Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг сессияси
  • 16 Декабрь 2016

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг сессияси

2016 йил 15 декабрь куни халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятида саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқларда замонавий уйлар барпо этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида, ижтимоий соҳаларда муайян натижаларга эришилаётганини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йирик лойиҳаларни бошлаб берган Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг улкан хизматлари ҳақида алоҳида тўхталди.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиши 106,9 фоизни, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 106,8 фоиз, хизмат кўрсатиш ҳажми 116,3 фоизни ташкил қилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг 6,4 фоизга ўсиши таъминланди.

Вилоятда амалга оширилаётган ишларни қайд этиш билан бирга, галдаги вазифалар, ечимини кутаётган муаммолар хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди.

Қишлоқ хўжалигини босқичма-босқич ислоҳ қилиш, фермер хўжаликлари экин майдонларини оптималлаштириш асосида йириклаштириш, уларнинг молиявий-иқтисодий аҳволини янада яхшилаш лозим. Пировардида қишлоқ аҳолисининг даромади ва турмуш даражасини ошириш, қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, замонавий инфратузилмаларни янада ривожлантириш имконияти кенгаяди. Бу борада Тошкент вилоятида барча имкониятлар мавжуд, деди давлатимиз раҳбари.

Пойтахт вилояти ерининг унумдорлиги, ҳосилдорлиги билан республикамизнинг бошқа ҳудудларидан ажралиб туради. Бу имкониятдан самарали фойдаланиш учун ерни ҳақиқий деҳқонга, фермер бўламан, деб кўзи ёниб турган миришкорларга бериш керак. Деҳқон бой бўлса, давлат бой бўлади, деди Президентимиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 9 сентябрдаги “2016 — 2018 йилларда Тошкент вилояти шаҳарлари ва туманларини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори пойтахт вилоятини ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.

Танқид ва таҳлил руҳида ўтган йиғилишда Президентимиз Тошкент вилояти ёшларини иш билан таъминлаш борасида сусткашликка йўл қўйилаётгани, коллеж ўқувчиларининг давомати назоратсиз қолаётганини қайд этар экан, мутасаддилар бу масалага алоҳида эътибор қаратиши зарурлигини таъкидлади.

Вилоят ҳудудида фойдаланилмай турган бино ва иншоотларни инвестиция киритиш шарти билан “ноль” қийматда сотиш бўйича берилган топшириқларни ўз вақтида бажармагани учун Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Д. Ҳидоятовга ҳайфсан берилди. 

Тошкент вилояти — катта иқтисодий салоҳиятга, улкан имкониятларга эга ҳудуд. Замонавий саноат тармоқларини ривожлантириш, халқаро бозорда рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган янги корхоналар барпо этиш ва мавжуд қувватларни модернизация қилиш бугунги куннинг долзарб масаласидир. Экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини экспорт фаолиятига жалб этишни муттасил ошириб бориш зарур, деди Президентимиз. 

Йиғилишда вилоятни барча соҳаларда янада ривожлантириш, саноат салоҳиятини ошириш, ижтимоий инфратузилмасини модернизация қилиш масалалари таҳлил этилди. Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига мавжуд камчиликларни бартараф этишга доир кўрсатмалар берилди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Бошқа ишга ўтгани муносабати билан Ислом Эргашхўжаев вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи вазифасидан озод этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан Ангрен шина заводи директори лавозимида ишлаб келаётган Шукурулло Бобоев Тошкент вилояти ҳокими этиб сайланди.

Меҳнат фахрийси Уммат Мирзақулов, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти директори Александр Фармонов, Пискент тумани ҳокими Акмалжон Исабоев ва бошқалар Президентимиз нутқида Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишлари ҳар томонлама чуқур таҳлил этилиб, истиқболдаги долзарб вазифалар аниқ белгилаб берилганини, вилоят аҳли билдирилган фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, ислоҳотлар самарасини янада юксалтириш, барча соҳа ва тармоқлар бўйича қабул қилинган дастурларни изчил амалга ошириш учун астойдил меҳнат қилади, деб таъкидлади.

 

А. ЎРОЗОВ, 

ЎзА махсус мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn