Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши: Миллий тажриба ва халқаро стандартлар
  • 26 Апрель 2014

Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши: Миллий тажриба ва халқаро стандартлар

Тошкентда “Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши: Ўзбекистон тажрибаси ва меҳнат соҳасидаги халқаро стандартлар” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Адлия вазирликлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Савдо-саноат палатаси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, вазирликлар, идоралар, халқаро ҳамда жамоат ташкилотлари мутасаддилари, хорижий экспертлар, иш берувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Конференция иштирокчилари Ўзбекистонда тараққиётнинг “ўзбек модели” тамойиллари ҳаётга изчил татбиқ қилинаётгани, бу демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, юрт равнақи, халқ турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этишди.
Бугунги кунда юртимизда инсон манфаатларини рўёбга чиқариш олий қадрият даражасига айлангани, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинаётгани бунинг тасдиғидир. Бу йўлда зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилиб, улар замон талаблари асосида такомиллаштирилаётир, соҳада фуқаролик жамияти институтларининг роли ошиб бораяпти. Меҳнат кодекси, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлар ҳамда икки юздан ортиқ қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар бу йўлда мустаҳкам пойдевор бўлмоқда. Шу кунларда кенг жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокамадан ўтказилаётган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши ҳам ана шу ислоҳотларни мантиқ ва сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз.
Айни чоғда мамлакатимиз бир қатор халқаро ҳужжатларга қўшилиб, улардаги инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, меҳнат ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминловчи меъёрлар миллий қонунчиликка имплементация қилинди. Чунончи, Ўзбекистон БМТнинг ихтисослаштирилган муассасаси — Халқаро меҳнат ташкилотига 1992 йилда аъзо бўлиб, унинг ижтимоий адолат тамойиллари, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат соҳасидаги халқаро ҳуқуқларни ўзида ифодалаган ўн учта Конвенциясини ратификация қилган.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ҳар томонлама таъминлаш мақсадида республикамизда салмоқли чора-тадбирлар, лойиҳалар амалиётга татбиқ этилаётир, стратегик аҳамиятга эга давлат дастурлари қабул қилиниб, улардаги устувор вазифалар изчил бажарилаяпти. Биргина 2013 йилнинг ўзида давлат бюджетидан ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар юқори даражада сақлаб қолиниб, мазкур кўрсаткич қарийб 60 фоизга етгани бунга бир мисолдир. Ушбу маблағлар таълим, соғлиқни сақлаш тизимини янада равнақ топтириш баробарида, янги иш ўринлари ташкил қилиш, бандликни таъминлаш ва аҳоли даромадларини ошириш, ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун шароитлар тақдим этиш, ишчи-ходимлар, уларнинг оила аъзолари ижтимоий муҳофазаси, меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш масалалари доимо диққат-эътиборда бўлиб келмоқда.
Халқаро конференцияда бугунги ислоҳотлар, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий тажриба тақдим қилинди, шунингдек, халқаро ҳамкорлик ва унинг истиқболлари ҳақида сўз борди. Айниқса, Ўзбекистоннинг меҳнат соҳасидаги қонунчилиги, ижтимоий-меҳнат муносабатлари тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирлар халқаро стандартларга тўла мос келиши, уларнинг самаралари алоҳида таъкидланди. Хусусан, юртимизда ёшлар бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш ҳамда уларга бола парвариши билан боғлиқ қўшимча таътиллар, оналик билан боғлиқ турли қўшимча тўловлар ажратиш борасида алоҳида имтиёз ва кафолатлар берилган.
Анжуманда меҳнат соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш, давлат, иш берувчилар ҳамда касаба уюшмалари ўртасида конструктив ижтимоий мулоқотни йўлга қўйиш, касаба уюшмалари томонидан меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича қилинаётган ишлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ўзбекистон ҳукумати, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган Бош келишув ана шу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин далилидир. Мазкур ҳужжат мазмун-моҳияти тармоқ ва ҳудудий келишувлар, корхоналар, ташкилот ҳамда муассасалардаги жамоа шартномаларини янада такомиллаштиришда муҳим роль ўйнамоқда. Уларда ходимлар, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, корхона ва ташкилотларда ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларни ишга жойлаштириш учун қўшимча иш ўринлари яратиш, ходимлар малакасини ошириш учун ўқув ҳамда қайта ўқитишни ташкил этиш масалалари кўзда тутилгани бунинг тасдиғидир.
Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ходимлар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш борасидаги тизимли чора-тадбирлар алоҳида қайд этилди. Чунончи, мамлакат касаба уюшмалари янги иш ўринларини яратиш Давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилишига кўмаклашиб, ходимлар меҳнат шароитларини яхшилаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли чоралар кўриб, жамоатчилик назоратини амалга оширмоқда. Уч томонлама маслаҳатлашувлар доирасида ҳар йили меҳнат соҳасидаги долзарб масалаларни кўриб чиқиш учун касаба уюшмалари, иш берувчилар, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида жамоатчилик эшитувлари ўтказиб келинаётир. Нодавлат сектордаги корхона ва ташкилотлар, қўшма, хусусий ҳамда оилавий корхоналарни касаба уюшмаларига жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилаяпти. Хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш борасидаги ишлар кучайтирилиб, якка тартибдаги ҳамда жамоавий меҳнат низоларини судгача ҳал қилиш амалиёти кенгайтирилди. Ўз навбатида, меҳнат муҳофазаси соҳасида бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш масаласи касаба уюшмаларининг доимий эътиборидадир. Ушбу мақсадларда ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид масалалар бўйича кенг кўламли ахборот-тушунтириш ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари йўлга қўйилган.
Халқаро анжуманда иштирок этган халқаро экспертлар томонидан фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси юқори баҳоланиб, иш кучига бўлган талабни рағбатлантириш, иш жойлари ҳимояси, ижтимоий ҳимоя тизимларини кенгайтириш, ижтимоий мулоқот олиб бориш ва ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича Ўзбекистонда катта муваффақиятларга эришилгани эътироф этилди.
Конференция давомида фуқароларнинг асосий меҳнат ҳуқуқлари ҳамда уларни миллий қонунчилик ва халқаро стандартларга мувофиқ таъминлаш усуллари, Ўзбекистон Касаба уюшмаларининг ходимлар меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги фаолияти, халқаро меҳнат стандартларини татбиқ этишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Якунда кўриб чиқилган мавзу бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Сўз — халқаро конференция иштирокчиларига

Кари ТАПИОЛА,
Халқаро меҳнат ташкилоти бош директорининг махсус маслаҳатчиси:
— Аввало, Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз кўлами кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Мамлакатингизда фуқаролар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиб бериш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Соҳага оид мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий база яратилгани, ХМТнинг бир қатор конвенциялари ратификация қилиниб, уларнинг бажарилиши бўйича жамоатчилик мониторинги йўлга қўйилгани ана шундан далолат беради. Шунга уйғун тарзда Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари соҳасида ижтимоий шериклик механизми роли кучайиб бораётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Ҳукумат, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган Бош келишувга мувофиқ амалга оширилаётган ишлар шундай дейишимизга асосдир.

Себастьян КУДЕРК,
эксперт (Франция):
— Анжуманда меҳнат соҳасидаги қонун ижодкорлигида касаба уюшмаларининг иштирокига оид маъруза билан қатнашдим. Ўз навбатида, кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий соҳаларни кенг ривожлантириш асносида ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини тўла амалга ошириш, уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қонунчилик, ислоҳотлар стратегияси билан яқиндан танишдим. Буларнинг барчаси аҳоли турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришга йўналтирилгани билан долзарбдир. Айниқса, молиявий-иқтисодий инқироз таъсири ҳамон сақланиб турган бугунги шароитда хотин-қизлар, ёшлар, ижтимоий кўмакка муҳтож ва имконияти чекланган шахсларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига яқиндан кўмаклашилаётгани эътирофга лойиқ.

Хиточи ТАКИЗУМА,
Япония Касаба уюшмалари конфедерацияси халқаро департаменти директори:
— Бугунги ўзгарувчан замонда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини изчил таъминлаш ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Юртингизда ушбу йўналишдаги ислоҳотлар пойдевори ҳар томонлама мустаҳкамланган. Шу йўлда амалга оширилаётган ишлар, уларнинг самараси, Ўзбекистон тажрибаси анжуман иштирокчилари қатори менда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бу борада ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳар томонлама фойдалидир.

Харри ТАЛИГА,
эксперт (Эстония):
— Аввало, Ўзбекистонда ҳар йили давлат бюджети харажатларининг 60 фоизга яқини ижтимоий соҳаларни ривожлантириш учун йўналтирилаётгани, иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга оид давлат дастури қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилаётганининг аҳамиятига алоҳида тўхталиш лозим. Зеро, мамлакатингизда давр тенденцияларига бундай ёндашув тараққиёт гарови бўлиб келаяпти ва ундан ўрнак олса арзийди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn