Депутатлар мамлакатимизни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишмоқда
  • 24 Январь 2017

Депутатлар мамлакатимизни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегиясининг лойиҳаси муҳокамаси юзасидан турли тадбирлар ўтказилмоқда.

Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмиталари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир ҳам айни масалага бағишланди.

Мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, бунда дуч келинаётган айрим муаммо ва камчиликларни кечиктирмай ҳал қилиш, пировардида халқ турмуш фаровонлигини изчил юксалтириб бориш саъй-ҳаракатлари бугун янги босқичга чиққани қайд этилди. 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракат стратегияси лойиҳаси аҳоли, хусусан, жамиятимизнинг энг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш ҳамда илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш асосида тайёрлангани алоҳида эътиборга моликдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан тақдим этилган ушбу Стратегия лойиҳасида давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, миллатлараро дўстлик ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича бешта йўналишда устувор вазифалар кўзда тутилаяпти.

Депутатлар Ҳаракат стратегияси лойиҳасида фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилганини таъкидладилар. Бинобарин, юртимизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” концепциясини амалга ошириш жараёнида давлатнинг айрим ваколатлари босқичма-босқич нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига берилаётгани уларнинг кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирокчига айланишида, давлат органлари устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишда муҳим омил бўлаётир. Ҳозирги кунда элликдан ортиқ қонунларда демократик институтларнинг жамоатчилик назоратини олиб боришдаги ваколат ҳамда ҳуқуқлари ўз ифодасини топган.

Айни пайтда депутатлар жамоатчилик назоратини амалга оширишга қаратилган яхлит қонун йўқлиги, унинг механизмлари, мазкур назорат предмети, шакл ва услублари ҳамда субъект ва объектлари белгилаб берилмагани боис бу йўналишда айрим муаммолар кузатилаётганини айтиб ўтдилар. Шу маънода, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани мақсадга мувофиқдир. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда манфаатларига риоя этилишига, шунингдек, фуқароларнинг мурожаатларини, уларда кўтарилган муаммоларни жойида ҳал қилишда раҳбар ва мансабдор шахслар масъулиятини кучайтиришда таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишга имкон беради.

Тадбирда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи -бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан Ҳаракат стратегияси доирасида амалга оширилиши лозим бўлган асосий фаолият йўналишлари юзасидан аниқ мақсадли вазифалар белгилаб олинди.

* * *

Парламент қуйи палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг мажлисида ҳам Ҳаракат стратегияси лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.

Иштирокчилар унинг ҳар бир йўналиши бўйича батафсил тўхталиб ўтишди. Хусусан, хавфсизлик, диний бағрикенглик ҳамда миллатлараро тотувликни таъминлаш ва чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ҳамда амалий ташқи сиёсат соҳасидаги йўналишлар қизғин муҳокама асосида таҳлил қилинди.

Айтиб ўтилганидек, давлатнинг мустақиллиги ва суверенитетини, минтақамизда хавфсизлик, барқарорлик ҳамда аҳил қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳон ҳамжамиятида юртимизнинг нуфузини ошириш йўлида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни янада кучайтириш миллий тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда парламентнинг халқаро муносабатларини кенгайтириш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш орқали мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигига ҳисса қўшиш, бу мақсадда халқаро муносабатлар билан боғлиқ бўлган “Халқаро шартномалар тўғрисида”, “Давлат дипломатик хизмати тўғрисида”ги қонунлар ва Консуллик уставини такомиллаштириш масалалари Ҳаракат стратегиясига киритилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Депутатлар Ҳаракат стратегияси лойиҳаси кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этилиши халқ билан мулоқотнинг яна бир ёрқин амалий тасдиғи бўлишини эътироф этдилар.

Шунингдек, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастуридан жой оладиган Ўзбекистон Республикаси меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган ишлар ҳамда қонун лойиҳалари бўйича депутатлар ўз таклиф-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Қобил ХИДИРОВ.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn