Солиқ маъмурчилиги хусусий сектор ривожига хизмат қилади
  • 23 Январь 2017

Солиқ маъмурчилиги хусусий сектор ривожига хизмат қилади

Бухорода солиқ ҳамда бюджет сиёсатининг 2017 йилги асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятидан тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш мақсадида кўргазмали семинар ташкил этилди.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда сўз олганлар тадбиркорларга қулайликлар яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ имтиёзлари бериш ва солиқ маъмурчилигининг самарадорлигини ошириш тенденцияси 2017 йилда ҳам сақланиб қолинишини таъкидладилар.

— Давлатимиз эмин-эркин ишлашимиз, фаолиятимизни кенгайтиришимиз учун солиқ тўлови бўйича ҳам қатор енгиллик ва имтиёзлар яратиб бермоқда, — дейди семинар қатнашчиси, “Когон иситкич мосламалари” хусусий корхонаси раҳбари Олим Ҳамидов. — Мазкур семинарда шу қулайликлар тўғрисида мутахассислар томонидан атрофлича маълумотлар берилди. Тадбирнинг очиқ мулоқот тарзида ўтгани боис биз, ишбилармонлар ўзимизни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдик.

Семинарда солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажариб, тегишли қонунчиликка қатъий риоя этаётган, шунингдек, ишлаб чиқаришни ривожлантириб, янги иш ўринлари ташкил этган, республика иқтисодиёти юксалишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган намунали солиқ тўловчиларнинг бир гуруҳи Давлат солиқ қўмитасининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn