Фракцияларда ҳаётий масалалар, долзарб вазифалар кўриб чиқилди
  • 20 Январь 2017

Фракцияларда ҳаётий масалалар, долзарб вазифалар кўриб чиқилди

Аввал хабар қилинганидек, шу кунларда сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари йиғилишларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик — ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” номли маърузаси атрофлича кўриб чиқилмоқда.

Айни чоғда маърузада белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, партиялар фракциялари олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилиниб, галдаги режалар белгилаб олинаяпти.

Жумладан, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида давлатимиз раҳбари маърузасида келтириб ўтилган муаммоларни танқидий таҳлил қилиш билан бирга, уларнинг аниқ амалий ечимини топиш механизмларини шакллантириш, айниқса, шахсий интизом, ўз вазифасини бажаришга масъулият ҳамда жавобгарлик ҳисси билан ёндашиш фракция аъзоларининг ҳам фаолият мезонига айланиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Маърузада “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга ошириш, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этишга устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратилгани бу борада ҳар бир депутат фаол иш олиб бориши зарурлигини тақозо қилади. Тадбирда фракция аъзолари, энг аввало, Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳоли кенг қатламига етказиш, сайлов округларида сайловчилар билан учрашувларни мунтазам ташкил этиш, халқ билан доимий очиқ мулоқот олиб бориш, бундай тадбирларнинг аҳамиятини оширган ҳолда, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни жойида ҳал қилишга кўмаклашиш масалаларига аҳамият қаратишди. Қайд этилганидек, бу борадаги саъй-ҳаракатлар аҳоли турмуш даражаси ҳамда сифатини юксалтиришга, ҳуқуқий маданиятини кучайтиришга, энг муҳими, мавжуд камчиликларнинг ўз вақтида барҳам топишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, йиғилишда аҳоли бандлигини, хусусан, ёшлар, аёлларни доимий иш билан таъминлаш, фуқароларга тиббий хизмат кўрсатишни кенгайтириш, имконияти чекланган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юксак малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида аниқ чора-тадбирларни рўёбга чиқариш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди. Айни чоғда депутатлар томонидан Бандлик дастури ижросини назорат қилиш, Бандликка кўмаклашиш марказлари фаолиятини танқидий таҳлил этиш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини аниқ бир ташкилотга бириктиришни таъминлаш билан бирга, унинг бўлажак иш жойи, иш ҳақи ҳамда ижтимоий шароитларини аниқ белгилаш, хўжалик юритувчи субъект раҳбарининг нафақат мажбуриятини, балки шахсий масъулиятини оширишга қаратилган таклифлар илгари сурилди.

Музокараларда сўзга чиққанлар қонунларнинг ҳаётийлиги ва уларни тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларини яратиш борасидаги ишларга тўхталиб ўтишди. Қонун ижодкорлигини такомиллаштириш барча соҳадаги ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлашга ҳисса қўшиши алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда мамлакатимиз раҳбарининг маърузасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП фракцияси олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди ҳамда муҳокама этилган масалалар бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва партия Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитасининг қўшма йиғилишида давлатимиз раҳбари маърузасидан келиб чиқадиган долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Очиқлик ҳамда ошкоралик тамойиллари асосида, танқидий руҳда ўтказилган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида Президентимиз томонидан барча соҳани ислоҳ қилиш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар тадбир иштирокчиларининг диққат-эътиборида бўлди. Мамлакатимизни янада ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни тизимли амалга ошириш, энг муҳими, инсон манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлигини кафолатлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини, сиёсий онгини юксалтириш, жамиятдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича қўйилган талаблар ҳаётийлиги билан долзарб аҳамиятга эгадир.

Таъкидланганидек, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ҳамда сифатини таъминлаш жараёнида дуч келинаётган камчиликларни самарали ҳал қилиш бўйича пухта таклифлар устида ишлаш ҳамда амалга ошириш бугунги кун талабидир.

Йиғилишда сўзга чиққанлар Президентимиз томонидан билдирилган очиқ, конструктив, аниқ рақам ва далилларга асосланган танқидий мулоҳазалар, 2017 йил ҳамда ундан кейинги йилларда мамлакатимизни янада тараққий топтиришга қаратилган, чуқур ўйланган устувор вазифалар нафақат давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, балки фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, сиёсий партиялар фаоллари ва депутатлари, қолаверса, ҳар бир фуқарони ўз вазифасига сидқидилдан, қатъий интизом ҳамда шахсий жавобгарлик ҳисси билан ёндашишга чорлаганлигини билдирдилар.

“Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан қонун ижодкорлиги фаолиятида халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш, айниқса, парламент назорати доирасида илм-фан ҳамда таълим соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишдаги камчиликлар, тиббиёт соҳасидаги, аҳолига сифатли дори воситаларини етказиб беришдаги муаммоларнинг ҳал қилинишига алоҳида урғу берилди.

Тадбирда, шунингдек, жорий йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш тизимининг ҳолати ва истиқболларига бағишланган йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларга эътибор қаратилди. Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини, энг аввало, қишлоқ врачлик пунктларини ислоҳ этиш, уларни олий маълумотли кадрлар ҳамда энг илғор ускуналар, дори воситалари билан таъминлаш, тез тиббий ёрдамнинг барча тузилмасида тартиб ўрнатиш, қолаверса, дорихоналар тармоғидаги жиддий камчиликларга барҳам бериш каби йўналишлардаги талабларни бажаришда “Адолат” СДП депутатлари ва фаоллари соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ижросида янада жонбозлик кўрсатиши лозимлиги таъкидланди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn