Халқ ишончи — юксак масъулият
  • 28 Декабрь 2016

Халқ ишончи — юксак масъулият

Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият, деб кўрсатилган ва ўтган йиллар давомида ушбу нормага мувофиқ, кенг кўламдаги ислоҳотлар изчил рўёбга чиқарилди.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида мамлакатни янада ривожлантириш бўйича белгилаб берилган энг муҳим вазифалар замирида ҳам, аввало, инсон ва унинг манфаатлари устуворлигини кафолатлашдек олижаноб мақсад ўз ифодасини топган. Хусусан,  унда давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар фаолиятига баҳо беришда қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қандай ҳимоя қилинаётгани, уларга давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва очиқлиги асосий мезон бўлиши таъкидланди. “Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган — шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам — шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам шу халқ” дея Президентимиз халқ билан мулоқот, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш энг устувор вазифа эканини қайд этди. 
Бугун давлат ва жамият ҳаётидаги ўзгариш ҳамда янгиланишлар пировардида халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, турли соҳаларда фуқароларимиз дуч келаётган муаммоларни кечиктирмай ҳал этиб, ҳар бир инсоннинг ўз турмушидан мамнун ва рози бўлиб яшаши учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилгани билан беқиёс аҳамият касб этмоқда. Бунинг учун жойларга чиқиб, халқ ҳузурида бўлиш, меҳнаткаш, мард одамларимизнинг кўнглига қулоқ тутиш, шу орқали ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кузатилаётган камчиликларни, қонунчилигимиз ва унинг ижро механизмидаги бўшлиқларни аниқлаб, барчасининг ечимини топиш биринчи галдаги вазифамиз ҳисобланади.
Бу саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, парламент назоратининг самарали амалга оширилишига, демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришга хизмат қилувчи қонунларнинг ҳавода муаллақ осилиб қолмай, балки амалиётда ўз тасдиғини топишига замин яратади. Қолаверса, халқ вакилларининг халқ олдидаги ҳисобдорлигини оширади.
Бу ўринда қайд этиш керакки, ўтган йигирма беш йил халқимизнинг нафақат турмуш тарзи, балки онгу шуури, дунёқарашида чинакам юксалиш даври бўлди. Олиб борилаётган илмий ва ижтимоий тадқиқотлар бугунги кунда аҳолимизнинг салмоқли қисми қонунда мустаҳкамлаб қўйилган ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларидан бохабарлигини, манфаатларига дахл қилинган тақдирда адолатга, ўз ҳуқуқларини тиклашга ишонишини кўрсатмоқда. Узоққа бормай, якунига етаётган йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижаларини олиб кўрайлик. Ўша куни хоҳиш-иродасини эмин-эркин ифода этиб, муносиб танловни амалга оширган халқимиз фаол фуқаролик позициясини ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини -намойиш қилди. Бу жараённи яқиндан кузатган халқаро экспертлар, жамоатчилик вакиллари фуқароларимиз ўз конституциявий ҳуқуқларини яхши билиши ҳамда улардан фойдаланиш кўникмасини юқори баҳолагани бежиз эмас, албатта.
Айтмоқчимизки, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга нисбатан халқимизда мустақил фикр ва дахлдорлик ҳисси тобора мустаҳкамланмоқда. Шундай шароитда уларнинг ўй-фикрлари ҳамда ташаббуслари билан танишиб бориш, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини ҳис қилган ҳолда инсонпарварлик тамойилларига сўзсиз риоя қилиш барча ҳокимият органлари вакиллари, раҳбар ва мансабдор шахслар фаолиятининг негизи бўлмоғи лозим. Ана шунда халқимизнинг адолатга ҳамда қонун устуворлигига бўлган ишончи янада мустаҳкамланади.
Биз, сенаторлар демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида юртимизда ҳукм сураётган барқарор ривожланишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириб, қонунлар ижроси юзасидан парламент назоратининг таъсирчан механизмларини татбиқ этишимиз, жамиятда ҳуқуқий маданиятни тобора юксалтиришда эскирган усуллардан воз кечиб, халқ ишончига муносиб бўлиш масъулияти билан иш олиб боришимиз зарур.


Батир МАТМУРАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари
қўмитаси раиси.


Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn