Очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш депутатлар фаолиятида алоҳида ўрин тутади
  • 19 Январь 2017

Очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш депутатлар фаолиятида алоҳида ўрин тутади

Жорий йил 18 январь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда партия Марказий кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси мазмун-моҳияти ҳамда ундан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва унинг фракцияси олдида турган долзарб вазифалар қизғин муҳокама қилинди.

Президентимиз маърузасида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳасини кенг муҳокама қилиш давомида келиб тушган таклифлар инобатга олинган ҳолда, 2017 йил учун мўлжалланган иқтисодий ва ижтимоий дастурнинг ўн битта энг муҳим устувор вазифаси белгилангани депутатлар диққат-эътиборида бўлди. Айниқса, фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизмларини татбиқ қилиш, жумладан, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ҳамда ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш лозимлиги, бунда Қонунчилик палатаси депутатлари, жумладан, ЎзМТДП фракцияси аъзоларининг фаол иштирокини кафолатлаш долзарб аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Йиғилишда фракция аъзолари ва партия фаоллари томонидан маърузада Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги, ҳар бир туман ва шаҳардаги Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхонаси фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш даркорлиги бўйича қатъий қўйилган талаблардан келиб чиқиб, аниқ таклифлар илгари сурилди. Иштирокчиларнинг фикрича, бу борадаги самарали саъй-ҳаракатлар фуқароларнинг қонуний мурожаатларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқиш ва ҳал этишни таъминлашга хизмат қилади. 

Сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг чуқур таҳлилий, танқидий фикрларидан тегишли хулосага келиб, партия ва депутатлар иш фаолиятини тубдан кучайтириш лозимлигини билдиришди. Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сайловолди платформасида белгиланган вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш, турли аҳоли қатламларидан иборат электорат манфаатларини изчил ҳимоя қилиш зарур. Бунда “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг ижросини амалда таъминлаш, парламент сўрови, парламент эшитувларини ташкил этиш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига аҳолини ўйлантираётган муаммолар юзасидан пухта тайёрланган масалаларни олиб чиқишда ташаббускорликни янада кучайтириш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.  

Муҳокамалар якунида партия ва фракциянинг 2017 йилга мўлжалланган иш фаолиятининг асосий йўналишларини ишлаб чиқишда мамлакатимиз раҳбарининг Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифалар ҳамда илгари сурилган ғоя ва таклифлар акс этишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. 

* * *

Шу куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилиб, бу борада ЎзЛиДеП фракцияси олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мазкур Фармон халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унинг ижроси “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ҳаётий тамойилни амалда қарор топтириш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. 

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, айни пайтда республикамиз бўйича Халқ қабулхоналари ташкил этилмоқда. Депутатларнинг фикрича, бу жисмоний ва юридик шахслар учун бир қатор қулайликлар яратади. Энг аввало, улардан келиб тушадиган мурожаатларни белгиланган муддатларда, сифатли ва холисона кўриб чиқишга имкон беради. Шунингдек, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, бу орқали мурожаат қилувчи шахсларнинг муаммолари билан яқиндан танишиш ва уларнинг ҳал қилинишига кўмаклашишга зарур шарт-шароит яратади. Бу омиллар ҳар бир мурожаатнинг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунда белгиланган талаблар доирасида ўз вақтида, сифатли ва холисона кўриб чиқилишини таъминлайди. 

Фракция аъзолари кун тартибидаги масалага партия позицияси нуқтаи назаридан ёндашиб, мазкур Фармон барча соҳа қатори тадбиркорлик субъектларининг ривожланишига халақит бераётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга хизмат қилишини таъкидлади. Айни чоғда аҳоли, жумладан, тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоли масалалар, уларнинг мурожаатига қисқа фурсатда тез, аниқ ва энг муҳими, амалий -жиҳатдан кўмаклашади. 

Йиғилишда Фармоннинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратилди. Унда мурожаатларга асос бўлган тизимли қонунбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш юзасидан доимий таҳлиллар ўтказиш назарда тутилгани диққатга сазовор. Депутатларнинг фикрига кўра, бундай таҳлилларнинг ўтказилиши, шубҳасиз, қонунларни қабул қилиш ва уларни қўллаш амалиётида, бу орқали эса мамлакатимизда фуқаролик жамияти асосларини янада мустаҳкамлаш борасида қатор ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади. Ўз навбатида, кадрлар сиёсати билан боғлиқ ислоҳотларни -самарали давом эттиришга ҳам  имкон беради. 

Йиғилишда муҳокама этилган масала юзасидан ЎзЛиДеП фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди ҳамда фракция ваколатига тааллуқли бошқа вазифалар ҳам кўриб чиқилди.

 

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn