Қонун устуворлигини таъминлаш — тараққиётнинг асосий шарти
  • 25 Январь 2017

Қонун устуворлигини таъминлаш — тараққиётнинг асосий шарти

Шу кунларда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси қизғин давом этмоқда. Ушбу муҳокамалар бўлиб ўтаётган Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва ҳудудий телестудияларнинг ягона тармоққа бирлаштирилган медиа-майдонида мамлакатимиз давлат ҳамда нодавлат оммавий ахборот воситаларининг юздан ортиқ вакиллари фаол иш олиб бораётир.

Аввал хабар қилинганидек, ЎзЭОАВМА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган медиа-ҳафталик доирасида экспертлар -томонидан Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг устувор йўналишлари бирма-бир тушунтирилмоқда, уларнинг асосий қоидалари батафсил ва кенг муҳокама қилинаяпти.
Бу гал парламент аъзолари, вазирлик ҳамда идоралар, жамоат ташкилотлари, Тошкент давлат юридик университети вакиллари, ҳуқуқшунос-олимлар, журналистлар Ҳаракат стратегиясининг “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари” деб номланган иккинчи устувор бўлимини кўриб чиқишди.
Тақдимотда қайд этилганидек, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларининг ишончли кафолатларини янада кучайтириш мақсади мужассамдир. Жиноят-процессуал қонунчилиги изчил эркинлаштирилмоқда, суд органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш орқали суд тизими мустақиллиги, очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш чоралари кўрилаяпти.
Адлия вазири ўринбосари Н. Жўраев, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Б. Матмуратов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н. Мухторов ҳамда бошқалар суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишлари ҳақида маъруза қилишди. Улар суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, унинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, фуқароларнинг мурожаатларини самарали кўриб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилаётганлигини таъкидлашди. Судьялар ва суд аппарати ходимларининг мавқеини, моддий рағбатлантириш ҳамда ижтимоий таъминлаш даражасини ошириш, судларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш белгиланмоқда. Судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишга йўл қўймаслик бўйича таъсирчан чоралар кўрилади, суднинг мустақиллиги ҳамда беғаразлиги, суд процесси томонларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлиги тамойиллари ҳар томонлама татбиқ этилади. “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, тергов устидан суд назоратини кучайтириш, судларни янада ихтисослаштириш, суд аппаратини мустаҳкамлаш чоралари ишлаб чиқилади. Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ушбу йўналишдаги фаолият самарадорлигини юксалтиришнинг муҳим шарти ҳисобланади.
— Халқ билан очиқ мулоқот, фуқаролар мурожаатларини ўрганиш муаммоларни, уларнинг юзага келиш сабабларини самарали аниқлаш ҳамда ҳал қилиш бўйича амалий механизмларни ишлаб чиқиш имконини беради, — дейди қуйи палата депутати А. Бурханов. — Шунинг учун Ҳаракат стратегиясида фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, уларни кўриб чиқишда сансалорлик, расмиятчилик ва бефарқ муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўйганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида барча давлат органида ахборот хизматлари, виртуал қабулхоналар ташкил этиш, улар фаолиятининг механизмларини ишлаб чиқиш кўзда тутилаяпти. Фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилишидан келиб чиққан ҳолда, тегишли давлат органи фаолиятига баҳо беради. Ушбу чора-тадбирлар давлат тузилмалари фаолияти самарадорлигини сезиларли даражада оширишга, ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтиришга хизмат қилади.
Ҳаракат стратегияси лойиҳасида маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини такомиллаштириш масалалари алоҳида ўрин эгаллаши тақдимот иштирокчилари эътиборида бўлди. Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш ҳамда либераллаштириш, алоҳида жиноий қилмишларни жиноят қонунчилигидан чиқариш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпаpваpлаштириш кўзда тутилаяпти. Ҳаракат стратегиясига кўра, одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ва сифати оширилади, суд иш юритувининг процессуал асослари такомиллаштирилади, бири-бирини такрорловчи ваколат ҳамда инстанциялар қисқартирилади, электрон суд иш юритуви ва ижро иши юритувининг замонавий шакл ҳамда усуллари жорий этилади.
Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришда бу борадаги фаолиятни мувофиқлаштиришнинг самарадорлигини ошириш, коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада ривожлантириш асосий вазифалар сифатида белгилаб берилаяпти. Бунда шу йилнинг 4 январидан кучга кирган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
— Ҳаракат стратегияси лойиҳасида профилактика фаолиятини тубдан кўриб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган, — деди Бош прокуратура вакили У. Муҳамедов. — Мазкур вазифалар аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситаларининг фаол ҳамкорлигида амалга ошириладиган тарғибот тадбирлари билан уйғун олиб борилади.
— Суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда иш натижаларини таҳлил қилиш, ҳуқуқбузарликларни, уларнинг юзага келиш сабаб ва шарт-шароитларини ўз вақтида ўрганиш бевосита ҳуқуқшунос кадрларнинг малакасига боғлиқдир, — дейди Тошкент давлат юридик университети ректори
Е. Каньязов. — Маънавий-ахлоқий ҳамда касбий фазилатлари билан ажралиб турадиган, нафақат ўз мансаб вазифаларини бажара оладиган, айни пайтда кенг дунёқарашга эга бўлган кадрларни танлаш керак. Амалда эскириб бўлган, самара бермаётган ўқитиш усулларидан воз кечиб, замонавий педагогика технологияларини жорий этиш зарур. Шу сабабли Ҳаракат стратегияси лойиҳасида юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича давлат талабларини ишлаб чиқиш мўлжалланмоқда. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Бош прокуратура Олий ўқув курслари фаолияти қайта кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раиси Р. Аҳмедов юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг юридик хизмати фаолияти самарадорлигини ошириш, адвокатура институтини ривожлантириш, адвокат ролини кучайтириш, фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларининг ишончли кафолатини мустаҳкамлаш бўйича кўзда тутилаётган чора-тадбирларга батафсил тўхталиб ўтди.
Тадбирда Ҳаракат стратегияси лойиҳасида паспорт-виза, хорижга чиқиш ва кириш тизимини такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар таклиф этилаётгани таъкидланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н. Мухторовнинг маълум қилишича, ҳужжатга мувофиқ, мамлакатимизда хорижга чиқиш паспортларини бериш тартибини жорий этган ҳолда, хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) расмийлаштириш тартибини бекор қилиш кўзда тутилмоқда.
— Мазкур чораларни амалга ошириш хорижга чиқувчи фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади, — деди депутат.
Ҳаракат стратегиясининг жамоатчилик муҳокамасида мамлакатимиздаги дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
— Ҳаракат дастури лойиҳасидаги кўплаб масалалар БМТнинг янги қабул қилинган Барқарор тараққиёт мақсадларига уйғунлиги билан ҳам эътиборлидир, — дейди ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари К. Пиккат. — Лойиҳанинг кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилингани диққатга сазовордир. Бу фуқаролик жамияти институтларига, хусусий сектор вакилларига ўз фикри, ғояларини билдириш ва мамлакат келажаги учун дахлдорлигини намойиш этиш имкониятидир. Ушбу муҳокама учун майдон оммавий ахборот воситалари ташаббуси билан очилгани алоҳида аҳамиятга молик. Улар бугун Ҳаракат стратегиясининг устувор йўналишларини ҳар бир кишига етказишда ҳал қилувчи роль ўйнамоқда.
Тадбир иштирокчилари 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳаси иккинчи бўлими юзасидан экспертларга ўзларини қизиқтирган саволларни, фикр-мулоҳазаларни ҳамда амалий таклифларни беришди. Фуқаролар Ҳаракат стратегияси лойиҳаси билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳолаш тизими портали (https://regulation.gov.uz)да танишишлари ҳамда ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришлари мумкин. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, порталда 600 дан ортиқ изоҳлар қолдирилди. Жамоатчилик муҳокамаси давом этмоқда.


Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn