Қонун ижросини таъминлашдаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди
  • 24 Январь 2017

Қонун ижросини таъминлашдаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг Халқ таълими вазирлиги тизимида ижросини ўрганиш якунлари муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун ахборотлаштириш жараёнини яхлит ва тизимли тартибга солишни самарали ташкил этишга қаратилган бўлиб, жамиятнинг турли соҳаларида, хусусан, таълим тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш учун ҳуқуқий ва ташкилий-техник шароитларни яратувчи фундаментал ҳуқуқий хужжатлардан бири ҳисобланади.

Депутатлар мазкур ҳуқуқий ҳужжат ижросини ўрганиш жараёнида вазирлик марказий аппарати ҳамда унинг тизимига кирувчи 19 та ташкилот ва муассаса фаолиятини таҳлил қилишди. Ушбу масала билан боғлиқ ахборот инфратузилмасини ривожлантириш бўйича таҳлилий, статистик маълумотлар, шу жумладан, фуқароларнинг ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбири мавзуига тааллуқли Қонунчилик палатасига келиб тушган мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек, ўқитувчилар таркиби ва ўқувчиларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидан хабардорлик даражасини аниқлаш, миллий ахборот тизимлари ҳамда ахборот ресурсларидан самарали фойдаланиши билан боғлиқ ижтимоий сўров ўтказилди.

Қайд этилганидек, Халқ таълими вазирлиги томонидан миллий таълим тизимини ахборотлаштириш жараёнини ривожлантириш мақсадида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бир қатор муҳим ахборот лойиҳалари ишлаб чиқилган ва ҳаётга татбиқ этилган. Хусусан, ташкилот ҳамда идоралар ўртасида таълимга оид ахборотларни алмашиш, бошқариш жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини самарали қўллаш йўли билан таълим жабҳасида аҳолига кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари кўламини кенгайтириш ва бошқарув жараёнини автоматлаштиришни таъминловчи “Таълим” ахборот тизими жорий қилинмоқда. “ZiyoNet” ахборот таълим тармоғи фаолиятининг сон ва сифат кўрсаткичлари янгиланаяпти. Интернетда Халқ таълими вазирлиги иштирокида таълимга оид кўп сонли ахборот ресурслари, шунингдек, вазирликнинг расмий портали орқали фойдаланувчиларга 4 та интерактив давлат хизматидан фойдаланиш имконияти яратилган.

Ўрганиш давомида амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, айрим камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Депутатлар томонидан мавжуд муаммоларни бартараф этиш, чунончи, Халқ таълими вазирлиги аппарати ва ўқитувчилари таркибининг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида билим даражасини юксалтириш, интернетнинг миллий сегментида ёшлар учун қизиқарли таълим порталлари сонини ошириш, таълим-тарбия жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий қилиш, таълим муассасалари ҳузуридаги ахборот-ресурс марказлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларнинг ахборот-кутубхона фондини кенгайтириш, марказий ахборот-кутубхона муассасаларининг маълумотлар базасидан кенг фойдаланишини таъминлаш бўйича зарур тавсиялар билдирилди. Таълим муассасаларида ахборот муҳитининг ривожланиши, ўз навбатида, ёшлар орасида юртимизнинг бой тарихий мероси, унинг маданияти ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этишга хизмат қилиши таъкидланди.

Йиғилишда қўмита томонидан “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун ижроси самарадорлигини юксалтириш, жумладан, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, таълим соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни жадаллаштириш масалалари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn