Жадал ривожланиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш омили
  • 28 Январь 2017

Жадал ривожланиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш омили

Шу кунларда бутун мамлакатимиз аҳолиси Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг кенг муҳокамасида фаол иштирок этмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари, хусусан, телевидение, радио ва интернет нашрларида жамият ҳаётининг барча жабҳасини ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегиясининг асосий йўналишлари бош мавзуга айланган. Чунончи, пойтахтимизда Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Олий Мажлис палаталари, бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Ҳаракат стратегиясининг устувор йўналишлари тақдимоти ҳамда жамоатчилик муҳокамаси юзасидан медиа-ҳафталик ўтказилди.
Медиа-ҳафталикнинг сўнгги — бешинчи кунида Ҳаракат стратегияси муҳокамаси бўйича халқаро давра суҳбати ташкил қилинди. Унда дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий инвесторлар ҳамда тадбиркорлар қатнашди.
Тадбирда қайд этилганидек, Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг пухта-пишиқ ишлаб чиқилишида жамоатчилик муҳокамаси, фуқароларнинг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиш билан бир қаторда, хорижий мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганиш, халқаро ҳамда хорижий мамлакатлар давлат ва нодавлат ташкилотлари фикрини таҳлил қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бундай ёндашув бугунги кун талабига жавоб берадиган янада самарали ечимларни ишлаб чиқиш имконини яратади.
Амалий мулоқот шаклида уюштирилган давра суҳбатида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши асосий қоидалари тақдим этилди. Таъкидланганидек, миллий давлатчилигимиз пойдевори ва суверенитети мустаҳкамланиб, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ҳамда осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини кучайтириш, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликлари ва манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Мамлакат иқтисодиёти тубдан ислоҳ қилинди, ижтимоий, давлат ҳамда жамият қурилиши соҳаларида кенг кўламли янгиланишлар рўёбга чиқарилди. Бугун юртимизнинг турли жабҳаларда қўлга киритаётган ютуқ ва марралари халқаро ҳамжамиятнинг эътирофига сазовор бўлаётгани ҳам бежиз эмас.
Айни вақтда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили бугунги кунда жаҳон бозорида конъюнктура ўзгариб, давлатимизни янада барқарор ҳамда жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича стратегик ёндашув ва тамойилларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишни тақозо этаётир.
Ҳаракат стратегияси, аввало, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани мустаҳкамлаш, хавфсизлик, диний бағрикенглик ҳамда миллатлараро тотувликни таъминлаш ва чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ҳамда амалий ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган.
Тадбирда модераторлар Ҳаракат стратегиясининг ҳар бир устувор йўналиши бўйича дастуриламал вазифаларнинг мазмун-моҳиятига батафсил тўхталиб, уни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб беришди. Ҳар бир йўналиш бўйича медиа-ҳафталик доирасида амалга оширилган ишларга оид видеолавҳалар намойиш этилди. Ушбу жамоатчилик муҳокамаси давомида аҳоли кенг қатлами, журналистлар, мутахассислар долзарб масалаларни кўтаришди, танқидий, конструктив таклиф ва фикрлар берилди.
Давра суҳбатида мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар вакиллари, аккредитациядан ўтган журналистлар ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Улар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ташаббусларни қўллаб-қувватлашларини билдиришиб, Ҳаракат стратегияси асосида ишлаб чиқилаётган лойиҳа ҳамда дастурлар ижросига кўмаклашишга тайёр эканликларини маълум қилишди.

Стифан ПРИСНЕР, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили:
— Ҳаракат стратегиясининг кенг жамоатчилик муҳокамаси мамлакатингизда эълон қилинган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг мақсадлари билан уйғундир. Бундай кенг кўламдаги ҳужжатнинг қисқа муддатларда пухта ишлаб чиқилгани диққатга сазовор. Бу борада жуда катта ҳажмда амалий иш бажарилган. Энг муҳими, Ҳаракат стратегияси инклюзив ҳамда барқарор ривожланишга йўналтирилган. Унинг асосий йўналишлари БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига мосдир. Хусусан, биринчи иккита устувор йўналиш самарали давлат бошқаруви, маъмурий ислоҳотларни ўтказиш, жамиятнинг янгиланишлар жараёнидаги иштирокига қаратилгани билан янада аҳамиятли саналади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси ва унинг жойлардаги офислари ҳам давлат бошқарувини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундай механизмлар ислоҳотларнинг локомотивидир.
Ҳаракат стратегиясининг барча устувор йўналиши ўзаро боғланган, бири-бирини тўлдиради. Ижтимоий ҳимоя йўналишида аниқ қадамлар белгиланган. Бу иқтисодий ривожланиш, атроф-муҳитни муҳофаза этиш билан узвий боғлиқдир. Биз Барқарор тараққиёт мақсадлари ҳамда Ҳаракат стратегияси йўналишлари якдиллигидан ниҳоятда мамнунмиз. Халқингизга ушбу мақсадларни амалга оширишда муваффақият тилайман.

Криста ПИККАТ, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:
— Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг оммавий ахборот воситалари орқали кенг муҳокама қилинишига оид ташаббус, авваламбор, матбуот эркинлигини янада таъминлаш, халқ билан мулоқот ўрнатиш, демократик юксалишга қаратилган. Бинобарин, оммавий ахборот воситалари давлат ва жамият ўртасидаги кўприкдир.
Биз учун давлатнинг таълим сифатини янада яхшилаш соҳасидаги ташаббуслари ҳам жуда муҳим. Чунки бу фаолиятимиз мақсадларига тўла мос келади. Биз Ҳаракат стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда Халқ таълими вазирлиги билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Эдуард СТИПРАЙС, элчи, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари:
— Ўзбекистон ривожланишнинг келгуси беш йили учун Ҳаракат стратегиясини қабул қилаётганини қўллаб-қувватлаймиз. Бу бизга узоқ истиқболда самарали фаолият олиб бориш учун ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш имконини беради. Шуни айтишим керакки, Ўзбекистон аниқ қарор қабул қилиш, уларни ўз вақтида ва тезкорлик билан бажаришга қодир давлат.
Агар бугун дунё харитасига қарайдиган бўлсак, Ўзбекистоннинг иштирокисиз минтақани ривожлантиришнинг иложи йўқлигини англаб етамиз. Минтақа хавфсизлиги ҳамда барқарор ривожланишида Ўзбекистоннинг роли жуда муҳимдир. Юртингизнинг неча минг йиллик тарихидан ҳам маълумки, Ўзбекистон минтақанинг жадал равнақ топиши ва тинч ҳаёт кечиришида ҳал қилувчи ўрин тутиб келган. Шунинг учун ҳам биз Ўзбекистоннинг барқарор ҳамда муваффақиятли юксалишидан манфаатдормиз.

Жон МакГРЕГОР, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори:
— Ўзбекистоннинг келгуси беш йил учун тараққиёт Стратегиясининг жамоатчилик муҳокамаси одамларнинг фикр-мулоҳазаларини олиш, шунингдек, жамиятни ўйлантираётган масалалар юзасидан фикр алмашиш имконини берди. Улар орасида минтақавий хавфсизлик, миллатлараро тотувликни таъминлаш, шу билан бирга, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ҳамда амалий ташқи сиёсат олиб боришга оид масалалар борлиги диққатга сазовор. ЕХҲТ мазкур йўналишда ўз фаолиятини фақатгина мулоқот асосида олиб боради. Ишончим комилки, келажакда бундай мулоқотларнинг илгари сурилиши бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, медиа-ҳафталик оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Бу фуқароларга Ҳаракат стратегиясининг мазмун-моҳияти ҳақида кенгроқ тасаввурга эга бўлиш, унинг муҳокамасида иштирок этиш, пировардида Ўзбекистоннинг янада ривожланишига қаратилган ислоҳотларда дахлдорлик туйғуси билан фаол қатнашиш имкониятини яратиб берди.
Айтиш керакки, Ҳаракат дастури лойиҳасида бошқа устувор йўналишлар билан бир қаторда, иккинчи йўналиш — қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки ҳар бир мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш ва амалда таъминлаш давлат ҳамда жамият равнақининг муҳим омили ҳисобланади. Бу саъй-ҳаракатлар пировардида аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эгадир.

Памела СПРАТЛЕН, АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
— Бу тадбирлар Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг устувор йўналишлари мазмун-моҳияти ҳақида Ўзбекистоннинг ваколатли расмий шахслари, шунингдек, экспертлардан батафсил маълумот ва изоҳлар олиш имконини берди. Биз юртингизнинг келажакда халқаро ҳамжамият билан ўзаро ҳамкорлигининг асосий йўналишлари ҳақида кўпроқ ахборот олдик. Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга очиқлиги мамлакатингизга бўлган ишончнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Мьюша СЕВЕР, “Минтақавий мулоқот” халқаро ноҳукумат ташкилотининг Ўзбекистондаги минтақавий директори (Словения):
— Яқин истиқбол учун Ҳаракат стратегиясини кенг муҳокама қилиш долзарб масала саналади. Бу, айниқса, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳамда суд-ҳуқуқ соҳаларида туб ислоҳотларни амалга ошираётган мамлакатлар учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада давлат ва жамоатчилик ўртасидаги очиқ мулоқотни қўллаб-қувватлаш лозим. Чунки келажак тараққиёт йўналишларининг бундай кенг муҳокамалари жуда кўп масалаларга амалий ечим топишнинг асосий шартидир.
Бу жараёнда, жумладан, мавжуд муаммоларни аниқлаш, улар ҳақида давлатни хабардор қилишда фуқаролик жамияти институтлари муҳим роль ўйнайди. Фуқаролик институтлари, оммавий ахборот воситалари долзарб масалаларни ҳал этишда давлат органлари ҳамда жамиятни бирлаштирадиган кўприк ҳисобланади.

Павол ИВАН, Словакия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
— Ҳозирги кунда Ўзбекистон жуда муҳим ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни амалга оширмоқда. Мамлакатингизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида минтақадаги қўшни мамлакатлар билан алоқаларни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Яқин қўшнилар, ҳамкорлар билан мунтазам мулоқотни кенгайтириб бориш жуда муҳимдир. Шу маънода, мен Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолиятда тўғри йўлни танлади, деб ҳисоблайман. Зеро, халқаро ҳамкорлик хориж инвестициясини жалб қилиш, пировардида илғор технологияларни ҳаётга татбиқ этишнинг асосий омили ҳисобланади.


«Халқ сўзи» мухбири
Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn