби ва мазмун-моҳиятига монанд тарзда давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, жамият аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини оширишда амалий аҳамият касб этади.

Толибжон МАДУМАРОВ,

Олий Мажлис Сенати 

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn