Юксак ҳуқуқий маданият — фуқаролар ижтимоий-сиёсий фаоллигининг муҳим омили
  • 15 Декабрь 2016

Юксак ҳуқуқий маданият — фуқаролар ижтимоий-сиёсий фаоллигининг муҳим омили

Бош прокуратура томонидан бошқа дахлдор идоралар ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда “Ҳуқуқий маданият — ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий шартларидан бири” мавзуида халқаро давра суҳбати ўтказилди.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, қабул қилинаётган қонунларни аҳолига ва ижрочиларга етказиш, уларнинг ижро этилиши устидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини жорий қилиш масалаларини муҳокама этиш, ушбу соҳага оид чет эл -тажрибасини ўрганиш, Ўзбекистонда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар билан халқаро ҳамжамиятни таништириш мақсадида ташкил этилган тадбирда парламент аъзолари, 

суд тизими, ҳуқуқ-тартибот органлари, мутасадди вазирлик ва қўмиталар масъул ходимлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда хорижлик экспертлар, соҳа мутахассислари қатнашди.

Таъкидланганидек, юксак ҳуқуқий маданият демократик жамиятнинг асоси ва ҳуқуқий тизим етуклигининг кўрсаткичидир. У жамиятда турли ҳаётий жараёнларни тартибга солишга фаол таъсир кўрсатувчи, фуқаролар, барча ижтимоий гуруҳнинг бирлашишига хизмат қилувчи, жамиятнинг яхлитлигини, ундаги тартибни белгиловчи ва мустаҳкамловчи омил ҳисобланади. Қонунга ҳурмат ҳуқуқий жамиятнинг, сиёсий ва ҳуқуқий тизим самарали фаолият юритишининг асосий шартларидан биридир.

Давра суҳбатида мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва тафаккурини юксалтириш, хусусан, ҳуқуқий таълимни ривожлантириш борасида тизимли чора-тадбирлар йўлга қўйилгани эътироф этилди. Айниқса, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини таъминлаш бўйича ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, жамиятда кечаётган ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси юксалди, қонунга ҳурмат ва итоаткорлик маданияти шаклланди.

Хусусан, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази тадқиқотларига кўра, аҳоли ўртасида “ҳуқуқий демократик давлатда яшаётган инсон муайян ҳуқуқий билимлар ва фаол ҳаётий позицияга эга бўлиши керак”, деган тушунча кучайиб бораётир. Ўрганишларга қараганда, юртимизда ҳуқуқий таълим ва мустақил ўқиб, билим орттиришга бўлган қизиқиш ортмоқда. Юртдошларимиз Конституциямиз, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини билиш зарур, деб ҳисоблайди. Тадқиқотларда фуқароларнинг мутлақ катта қисми қонунларни бузмасликка интилишга бўлган ижобий ҳолат кузатилаётгани қайд этилди. Сўровда қатнашганларнинг мутлақ катта қисми ўзларини қонунга итоаткор, деб билади.

Яқинда мамлакатимизда бўлиб ўтган муҳим сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқимизнинг фаол иштироки ҳам ушбу соҳада амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар амалий натижа бераётганидан далолатдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги ва қонунийликка амалда эришиш, одамларнинг давлат органларига ишончини янада оширишга, адолатли жамият қарор топтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чоралари кўрилмоқда. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бу масалага эътибор қаратиб, қонун устуворлигини таъминлашда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтганлиги алоҳида қайд этилди. Маърузада бундан 

20 йил аввал бу борада қабул қилинган Миллий дастурни янгидан ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этаётгани кўрсатиб ўтилди.

Давра суҳбатида Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурини янги таҳрирда тайёрлаш, юридик таълим ва ҳуқуқий тарбия тизимини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ҳамда жамиятда ҳуқуқий саводхонликни, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида ривожланган демократик давлатлар тажрибасини ўрганиш ва бошқа долзарб масалалар кенг муҳокама қилинди. Хорижлик экспертлар Ўзбекистонда бу масалага давлат сиёсати даражасида эътибор берилаётгани, ушбу мақсадга хизмат қилаётган Миллий дастур мавжудлиги ва у такомиллаштирилаётганини алоҳида эътироф этишди.

Тадбир доирасида иштирокчилар “Адолат” нашриёти ташкил этган китоблар ярмаркаси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ва “Юрида” МЧЖнинг ахборот материаллари экспозицияси, “Китоб олами” маънавий-маърифий савдо маркази китоб фондининг юридик адабиётлари билан танишдилар.

Бундан ташқари, Бош прокуратурада жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ахборот хизматлари ва ҳуқуқий босма нашрларнинг роли, замонавий талаблар ҳамда стандартлардан келиб чиққан ҳолда юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларини муҳокама қилишга бағишланган учрашувлар ўтказилди.

Очиқ мулоқот шаклида ташкиллаштирилган халқаро давра суҳбатида ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга оид миллий ҳамда хорижий тажриба чуқур таҳлил этилди ва шундан келиб чиқиб, демократик ислоҳотларни амалга оширишнинг ҳозирги босқичида соҳада қонунчилик ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш борасида аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn