Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш — доимий эътиборда
  • 19 Январь 2017

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш — доимий эътиборда

Бугунги шиддатли замонда транспорт воситалари кундалик ҳаётимизнинг энг яқин кўмакчиси бўлиб қолмоқда. Юртимизда аҳоли турмуш фаровонлигининг юксалиши, -айниқса, автомобилсозлик саноати изчил ривожланиб бораётгани натижасида шахсий транспорт воситалари сони сезиларли даражада ошиб, йўлларда автоуловлар қатнови кўпайган. 

Бу эса, табиийки, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкларини ҳимоя қилиш самарадорлигини янада оширишни тақозо этади. Мазкур масалага давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, соҳанинг ҳуқуқий механизми мустаҳкамлангани ва улар асосида қатор ишлар олиб борилаётгани диққатга сазовор.

Республикамизда 2016 йилнинг 10 ноябридан бошланиб, 2017 йилнинг 10 январига қадар уюшқоқлик билан ўтказилган кенг қамровли Ҳаракат хавфсизлиги тадбири транспорт воситалари ва пиёдалар, жумладан, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, бу борадаги камчиликларни бартараф этиш, транспорт воситаларининг техник тайёргарлигини яхшилаш ва мазкур масалаларга жамоатчиликни жалб қилишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. 

Ушбу тадбир ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш тизимини  янада такомиллаштириш, соҳага оид қонун ҳужжатларини либераллаштириш, шунингдек, фуқароларда йўл ҳаракати қоидаларини билиш ва уларга қатъий амал қилиш кўникмасини шакллантириш чора-тадбирлари ўз натижасини бераётганини яна бир карра тасдиқлади. 

Хусусан, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2013 йилда янги таҳрирда қабул қилиниши, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, 2016 йилнинг 1 мартидан бошлаб замон талабларига мос қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган Йўл ҳаракати қоидалари амалиётга татбиқ этилгани айни муддао бўлди.

Йўл-транспорт ҳодисалари олди олиниши ҳайдовчи ва пиёдаларнинг ҳаракатланиш хавфсизлиги қоидаларига риоя этиши билан боғлиқ, албатта. Шуни унутмаслик керакки, ҳайдовчи нафақат транспорт воситасининг бошқарувчиси, балки ҳаракатланиш хавфсизлиги учун жавобгар шахс ҳамдир. Афсуски, айрим ҳайдовчилар ана шу жавобгарлик ва масъулиятни унутиб қўйиши турли нохушликларга олиб келади. Бундан ташқари, транспорт воситаларининг техник жиҳатдан соз бўлмоғи талаб этилади. Шунга кўра, Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ,  йўловчи  ва хавфли юкларни ташувчи транспорт воситалари бир йилда икки марта, юридик ва жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситалари бир марта техник кўрикдан ўтказилаётгани ўз натижасини бермоқда. 

Айтиш керакки, ҳозирги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, Ички ишлар вазирлиги, шу жумладан, унинг таркибий қисми бўлган давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан илғор технологиялар имкониятидан кенг фойдаланиш чоралари кўрилаётир. Бу йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда мавҳум, тортишувли транспорт ҳодисаларига аниқлик киритишда қўл келмоқда. Пойтахтимизда йўл ҳаракатини бошқаришнинг компьютерлаштирилган тизимини яратиш лойиҳаси ана шундай янгиликлардан бири ҳисобланади.

Бу тизим тўлиқ ишга тушгач, пойтахт кўчаларининг юқори ҳаракат жадаллиги шароитида автоуловлар қатновини назорат қилиш, қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқлаш, қайд этиш ҳамда профилактика ишларини такомиллаштириш, пировардида фуқароларнинг турли йўл-транспорт ҳодисаларидан ҳимояланганлик даражасини ошириш имконияти ортади. Бунинг учун ҳозирги кунга қадар назорат қилинадиган ҳар бир объект (чорраҳа) интеллектуал детекторлар, контроллерлар, ҳаракатни назорат қилувчи замонавий техник воситалар (видеокамера, фоторадар, фиксатор) билан жиҳозланди. Чорраҳаларда фуқаролар учун махсус хизматларни (ички ишлар, тез тиббий ёрдам ва шу кабилар) чақириш воситалари ўрнатилди. 

Ҳаракатланиш хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётган яна бир ҳолат борки, бу ҳам бўлса, пиёдаларнинг йўл қоидаларини писанд этмаслик, бепарволик кўникмаси билан боғлиқдир. Пиёдалар иштирокида турли кўнгилсизликлар ҳамон учраб тураётгани шундан далолат беради. 

Тўғри, пиёдаларга қулай бўлиши учун аксарият серқатнов кўчаларимизда махсус ер ости ва ер усти йўллари қурилган. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар марказларида, Тошкент шаҳрида хавфсизликни таъминлаш мақсадида йўл ўрталарига панжаралар ўрнатилган. Бироқ бу қулайликларни инобатга олмай, йўлдан ўтиш қоидаларини бузиб, ўз ҳаётини хавф остига қўяётган инсонлар йўқ эмас. Ачинарлиси, катталарнинг бу хатолари болаларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Йўлдан ўтаётганда мобиль телефон ҳамда планшетдан фойдаланиш, қулоққа турли мосламаларни тақиб олиб, ён-атрофга эътибор бермаслик ҳолатлари, айниқса, мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари орасида “урф” бўлаётгани ҳар биримизни огоҳликка ундайди. 

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси қатор ҳамкорлар билан биргаликда маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, автокорхоналарда, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида, касб-ҳунар коллежларида кенг кўламдаги тушунтириш ишларини изчил амалга оширмоқда. 

Жумладан, ўтган Ҳаракат хавфсизлиги тадбири давомида ҳам давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан аҳоли барча қатламига йўл ҳаракати қоидаларини янада чуқур етказишга урғу берилди. Аҳоли гавжум жойларда 5 минг 

700 дан ортиқ, меҳнат жамоаларида 6 мингга яқин, маҳаллаларда 6 минг 185 марта, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида 11 минг 100 дан зиёд учрашув ҳамда суҳбатлар ташкил этилди. Айни чоғда автомобиль йўллари, хиёбонлар, автошоҳбекатлар, бозорлар ва аҳоли кўп тўпланадиган жойларга 19 минг 341 реклама, панно ҳамда шиор ўрнатилди. 

Шунингдек, йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлаш мақсадида давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, халқ таълими, маҳаллий ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларидан иборат 328 та махсус гуруҳ 7 минг 308 та рейд ўтказди ва уларнинг натижаси бўйича тегишли идора ҳамда ташкилотларга тақдимномалар киритилди. 

Қолаверса, 5 минг 120 километрдан ортиқ пиёдалар йўлаклари ва болалар ҳаракати серқатнов бўлган йўллар кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан маҳаллий ҳокимликларга тақдимнома киритилиб, тегишли йўл идораларига таклифлар берилди. 

Рейдлар мобайнида аниқланган йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича тузилган маъмурий ҳужжатларни маҳаллаларда ва меҳнат жамоаларида кўриб чиқиб, муҳокама қилиш тартиби йўлга қўйилгани ҳам амалий аҳамият касб этмоқда. Бунга исбот тариқасида 2016 йил давомида қоидабузар пиёдалар  томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг сони 2015 йилдагига нисбатан 1,9 фоиз ёки 201 тага камайганини келтириш мумкин.

Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва бунда аҳолининг ҳушёрлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларда Ҳаракат хавфсизлиги тадбирининг алоҳида ўрни бор. Муҳими, бу анъанавий тадбир эътирофга молик натижалар беришига ишончимиз комил. 

Саидкарим НИШАНБАЕВ, 

Ўзбекистон Республикаси 

ички ишлар вазири ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn