Амалий мулоқотнинг ёрқин ифодаси
  • 24 Январь 2017

Амалий мулоқотнинг ёрқин ифодаси

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи ташрифини Қорақалпоғистон Республикасидан бошлагани қорақалпоғистонликларга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин ифодаси сифатида қорақалпоқ халқини бирдек тўлқинлантирди, келгусидаги ишларни самарали амалга оширишга руҳлантирди, десак, асло янглишмаймиз.

Маълумки, истиқлолнинг ўтган йиллари мобайнида ҳудудда амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодиёт тармоқлари, саноат, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик соҳалари жадал ривожланмоқда. Бироқ бугунги шиддатли давр олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар кўламини янада кенгайтириш, аҳоли манфаатларини таъминлаш, уларнинг фаровон, ўз турмушидан рози бўлиб яшашларини кафолатлаш заруратини қўймоқда.

Чунончи, Орол денгизи билан боғлиқ минтақада юзага келган экологик ҳалокат аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оила ҳамда маҳалла институтларига эътибор қаратиш, аёллар ва ёшларнинг жамиятдаги ўрни ҳамда мавқеини ошириш каби бир қатор муҳим масалалар юзасидан кечиктириб бўлмайдиган ишларни бажаришни, аниқ чора-тадбирлар қабул қилишни тақозо этаяпти.

Мазкур масалалар ташриф давомида давлатимиз раҳбарининг диққат-эътиборида бўлгани “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу тамойилнинг ҳаётий рўёби бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бинобарин, Президентимиз ташрифнинг биринчи кунидаёқ Хўжайли тумани марказий шифохонасидаги шарт-шароит билан бевосита танишгани, унинг бир нечта бўлимини кўздан кечиргани, беморлар билан самимий суҳбат қургани, шифокорлар билан мулоқотда бўлиб, малакали тиббий кадрлар тайёрлаш, тиббий жиҳозлардан унумли фойдаланиш, хизмат малакасини ошириш, шифохоналар қуришда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос иқлим шароитидан келиб чиқиш масалалари юзасидан берган кўрсатмалари фикримиз далилидир.

Президентимиз Хўжайли туманидаги “Мурувват” аёллар интернати фаолияти билан танишиб, бу масканда яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, бугунги кунда қишлоқ жойларда долзарб аҳамият касб этувчи қишлоқ врачлик пункти фаолиятини такомиллаштириш юзасидан билдирган фикрлари инсон ҳаёти, унинг саломатлигига оид ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси сифатида намоён бўлди.

Умуман айтганда, бугун мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ҳаётимиз фаровонлигини юксалтириш масалалари устувор аҳамият касб этмоқда. Ушбу жараёнда биз, депутатлардан ҳам юқори масъулият ҳамда шахсий фаоллик талаб этилади. Айниқса, халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, бунда жойларга чиқиб, одамлар билан учрашиб, ҳақиқий аҳволни ўрганиш, шу орқали мавжуд муаммоларни бартараф қилишга эришиш, ундан келиб чиқадиган хулосалар асосида таклифлар тайёрлаш ва қонунларга тегишли ўзгартишлар киритиш мақсадга мувофиқдир.

Зумрад БЕКАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn