Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллашди
  • 05 Январь 2017

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси мажлиси бўлиб ўтди. Унда 2017 йил 1 январдан кучга кирган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳияти ва уни кенг жамоатчиликка етказиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ушбу Қонун тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувлардан ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлашга, жиноят ишлари бўйича тафтишлар ўтказишни процессуал жиҳатдан аниқ тартибга солишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. 

Қонунда молиявий-хўжалик фаолиятини амалга ошириш чоғида биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектларини ва уларнинг ходимларини, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказмаган ҳолда тадбиркорлик -фаолиятини амалга оширган шахсларни, агар етказилган зарарнинг ўрни улар томонидан қопланган ва ҳуқуқбузарлик оқибатлари ихтиёрий равишда бартараф этилган тақдирда, жавобгарликнинг барча турларидан озод этиш, шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзидаги жиноий жазони қўллашга тақиқ белгилаш ўз ифодасини топди.

Депутатларнинг фикрича, ушбу қоидалар илк бор ҳуқуқбузарлик содир этган ва ўз айбини англаб етган фуқароларга ҳеч қандай салбий оқибатларсиз тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш имконини беради. Бу эса уларнинг ишбилармонлик борасидаги фаоллигини рағбатлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, Қонунда бир қатор қонун ҳужжатларига муқобил текширувларнинг барча турларини, шу жумладан, жиноят ишлари бўйича муқобил текширишларнинг барча турларини бекор қилишга тааллуқли тузатишлар киритиш назарда тутилди.

Йиғилишда мамлакатимизда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида кенг имкониятлар беришга, иқтисодиётда давлатнинг иштироки даражасини қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани эътироф этилди. Фракция аъзоларининг қайд этишича, мазкур ҳужжатдаги нормалар хусусий секторни ва тадбиркорлик фаолиятини янада тараққий эттиришга хизмат қилади. 

Сўзга чиққанлар иқтисодиётимизни либераллаштириш ва бозор муносабатларини янада чуқурлаштириш орқали халқимиз фаровонлигини таъминлаш ҳамда қонун ижроси устидан самарали назорат ўрнатишда парламентнинг ваколати ва масъулиятини ошириш мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтдилар. 

Шу боис Қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида кенг жамоатчилик, энг аввало,  партия электорати вакиллари бўлган тадбиркорлар ва фермерларни яқиндан хабардор қилиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида дуч келиниши мумкин бўлган масалаларни ҳал этишда фракция ва маҳаллий вакиллик органларидаги партия депутатлик гуруҳларини фаол жалб қилиш зарурлиги қайд этилди. Айни чоғда жойларда партия кенгашлари ва депутатлар иштирокида Қонуннинг амалиётга жорий этилиши билан боғлиқ тегишли тушунтириш ва тарғибот тадбирларини олиб бориш ҳақидаги таклифлар илгари сурилди.

Йиғилиш якунида муҳокама этилган масала юзасидан фракциянинг тегишли таклиф ва тавсиялари ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn