Депутатлар Ҳаракат стратегияси лойиҳасини муҳокама қилмоқда
  • 28 Январь 2017

Депутатлар Ҳаракат стратегияси лойиҳасини муҳокама қилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг муҳокамаси давом этмоқда. Депутатлар томонидан ушбу ҳужжат мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий тараққиётида долзарб аҳамиятга эга эканлиги таъкидланаяпти.

Чунончи, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Олий хўжалик суди билан ҳамкорликда ташкил қилинган Ҳаракат стратегияси лойиҳаси муҳокамасида асосий эътибор ундаги бешта устувор йўналишдан бири — қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишга қаратилди.
Давра суҳбатида Олий Мажлис турли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Президентимиз томонидан тақдим қилинган Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг 300 дан ортиқ тадбирларида иштирок этиши, 30 га яқин лойиҳаларда эса масъул ижрочи сифатида қатнашиши назарда тутилгани билдирилди. Бу мазкур ҳужжат парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида дастуриламал бўлишини кўрсатади.
Депутатлар Ҳаракат стратегияси лойиҳасидаги тадбирларнинг аксарияти қонун лойиҳалари ишлаб чиқиш тарзида ижро қилинишини, маҳаллий ҳокимият органлари, жумладан, ҳокимлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда давлат хизмати ўташнинг ҳуқуқий асосларини яратишни назарда тутаётгани билан аҳамиятли эканини эътироф этишди.
Шу боис унинг мазмуни ва белгиланаётган тадбирлар самарасини ҳуқуқни қўллаш амалиёти вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари билан кенг муҳокама қилиш, ўзаро фикр алмашиш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.
Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган семинарда Стратегия лойиҳасида ҳаётимизнинг барча соҳасини либераллаштириш ҳамда мамлакатни модернизациялаш бўйича устувор йўналишлар, чунончи, ахборот, коммуникация тизимини ривожлантиришга оид қатор муҳим тадбирлар қамраб олингани хусусида сўз борди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ҳамда эркинликларига дахлдор бўлган ахборотни тақдим қилишнинг замонавий шаклларини жорий этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш каби устувор вазифалар шулар жумласидандир.
Семинарда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, ижтимоий ҳаётни демократлаштириш бўйича фаолиятнинг муҳим йўналиши сифатида журналистларнинг профессионал фаолиятини муҳофаза этиш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ҳамда уларни давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш субъектлари сифатида иштирок этиши учун кенг жалб қилишга қаратилган тавсиялар берилди.
Тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ҳамда улардан кенг фойдаланиш имкониятини, самарадорлигини ошириш, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш бўйича вазифаларнинг Стратегияда акс эттирилиши муҳим экани кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга, ахборот соҳасидаги таҳдидларга ўз вақтида ва мос равишда қарши курашиш, ахборотни муҳофаза қилиш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қоидаларни ушбу ҳужжат лойиҳасига киритиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳаси беш босқичда, яъни келгуси беш йилда ҳар бир йил бўйича Давлат дастури қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилиши муҳокама қилинди.
Хусусан, Стратегия лойиҳасида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш, кексалар ва имконияти чекланган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, аҳолига тиббий ҳамда ижтимоий-тиббий хизмат кўрсатиш қулайлиги ва сифатини оширишга қаратилган дастлабки бўғини, тез ҳамда шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада ислоҳ этиш, оила саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли ҳамда тиббиёт муассасаларининг арзон, сифатли дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминланишини яхшилаш каби ҳаётий зарур масалаларга алоҳида эътибор қаратилгани халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда алоҳида аҳамият касб этади.
Тадбирда аҳоли, айниқса, аёллар, ёшлар бандлигини таъминлаш, шу мақсадда тадбиркорлик, оилавий бизнес ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш, аёллар ва қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, улар орасида жисмоний тарбия ҳамда спортни оммалаштириш, шунингдек, кексалар, ўзгалар парваришига муҳтож, уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўзда тутилган чора-тадбирларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган муҳокамада асосий эътибор Ҳаракат стратегияси лойиҳаси юзасидан таклифларни ишлаб чиқишга қаратилди. Шунингдек, мамлакат ижтимоий соҳаси ривожланишининг муҳим йўналишлари бўлган фан, таълим, маданият, жисмоний тарбия ҳамда спортни ривожлантиришга оид вазифалар кўриб чиқилди.
Семинарда Стратегияни 2017 — 2021 йилларда амалга ошириш бўйича тегишли йиллик Давлат дастурлари лойиҳаларини тайёрлаш вазифаси юклатилганидан келиб чиқиб, қўмита аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда экспертлар гуруҳи зиммасига катта масъулият юкланаётгани, белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ бажариш, парламент назорати имкониятларидан тўлалигича фойдаланиш бунда айни муддао эканлиги таъкидланди.
Парламент қуйи палатаси қўмиталари йиғилишларида муҳокама этилган масалалар юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, тегишли таклифлар қабул қилинди.


Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn