Адолат туйғусини том маънода қарор топтириш — энг асосий вазифага айланиши шарт
  • 10 Январь 2017

Адолат туйғусини том маънода қарор топтириш — энг асосий вазифага айланиши шарт

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 8 январь — Прокуратура органлари ходимлари кунига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбирдаги маърузасини тинглар эканман, прокуратура органлари ходими, қолаверса, оддий фуқаро сифатида қалбим катта ғурур ва ифтихорга тўлди, айни вақтда прокуратура органларига билдирилган юксак ишонч ва эътибор шахсан менга ҳамда ҳар бир ходимга янада катта масъулият юклаб, фидойи бўлишга ундади.

Ходимлар давлатимиз раҳбарига касбий байрам куни белгиланганлиги учун чуқур миннатдорлик билдирар экан, ушбу байрам тадбирида бевосита иштирок этганликлари катта шарафлигини алоҳида таъкидладилар.
Ҳурматли Президентимиз маърузасида фаолиятимиздаги камчиликлар, олдимизда турган долзарб муаммоларни аниқ ҳамда рўйирост кўрсатиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни аниқ белгилаб бердилар.
Маърузани тинглар эканман, қонун устуворлиги ва адолат фаолиятимнинг асосий мезони бўлиб қолишига, ҳар қандай адолатсизликка йўл қўймасликнинг барча чорасини кўришга, фуқаролар хавфсизлиги ва конституциявий тузум ҳимоясини таъминлашга, халқ ичига киришга, керак бўлса уйма-уй юриб, унинг дарди ва кундалик ҳаёти билан яшашга, умуман, Президентимиз томонидан қўйилган барча вазифаларни қатъий ва тўлақонли бажаришга ўзимга яна бир бор сўз бердим.
Ходимларнинг кўзига, сўзига қараб, барча мен каби дунёқарашини ўзгартирганлигини, хизматга янгича ёндашув зарурлигини, прокурор нафақат жиноятчиликка қарши курашувчи, балки ҳудудда адолат муҳитини яратишда энг масъул шахс эканлигини, халқ шунга қараб баҳо беришини тушуниб етганлигини ҳис қилдим.
Президентимизнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган сўзлари кундалик фаолиятимиздаги қоидага айланди.
Ҳеч муболағасиз айта оламанки, давлатимиз раҳбари билан учрашувдан барчамиз тамоман янгича дунёқараш билан чиқдик.
Маърузада фаолиятимизнинг барча йўналишлари бўйича қайд этилган танқидий фикрлардан тўғри хулоса қилган ҳолда, камчилик ва нуқсонларни сўзсиз бартараф этиш учун ҳар биримиз бор салоҳиятимиз, билим ҳамда тажрибамизни сафарбар қилишга, билдирилган ишонч ва эътиборни юксак қадрлаб, уни ўз меҳнатимиз, садоқатли хизматимиз билан оқлашга сўз бердик.
Барча ҳамкасбларимиз шу муқаддас юртимиз, Президентимиз ва бағрикенг халқимизга садоқат билан хизмат қилиш энг шарафли бурч эканлигини яна бир бора ҳис этганликлари аниқ.
Шубҳасиз, мазкур учрашув ҳали узоқ вақтлар давомида прокуратура органлари фао-лияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.


Садриддин ТУРДИЕВ,
Хоразм вилояти прокурори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn