Тадбиркорлик фаолияти давлат ҳимоясида
  • 24 Январь 2017

Тадбиркорлик фаолияти давлат ҳимоясида

Андижон вилоятида Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилги асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектлари ҳамда кенг жамоатчиликка етказишга бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирок этди.

— Республикамизда ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шарт-шароит яратиш, солиқ имтиёзлари бериш ва солиқ маъмурчилигининг самарадорлигини ошириш тенденцияси жорий йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда, — дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси ходими Шерзодбек Абдураҳмонов. — Жумладан, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритувчи юридик шахсларга 12 та фаолият турини амалга оширганлик учун фойда ва ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этиш тарзидаги имтиёз 2020 йил 1 январгача татбиқ қилиниши белгиланди.

Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқувчилар учун ҳамда мамлакатимизда автомобиль саноатини янада ривожлантириш мақсадида берилган солиқ имтиёзларининг муддати ҳам шу муддатгача, оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва нашриётлар учун берилган солиқ имтиёзларининг муддати эса 2019 йил 1 январгача узайтирилди. Ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаш тартибларини бир хиллаштириш мақсадида жорий йилнинг 1 январидан бошлаб бошқа тадбиркорлик субъектларига белгиланган ягона ижтимоий тўловни ҳар бир ходим учун ойига минимал иш ҳақига каррали миқдорда ҳисоблашнинг амалдаги тартиби чакана савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш соҳаси корхоналарига ҳам татбиқ этилиши белгиланди. Бугунги учрашув шу каби маълумотлар атрофлича тушунтирилиб, иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилаётгани, муаммолар юзасидан тегишли чоралар кўрилаётгани билан аҳамиятлидир.

Йиғилишда таъкидланганидек, ўтган йил давомида Андижонда 7572 та тадбиркорлик субъекти турли сабабларга кўра фаолият кўрсатмади. Агар масаланинг асосий омиллари ўрганилиб, тадбиркорларга амалий кўмак берилса, давлат ғазнасига йилига 10 миллиард сўм миқдоридаги маблағ келиб тушади. Шу билан бирга, янги иш ўринларини яратиш имконияти юзага келади.

Йиғилишда илгари сурилган асосий мавзулардан яна бири пластик карточкалар билан савдо қилишни тартибга солиш тўғрисида бўлиб, қатнашчилар бу борада юзага келган муаммоларнинг ечими бўйича саволлар билан мурожаат этдилар. Маълум бўлишича, вилоятдаги 8601 савдо шохобчасининг 444 тасида терминал умуман ўрнатилмаган. Бу эса харидорларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаяпти. Мавжудларида эса нархни нақд пулга нисбатан ошириш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Кун тартибидаги муҳим масалалардан яна бири аҳоли бандлигини таъминлаш бўлиб, янги иш ўринларини яратиш билан бир қаторда, бўш иш ўринларини тўлдириш ҳам аҳамиятли эканлиги қайд этилди. Зеро, вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда 6778 та бўш иш ўрни мавжуд. Уларни касб-ҳунар коллежлари битирувчилари билан тўлдириш, янги ишлаб чиқариш технологиялари билан таъминлаш, мавжудларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, экспорт ҳажмини ошириш керак.

Анжуманда тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилиб, ечимини кутаётган муаммолар юзасидан ҳам амалий кўмак берилди.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn