Фуқаролар турмуш даражаси сифатини ошириш — устувор вазифа
  • 27 Январь 2017

Фуқаролар турмуш даражаси сифатини ошириш — устувор вазифа

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг кенг жамоатчилик муҳокамасига бағишланган медиа-ҳафталикнинг тўртинчи кунида ижтимоий соҳани равнақ топтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган медиа-майдонда парламент аъзолари, ижро ҳокимияти органлари, -фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар вакиллари, журналистлар ҳамда ёшлар иштирокида жонли мулоқот бўлиб ўтди.

Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг тўртинчи йўналиши тақдимотида аҳоли даромадларини босқичма-босқич ошириш, бандлик масаласини самарали ҳал этиш, фуқароларни замонавий ва арзон уй-жойлар билан таъминлаш, уй-жой ва коммунал хўжалигини, социал инфратузилма объектларини модернизация қилиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш, илм-фан, таълим-тарбия тизимини, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш йўлидаги асосий чора-тадбирлар батафсил очиб берилди. 

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири ўринбосари Д. Турдиевнинг қайд этишича, аҳолининг реал даромадлари ва харид қобилиятини ошириш фуқаролар турмуш даражаси ҳамда сифатини босқичма-босқич юксалтиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Кам таъминланган оилаларни ва аҳолининг даромадлари бўйича фарқланиши даражасини янада қисқартириш, бюджет муассасалари ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақаларнинг ҳажмини инфляция суръатларига нисбатан жадал миқдорда босқичма-босқич ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ҳаракат стратегияси лойиҳасида аҳолига мажбурий ижтимоий кафолатларни таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда кексалар ва имконияти чекланган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизмат кўрсатишни яхшилаш, ижтимоий хизматлар кўрсатишда давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш бўйича мақсадли вазифалар кўзда тутилаяпти.

Дастуриламал ҳужжат лойиҳасида аҳоли, айниқса, ёшлар бандлиги масаласига алоҳида урғу берилган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги вакили Б. Алимуҳаммедовнинг маърузасида таъкидланишича, юртимизда Олий Мажлис томонидан тасдиқланадиган Бандлик дастури асосида ҳар йили қарийб бир миллион кишининг бандлиги таъминланаяпти. Ушбу натижага иқтисодиёт тармоқларини, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши ҳисобига эришилаётир. Аммо ушбу соҳадаги муаммолар бандлик масаласида янги ёндашувларни топиш ва татбиқ этиш заруратини кун тартибига қўймоқда. Келгуси беш йил давомида янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолининг, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув юртлари битирувчиларининг амалда бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори инфратузилмаси мутаносиблиги ва ривожланишига эришиш, ишсизлик даражасини қисқартириш, меҳнатга қобилиятли аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллигини тўлиқ амалга ошириш учун шарт-шароит яратиш, ишчи кучи сифатини, шунингдек, ишга жойлаштиришга муҳтож шахсларни касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини юксалтириш тизимини кенгайтириш бўйича вазифалар кўзда тутилаяпти. 

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э. Баситханова иштирокчиларга соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар ҳақида батафсил маълумот берди. Бугун мазкур соҳани тубдан ислоҳ қилишга ҳаётий зарурат туғилгани таъкидланди. 

— Гарчи, фуқароларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий база яратилган бўлса-да, уларнинг ижросини таъминлаш механизмлари барибир ўз кучини кўрсата олмаяпти, — деди Э. Баситханова. — Жойларда хотин-қизларни, ҳомиладор аёлларни патронаж хизмати билан етарли даражада қамраб олинмаган, ҳудудларда тиббиёт мутахассислари, жумладан, неонатолог, хирург, ўсмирлар гинекологлари етишмаслиги кузатилмоқда. Ҳаракат страте-гияси лойиҳасида соғлиқни сақлаш соҳасининг дастлабки бўғини, тез ва шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича вазифалар ўз аксини топган. Бу аҳолига тиббий ва ижтимоий-тиббий хизмат кўрсатиш қулайлиги ҳамда сифатини оширишга, аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантиришга, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган. Пенсионерлар, ногиронлар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифалари тўлақонли ҳаёт фаолиятини -таъминлаш учун уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш эътибор марказимизда бўлади.

Тадбирда узлуксиз таълим тизимини янада ривожлантириш, сифатли таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мувофиқ юқори малакали кадрларни тайёрлаш, бунинг учун шарт-шароит яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири Л. Турсуновнинг айтишича, келгуси беш йил ичида давлат мактабгача таълим муассасалари учун 50 та янги бино қурилади, икки минг икки юзга яқин боғчалар эса реконструкция қилинади ва капитал таъмирланади. Бундан ташқари, болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, эстетик ҳамда жисмоний ривожланиши учун мактабгача таълим муассасаларидаги шарт-шароитларни тубдан яхшилаш кўзда тутилаяпти. Шу билан бирга, умумий ўрта таълим сифатини  ошириш, чет тиллари, информатика, математика, физика, кимё, биология каби бошқа муҳим ва талаб юқори бўлган предметларни чуқурлаштирилган тарзда ўрганиш юзасидан амалий чоралар таклиф қилинаётир. 2021 йилгача мўлжалланган Ўзбекистон Республикасида олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш дастурини қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Жамоатчилик муҳокамасида, шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсати асосида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш, арзон уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли дастурларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, аҳолининг турмуш шароитлари яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича асосий вазифаларга ҳам батафсил тўхталиб ўтилди.

Ижтимоий соҳани тараққий эттириш бўйича тақдимотлар иштирокчиларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди, фикр ва таклифлар ўртага ташланди. Кун давомида марказий ҳамда ҳудудий студияларга одамларни ўйлантираётган масалалар бўйича ўткир саволлар келиб турди. “Ишлаётган пенсионерлар учун пенсия 100 фоиз миқдорида тўланадими?”, “Туғуруқхоналарда қачон тартиб ўрнатилади?” ва бошқа саволлар шулар жумласидандир. 

Медиа-ҳафталик бошланганидан бери Ҳаракат стратегияси лойиҳаси муҳокамасида 

40 нафардан ортиқ экспертлар қатнашди. Лойиҳа жойлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳолаш тизими порталига (https://regulation.gov.uz) мингга яқин фикр-мулоҳазалар, таклифлар келиб тушди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn