Амнистия акти қўлланилиши якунлари кўриб чиқилди
  • 26 Январь 2017

Амнистия акти қўлланилиши якунлари кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида парламент юқори палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Сенатнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори ижроси якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари ахбороти эшитилди. 

Сенаторлар, Бош прокуратура, Конституциявий суд, Олий суд, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлисда таъкидланганидек, инсонпарварлик, бағрикенглик миллий қадриятларимиздандир. Айни шу нуқтаи назардан, Президентимиз тақдимномаси асосида қабул қилинган Олий Мажлис Сенати қарори халқимизга хос инсонпарварлик, эзгулик ва бағрикенгликнинг ёрқин ифодаси бўлди. Бинобарин, юртимизда узлуксиз амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари моҳиятига кўра, инсонни жазолаш эмас, балки жиноят йўлига кирган шахснинг ҳар қандай қилмиши учун жазонинг муқаррарлигини англаб етишига эришиш зарур, деган ғоя ётганлигини яна бир карра исботлайди.

Амнистия тўғрисидаги қарорнинг қўлланилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ҳамда қарорни қўллаш тартиб-таомилининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш мақсадида сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг минтақавий вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди. Улар жазони ижро этиш муассасаларида 185 та учрашув ўтказиб, 8375 нафар маҳкум билан суҳбатлашишди. Шунингдек, жазодан озод этилган шахслар билан олиб борилаётган ишларнинг мунтазам мониторинги амалга оширилди.

Ахборотда қайд этилганидек, 2017 йилнинг 13 январь ҳолатига кўра, амнистия тўғрисидаги қарор жами 39748 нафар шахсга нисбатан татбиқ қилинди. Шулардан 26265 нафари жиноий жавобгарликдан ҳамда жиноий жазодан озод этилди. Жумладан, 5408 нафар аёлга, 893 нафар вояга етмаганга ҳамда 410 нафар чет давлатлар фуқаросига нисбатан амнистия акти қўлланилди.

Қарорга мувофиқ, эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган, шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни қасддан содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган 15678 нафар шахс жазодан озод қилинди ҳамда 13483 нафар шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати қисқартирилди.

Муҳокамаларда амнистия тўғрисидаги қарор асосида Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жазодан озод қилинган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясига оид чораларни рўёбга чиқариш мақсадида ҳудудий комиссиялар тузилгани қайд этилди. Мазкур комиссиялар томонидан озодликдан маҳрум қилиш жойларидан бўшатилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, 2017 йилнинг 13 январь ҳолатига кўра, жазони ижро этиш муассасаларининг тақдимномалари асосида жами 2842 нафар маҳкум жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган. Мазкур муассасалардан озод қилинган ва меҳнатга лаёқатли шахслар иш билан таъминланди ҳамда ўқув муассасаларига жойлаштирилди.

Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари, ташкилотлар, меҳнат жамоалари, жазони ўташ жойлари ҳамда маҳаллаларда амнистия тўғрисидаги қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилди. 

Тадбирда иштирокчилар ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш борасида ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Якунда мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn