Ҳамжиҳатлик ва юксалиш
  • 28 Январь 2017

Ҳамжиҳатлик ва юксалиш

Қаерда тотувлик, ҳамжиҳатлик ҳукм сурса, ўша ерда ривожланиш, тараққиёт барқарор бўлади. Бугун ҳаммамиз неча минг йиллик тарих чиғириғидан ўтган ушбу ҳикмат мамлакатимиз ҳаётида ўз тасдиғини топаётганини яққол кўрмоқдамиз. Эришаётган ютуқларимиз замирида кўп миллатли халқимизнинг аҳиллиги, фидокорона меҳнати самараси ётибди, десак, асло муболаға эмас.

Бинобарин, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган доимий эътибор натижасида турли миллатга мансуб фуқароларимиз Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари ҳамда кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда, давлатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқдалар.
Маълумки, бугунги кунда юртимизда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ҳамда элатлар вакилларига ўз миллий маданияти, анъанаю урф-одатларини сақлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш учун барча шарт-шароит яратилган. Давлат таълим муассасаларида ўқитиш 7 тилда олиб борилаётир. Ўндан зиёд тилда телекўрсатувлар намойиш қилинаяпти, газета ҳамда журналлар нашр этилмоқда. Айниқса, миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришда 137 та миллий маданий марказ муҳим ўрин тутаётир.
Таъкидлаш жоизки, мазкур марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида 1992 йили ташкил этилган Республика байналмилал маданият маркази жамиятимиздаги тинчлик ҳамда осойишталик, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, миллий ва умумбашарий анъаналарни равнақ топтиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ўртасида фақат Ўзбекистонда ана шундай тузилма ташкил қилингани эътиборга лойиқдир.
Яқинда ушбу марказ ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали учрашувда давлатимиз раҳбари юртимиздаги бағрикенглик ҳамда ҳамжиҳатлик муҳитини асраш, ҳозирги мураккаб замонда янада огоҳ ва сергак бўлиш борасидаги долзарб вазифаларга тўхталиб ўтди. Хусусан, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари маданият ва маърифат масалаларида фаоллик кўрсатиб, ёшларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш соҳасидаги ишларни кучайтириши, энг асосий бойлигимиз бўлган кўп миллатли халқимизнинг бирдамлиги ва жипслигини кўз қорачиғидек асраш ҳамда янада мустаҳкамлаш Ўзбекистонни ўз Ватани, деб биладиган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи эканлигини таъкидлади.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, бугун кўп миллатли халқимиз ишончини қозониб, ислоҳотларимиз давомчиси сифатида ҳар биримизни олға интилишга ундаётган Президентимизнинг ушбу эзгу даъвати минглаб юртдошларимиз қатори биз, депутатларни ҳам янада фаолликка, фидойи бўлишга ундайди. Айниқса, жорий — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида фаолиятимизнинг асоси бўлган қонун ижодкорлиги ҳамда назорат-таҳлил ишлари қаторида, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг кафолати — миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш саъй-ҳаракатларида янада жонбозлик кўрсатмоғимиз зарурдир. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, шу йўл билан бугунги куннинг барча таҳдид ва хавф-хатарларига самарали қарши туришимиз, жамиятимизда турли бузғунчи ғояларга қарши маънавий иммунитет яратишимиз, ўзимиз танлаган демократик тараққиёт йўлида янада эътиборли натижаларга эришишимиз мумкин.


Расул КУШЕРБАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn