Ишбилармонлар — давлат ҳимоясида
  • 26 Январь 2017

Ишбилармонлар — давлат ҳимоясида

Республикамизнинг барча ҳудудида бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли, хусусан, тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилмоқда. Бундай мулоқотларда уларнинг фаолияти атрофлича ўрганилиб, таклиф ва мулоҳазалари эшитилаяпти, кўплаб муаммоларига ечим изланаётир.

Зангиота туманида Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан ташкил этилган “Тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишнинг кафолатлари” мавзуидаги семинар ҳам худди шу йўналишдаги тадбирлар сирасидандир. Унда асосий эътибор давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларни тадбиркорлик субъектлари орасида кенг тарғиб қилишга қаратилди.

— Президентимиз такрор ва такрор тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади, деб бежиз таъкидламаяпти, — дейди семинар иштирокчиси, тумандаги “Такро Осиё” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Султон Абдуллаев. — Мана, ўзимиздан қиёс. Ишни даставвал оиламиз аъзолари билан, нари борса, тўрт-беш киши бўлиб бошлаган эдик. Фаолиятимиз кенгайиб, имкониятларимиз ортиши билан, ўз-ўзидан янги ишчи кучига эҳтиёж туғилди. Ҳозир 80 кишининг бандлигини таъминлаганмиз. Ички ва ташқи бозорга мўлжаллаб, тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқараяпмиз. Бугунги семинардан олган ҳуқуқий билим ва кўникмаларимизни фаолиятимизни янада жадаллаштиришга татбиқ этамиз.  

Очиқ ҳамда самимий руҳда ўтган мулоқотда қатнашган ишбилармонлар соҳа ривожи йўлидаги сунъий тўсиқ ва қийинчиликларни бартараф қилиш хусусида эмин-эркин фикр билдирдилар. Ўз навбатида, семинарга таклиф этилган соҳа мутасаддилари ҳамда экспертлари ушбу мулоҳазаларни чуқур таҳлил қилиб, муаммоларни бартараф этиш юзасидан ўз фикр ва хулосаларини баён қилдилар.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn