Адолат — қонун устуворлигида
  • 31 Декабрь 2016

Адолат — қонун устуворлигида

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, асосий масала — қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилинишини таъминлашдан иборатдир.

Бу йўналишда хўжалик судлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тадбиркорлар, кичик бизнес вакиллари, фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини муҳофаза этиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. 2016 йилда хўжалик судлари томонидан 335 минг 146 та иш кўрилгани, уларнинг 174 минг 879 таси, яъни 52,1 фоизи бевосита жойларда ташкил қилинган сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилгани бунинг яққол далилидир. Бундай тадбирлар чоғида суд қарорлари, кўриб чиқилган низога тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти хусусида атрофлича тушунтиришлар бери-лаётир.
Шунингдек, Олий хўжалик судининг янгиланган веб-сайтида “Электрон кутубхона” ташкил этилган бўлиб, унда тадбиркорлик фаолиятига оид 8 минг
600 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Олий хўжалик суди Пленуми қарорлари ва бошқа ҳуқуқий, илмий-амалий адабиётлар мавжуд. Ҳозирги кунда ундан 26 минг нафардан ортиқ фуқаролар доимий фойдаланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судида ўтказилган “Адолат — қонун устуворлигида” мавзуидаги тадбирда шулар хусусида сўз юритилди.
Олий хўжалик суди раиси К. Камилов ва бошқалар Ўзбекистонда қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани, соҳадаги бюрократик тўсиқлар бартараф этилаётгани натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тобора ривожланиб бораётганлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада янги босқични бошлаб берди.
Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони судларнинг нуфузини янада ошириш орқали инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда дастуриламал бўлмоқда.
Тадбирда ушбу йўналишдаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида Олий хўжалик суди томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказиб келинаётган “Адолат — қонун устуворлигида” танлови ғолиблари  диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.


З. ХОЛТЎРАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn