Ислоҳотлар самарадорлиги кафолати
  • 18 Январь 2017

Ислоҳотлар самарадорлиги кафолати

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси одамларимизни ўйлантираётган муаммолар, ўз ечимини кутаётган долзарб масалаларни кенг қамраб олгани билан ғоят аҳамиятлидир.

Чуқур таҳлилга, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги мавжуд бўшлиқларни аниқ кўрсатиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича оқилона ёндашувга асосланган мазкур маърузани халқимиз ҳаяжон ва қизиқиш билан ўрганмоқда.

Президентимиз танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар — бу Бош вазир ёки унинг ўринбосарлари бўладими, ҳукумат аъзоси ёки ҳудудлар ҳокими бўладими, улар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши кераклигига алоҳида урғу берди. Чиндан ҳам, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ҳамда сифатини таъминлашдек олижаноб мақсадни рўёбга чиқариш, ушбу жараёнда дуч келинаётган камчиликлардан кўз юммай, уларни самарали ҳал қилиш бўйича пухта таклифлар устида ишлаш ва амалга ошириш бугун ҳар бир раҳбар шахс олдидаги асосий вазифа бўлмоғи шарт.

Зотан, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғоя қоғозда эмас, балки амалиётда ўз исботини топиши ҳаётий заруратдир.

Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд аҳвол рўйирост баён этилди. Тўғри, мустақилликнинг илк йилларидан аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний бақувват ҳамда маънавий жиҳатдан соғлом авлодни камол топтириш йўлида комплекс чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Тараққиётимизнинг ижтимоий қиёфага эга миллий модели асосида мазкур соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтириладиган бюджет харажатлари сезиларли даражада ошди. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг малакали ҳамда кафолатланган тиббий хизматдан фойдаланиши учун барча шароитни яратиш, перинатал, скрининг хизматларини йўлга қўйиш, бирламчи тиббий муассасалар фаолиятини жонлантиришнинг муҳим омили бўлди. Мисол тариқасида республикамизда оналар ва болалар ўлими кўрсаткичлари 3 баробар, туғма нуқсонлар билан туғилиш ҳоллари 1,8 маротаба, ҳомиладор аёллар орасида анемияга чалиниш 7,2 фоиз камайганини, 98 фоиздан ортиқ болаларни профилактик эмлашлар иммунизация миллий календарига киритилган янги вакциналар билан ўтказилаётганини келтириш мумкин.

Шунга қарамай, мазкур соҳа қатор муаммолардан холи эмаслигини ҳам яшириб бўлмайди. Патронаж хизмати, ҳудудий ихтисослаштирилган даволаш ҳамда туғуруқ муассасаларида замонавий жиҳозларнинг етишмаслиги сабабли ҳомиладорлар, оналар ва чақалоқларга перинатал ёрдам кўрсатиш даражаси талабга жавоб бермаслиги, туғиш ёшидаги аёлларда экстрагенитал касалликларнинг кеч аниқланиши, норационал овқатланиш ҳолатининг кузатилиши ҳамда ҳаёт учун зарур микронутриентларнинг, айниқса, Оролбўйи ҳудудлари аҳолисида етишмовчилиги, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда тиббий кўриклар юзаки ўтказилиши ана шулар жумласидандир.

Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини, энг аввало, қишлоқ врачлик пунктларини ислоҳ қилиш, уларни олий маълумотли кадрлар ҳамда энг илғор ускуналар, дори воситалари билан таъминлаш, тез тиббий ёрдамнинг барча тузилмасида тартиб ўрнатиш, қолаверса, дорихоналар тармоғидаги жиддий камчиликларга барҳам бериш каби йўналишларда ислоҳотлар самарадорлигини кафолатлайди.

Эндиликда ушбу устувор вазифаларни бажаришда, соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ижросида ҳеч қандай сусткашлик ва кўзбўямачиликка йўл қўйилмаслиги учун биз, сенаторлар янада жонбозлик, фидойилик кўрсатмоғимиз лозим. Тегишли қонунлар, Давлат дастурлари ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар устидан парламент назоратини олиб бориш баробарида, жойларда фуқаролар билан доимийлик ва очиқликка асосланган мулоқотларни ташкил этиш, шу аснода уларнинг соғлиқни сақлаш тизимида қилинаётган саъй-ҳаракатларга доир фикр-мулоҳазаларини, таклифларини ўрганиш ҳамда буни қонун ижодкорлиги жараёнида инобатга олиш фаолиятимиз негизи ҳисобланади. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ҳар бир фуқаро қабул қилинаётган қарорлар реал фойда бераётганини сезиши керак.

 

Гавҳар АЛИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn