Ўзбекистон ва Афғонистон ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги босқичига чиқмоқда
  • 01 Февраль 2017

Ўзбекистон ва Афғонистон ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги босқичига чиқмоқда

Халқда шундай мақол бор: “Қўшнилар танланмайди, қўшниларни Худо беради”, “Қўшнинг тинч — сен тинч”. Ҳамма томонидан тан олинган, шак-шубҳага ўрин қолдирмайдиган бу ҳақиқат, айниқса, кескин низо ҳамда зўравонликлар турли минтақаларни ўз домига тортиб, бир пайтлар ўзаро тинч ва ҳамжиҳат яшаган бутун-бутун халқлар бир-бирига қарама-қарши бўлиб қолган бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ.

Замонавий дунё қурилишининг ғоят мураккаб реалликлари инобатга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясида қўшни мамлакатлар билан дўстлик ҳамда ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш энг муҳим устувор йўналиш сифатида эътироф этилган.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқида хорижий давлатлар, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан яқин ҳамкорлик замонавий талаблар даражасида, ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида ҳамда ҳар икки томоннинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилишини қайд этди. Ўзбекистон ўзининг яқин қўшнилари билан муносабатда очиқ, дўстона ва прагматик сиёсатга содиқ бўлиб қолади.

Давлатимиз минтақавий сиёсатининг вазифалари тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлаш, барча қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ва конструктив сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш билан узвий боғлиқдир.

Шу боис сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан самарали шериклиги изчил мустаҳкамланмоқда ва кенгаймоқда.

Бу жараёнда тарих, маданият, анъанавий қадриятлар муштараклигига асосланган, илдизлари асрлар қаърига бориб туташадиган яқин дўстлик ҳамда яхши қўшничилик ришталари бизларни боғлаб турадиган Афғонистон билан мулоқот алоҳида ўрин тутади. Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Афғонистон Ислом Республикаси ҳудудида 5 миллиондан зиёд ўзбек миллати вакиллари истиқомат қилади. Этник ўзбеклар, жумладан, юқори давлат лавозимларида фаолият кўрсатаётган ҳолда, Афғонистонда рўй бераётган бунёдкорлик жараёнида ҳам фаол иштирок этишмоқда.

Мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Афғонистон раҳбари Муҳаммад Ашраф ўани билан 2016 йил июнь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммити доирасида ўтказган учрашуви икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очди. Шунингдек, Афғонистон етакчиси 2016 йил 3 сентябрь куни Самарқандда Шавкат -Мирзиёев билан учрашув ўтказди. Унда икки давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка сифат жиҳатидан мутлақо янги мазмун бағишлаш учун биргаликда саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш юзасидан келишиб олдилар.

Бу келишувларни ҳаётга татбиқ қилиш доирасида давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан жорий йил 23-24 январь кунлари Афғонистонда бўлди.

Делегация таркибида Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси, “Ўзсаноатэкспорт”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятлари, “Ўзэлтехсаноат” ҳамда “Ўзавтойўл” акциядорлик компанияларининг раҳбарлари бор эди.

Кобулга ташриф чоғида Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф ўани, ҳукуматнинг ижрочи раиси Абдулла Абдулла, ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний, Президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳ. Атмар, давлат раҳбарининг иқтисодий масалалар бўйича катта маслаҳатчиси Ҳ. Қаюмий ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Россия Федерацияси билан ҳамкорлик бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Президент Муҳаммад Ашраф ўани билан учрашув чоғида Ўзбекистон раҳбарининг шахсий мактуби тақдим қилинди. Унда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши масалаларида, шунингдек, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида республикамиз бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканлиги ўз ифодасини топган эди. Давлатимиз раҳбари Муҳаммад Ашраф ўанини ўзига қулай бўлган вақтда расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этгани Афғонистон етакчиси томонидан мамнуният билан қабул қилинди.

Ўзбекистон делегацияси ташрифига ҳамда улар билан музокараларга Президент Муҳаммад Ашраф ўани алоҳида эътибор қаратди — у Афғонистон ҳукумати энг муҳим аъзоларининг барчаси иштирокида ўтган кенгайтирилган йиғилишга шахсан раислик қилди. Йиғилишда иқтисодий ҳамкорлик юзасидан кенг қамровли ҳамкорликка, жумладан, нефть-газ, транспорт-транзит, савдо соҳалари ва Афғонистон Ислом Республикасида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга оид масалалар муҳокама этилди.

Шунингдек, Муҳаммад Ашраф ўани Афғонистон Президентининг “Арк” қароргоҳидаги Буюк инсонлар галереясида улуғ шоир ҳамда мутафаккир, давлат арбоби, ўзбек мумтоз адабиёти асосчиси Алишер Навоий портретининг тантанали очилишида ҳам қатнашди. У ўзининг табрик нутқида Алишер Навоий сиймосига ва унинг ўзбек ҳамда афғон халқларини боғлаб турадиган бебаҳо меросига чуқур ҳурмат изҳор қилди. Афғонистон Президенти ўзбек ва афғон халқлари ўртасидаги тарихий ришталарга, менталитетларнинг ўхшашлиги, маданият, тил, дин, урф-одат ҳамда анъаналар муштараклигига алоҳида тўхталди.

Кенгайтирилган йиғилиш якунларига кўра, икки томонлама қатор ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида 2017 йилда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида тўлақонли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”) бор. Мазкур ҳужжат сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда транспорт-транзит жабҳаларидаги тадбирларни, шунингдек, энергетика, тоғ-кон ва нефть-газ саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ҳамда фармацевтика соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришни кўзда тутади. Ушбу режанинг ҳаётга татбиқ этилиши қисқа муддатларда маҳсулот -айирбошлаш кўрсаткичини мавжуд 0,4 миллиард АҚШ долларидан 1,5 миллиард АҚШ долларига етказиш имконини беради.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисида алоҳида Аҳдлашув протоколини имзолаш орқали томонлар мазкур йўналишдаги алоқаларни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини тасдиқлашди. Жумладан, темир йўл ва автомобиль йўллари ҳамда юқори кучланишдаги электр ўтказиш линиясини қуриш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш имкониятларини ишлаб чиқиш мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари Ўзаро англашув меморандуми билан томонлар учун қизиқиш уйғотадиган икки томонлама, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан мунтазам равишда сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказишга келишиб олдилар. Томонлар имзоланган Битимга мувофиқ, наркотик воситалар, психотроп моддалар ҳамда уларнинг прекурсорлари ноқонуний айланишига қарши курашишда ҳамкорлик қилишга ҳам келишиб олдилар.

Юқоридаги масалалар билан бирга, музокаралар натижасида икки давлатнинг манфаатдор хўжалик юритувчи субъектлари вакиллари ўртасида жами 49,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги экспорт шартномалари имзоланди. Улар Ўзбекистондан буғдой, дори-дармон маҳсулотлари, қора металл прокати, “тез ёрдам” автомобиллари, электр маиший техника буюмларининг Афғонистонга етказиб берилишини кўзда тутади.

Шу маънода, Кобулда Ўзбекистон Савдо уйининг очилиши томонларнинг савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштиришга бўлган интилишларининг рамзий тасдиғи сифатида хизмат қилади. Мазкур тузилма мамлакатимиз иқтисодиёти турли тармоқлари маҳсулотларини Афғонистон бозорига етказиб беришни мувофиқлаштириш билан шуғулланади. Шу мақсадда Савдо уйи ҳудудида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номли доимий фаолият кўрсатадиган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилади.

Шу тариқа республикамиз делегациясининг Афғонистонга самарали ташрифи ва эришилган келишувлар икки томонлама муносабатларни амалий мазмун билан тўлдиради, дўст мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамда узоқ муддатли ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.

Бунинг учун барча асос мавжуд. Айниқса, Ўзбекистон ва Афғонистон тарихда бир-бири билан ҳеч қачон адоватда бўлмагани ҳисобга олинар экан, бу эзгу ниятнинг рўёбга чиқиши аниқ. Учрашувлар чоғида Афғонистон Ислом Республикаси вакиллари “Ўзбекистон афғон халқига ҳамиша баҳоли қудрат кўмак берган ҳамда энг қийин пайтларда қўллаб-қувватлаган”, дея баёнот бердилар.

Бўлиб ўтган музокаралар ва кенг қамровли фикр алмашувлар Афғонистоннинг тинч ҳамда барқарор ривожланишининг зарурий шарти, энг аввало, унинг минтақа давлатлари билан жаҳон хўжалик алоқаларига ҳар томонлама интеграциялашувида эканлигини яна бир карра тасдиқлади.

Яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш Афғонистонга қўшни бўлган барча мамлакат, жумладан, Ўзбекистон манфаатларига жавоб беради, тинчликсевар ва оқил афғон халқи эса барқарор ҳамда фаровон давлатда яшаш, муносиб ҳаёт кечириш мақсадида барча шарт-шароитни яратиш учун ҳар жиҳатдан ҳақлидир.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn