Танқидий таҳлил ва шахсий жавобгарлик — ёрқин келажак пойдевори
  • 23 Январь 2017

Танқидий таҳлил ва шахсий жавобгарлик — ёрқин келажак пойдевори

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжал-ланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида иқтисодий барқарорликни таъминлаш, аҳоли ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини кафолатлаш, мурожаатларини ўз вақтида, холис кўриб чиқиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, шу орқали мавжуд муаммоларни бартараф этишга эришиш, бу борадаги ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини изчил таъминлаш, энг муҳими, фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизмларини татбиқ қилиш лозимлиги таъкидлангани биз, депутатларнинг ўз ишимизга жиддий эътибор қаратиб, янада масъулият билан ёндашишимиз зарурлигини тақозо этади.  

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлатимиз раҳбари маърузасининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Қуйи палата қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари маърузада белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, истиқболдаги режаларини шакллантирмоқда. Вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирокида ташкил этилаётган семинарларда эса депутатларнинг жойларга чиқиб, мавжуд аҳволни ўрганиш асосида аҳолининг энг муҳим эҳтиёжларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатишлари бўйича қизғин фикр алмашилаяпти. Табиийки, буларнинг барчаси фуқаролар манфаатларини таъминлаш баробарида, уларни ижтимоий--сиёсий жараёнга фаол жалб қилишда муҳим ўрин тутади. 

Вазирлар Маҳкамасининг бу галги мажлиси очиқ ва ошкора ўтказилгани, унда нафақат республика давлат ташкилотларининг раҳбарлари, вилоят ҳокимлари, балки барча туман, шаҳар ҳокимлари, молия ва иқтисодиёт ташкилотлари раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари, шунингдек, айрим тадбиркорлик субъектлари қатнашгани ўртага қўйилган масалаларнинг нақадар муҳим эканлигини намоён қилди. Асосий диққат-эътибор мавжуд камчиликлар ва уларнинг илдизларини пухта таҳлил этишга қаратилгани келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларни аниқлаб олишга бутунлай янгича тус берди. Бу юртимизни янада тараққий топтириш, энг асосийси, халқимизнинг кундалик турмуш ҳаётини янада енгиллаштириш ва осонлаштиришга хизмат қилади. 

Президентимиз маърузасида ҳар биримиз, энг аввало, давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг вазифаси — ўзимиз масъул бўлган соҳа ва тармоқда ишларнинг аҳволини -танқидий баҳолаш асосида зиммамизга юклатилган вазифаларни масъулият билан бажаришни таъминлашдан иборат экани қайд этилгани, ўз навбатида, биз, депутатлар ҳамда ижро органларининг барча раҳбар ва масъул ходимларидан юртимизнинг ёрқин келажаги, унинг янада гуллаб-яшнаши учун фидойи бўлиб ишлашимизни талаб қилади. Бинобарин, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга ошириш, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш энг устувор вазифа сифатида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига жиддий ўзгартиришлар киритиш учун пойдевор бўлиши айни муддаодир.  

Бу борада парламентнинг, хусусан, Қонунчилик палатаси депутатларининг фаол иштирок этиши мақсадга мувофиқ ва бу зиммамизга катта масъулият юклайди. Зеро, ҳаётнинг ўзи ҳамда халқнинг талаблари бизнинг олдимизга амалий ечимини топиш лозим бўлган янги ва янада мураккаб вазифаларни қўймоқда. Давлатимиз раҳбарининг бу бўйича берган топшириқлари муаммоларни жойларга чиқиб, халқ билан очиқ мулоқотни ташкил қилиш, айниқса, қишлоқ жойлардаги аҳволни чуқур ўрганиш, пировардида мавжуд муаммоларни ўз вақтида, самарали бартараф этишда муҳим ўрин тутади. Айниқса, қонун ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш, қабул қилинган қонунларни назорат-таҳлил тартибида чуқур ўрганиш бунда устувор аҳамиятга эга. 

Президентимиз томонидан мазкур мажлисда билдирилган танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, кундалик фаолиятимизни танқидий таҳлил қилиб, бунда қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик масалаларига доимо эътибор қаратиб боришимиз ҳаётий заруратдир.

 

Умиджон СУЛАЙМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

 Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn